Айни кунларда болалар ва катталар орасида шамоллаш ёки гриппга чалиниш ҳолатлари кўп учрамоқда. Ҳудудлардаги болалар шифохоналарида турнақатор навбат кузатилаётгани сир эмас. Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий амалий тиббиёт марказининг даволаш ишлари бўйича директори ўринбосари, бош шифокор Абдуманнон Абдуқаюмов бу ҳолатларда керакли тавсиялар билан бўлишди.
Шамоллашдан ҳимоя қилишнинг табиий усуллари
Куз ва баҳор келиши билан болалар орасида шамоллаш ҳолатлари кўпая бошлайди. Бунга сабаб ҳаво ҳарорати кескин ўзгарувчанлигидир.
Болаларни бундан ҳимоя қилишнинг йўли – уларни мавсумга қараб кийинтириш керак. Уларнинг овқатланишига, айниқса нонуштасига жуда эътиборли бўлиш керак. Витаминга бой маҳсулотларни истеъмол қилиш, гигиенага риоя қилиш ва албатта спорт билан мунтазам равишда шуғуллантириб, чиниқтириш лозим.
Шамоллаш мавсумида болада шамоллаш аломатлари кузатилса, уни 3 кунгача жамоат жойларига жўнатмай туриш тавсия этилади. Чунки бошқаларга ҳам юқтириш эҳтимоли катта бўлади.
Болаларни шамоллашдан табиий йўллар билан ҳимоя қилиш мумкин. Уларни очиқ ҳавода сайр қилдириш, чиниқтириш, Д витамини бериш керак. Бизнинг ҳудуд серқуёш ўлка ҳисобланса-да, ҳозир кўпчиликда Д витамини танқислиги кузатиляпти. Шунинг учун бу витаминни мунтазам истеъмол қилиш тавсия этилади. Бу витаминнинг Д иммунитетни оширишда таъсири катта. Шу усуллар орқали иммунитетни ошириш мавсумий касалликлардан ҳимояланишда ёрдам беради.
Шамоллаганда исириқ тутатиш аллергия қўзғатади
Шамоллаган болаларни даволашда ўзбошимчалик билан чора кўриш, аниқ натижаси бўлмаган усулларни қўллаш мумкин эмас.
Кўпинча шамоллаган, гриппга чалинган беморлар бор хонада исириқ тутатиш касаллик кўпайишининг олдини олиш чораси сифатида қўлланади. Лекин бугунги кунда бу усул фойда бермайди. Чунки биз истеъмол қилаётган озиқ-овқат ўзгарган, биз нафас олаётган ҳаво ўзгарган. Экологик омиллар таъсири, дарахтларнинг камайиши, ҳар қадамда учрайдиган қурилишлар сабаб ҳавода чанг миқдори кўпайиши турли аллергик касалликлар кўпайишига сабаб бўлди. Болалар орасида ҳам аллергик хасталиклар жуда кўп учрамоқда. Исириқ тутатиш болаларда аллергияни қўзғатиши сабабли шифокорлар томонидан бу тавсия этилмайди.
Антибиотиклар умуман мумкин эмас
Шамоллаганда кўпинча уй шароитида даволанишга ўрганганмиз. Лекин билиб-билмасдан туриб болага турли антибиотиклар бериш ёки инъекциялар қилиш умуман нотўғри. Баъзи шифокорлар ҳам шундай вазиятда антибиотик қабул қилишни буюришади. Бу даволаш чораси нотўғри. Ҳар бир ота-она ўз фарзанди саломатлиги учун масъул ва касал бўлганда бола қабул қиладиган ҳар қандай дори ёки уколга жиддий қараши керак. Шамоллаш 99 фоиз ҳолатларда вируслар орқали келиб чиқади. Грипп ёки мавсумий вирусли касалликларда антибиотиклар умуман мумкин эмас, тавсия этилмайди.
Касалликка чалинганда нима қилиш керак?
Агар болада шамоллаш аломатлари кузатилса:
- Агар болада тана ҳарорати 38,5 даражадан баланд бўлса, унга ибупрофен бериш керак. Бу дори воситаси нафас йўлларидаги яллиғланиш ҳолатини бартараф этади ҳамда тана ҳароратини пасайтиради. 3 кундан 5 кунгача фақат шу дорини бериш мақсадга мувофиқ. Шу билан биргаликда беморнинг сифатли овқатланишига ва кўп суюқлик истеъмол қилишига эътибор бериш лозим.
- Бемор организмида 3 кунгача иситма чиқиши нормал ҳолат ҳисобланади. 3-5 кун орасида тана ҳарорати 38,5 даража бўлиши организмнинг касаллик билан курашаётганини билдиради. Бу вақтда беморни ҳеч қандай антибиотик ёки бошқа воситалар билан даволаш тавсия этилмайди. Агар бемор саломатлиги шу вақт ичида яхши томонга ўзгармаса, шифокорга мурожаат қилиш керак.
- Беморни алоҳидалаш, хона ҳавосини вақти-вақти билан тозалаб туриш зарур.
“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун (ЎРҚ–722-cон, 14.10.2021 й.) Президент томонидан имзоланди.
Қонун билан Солиқ кодексига бир қатор ўзгартиришлар киритилди.
Хусусан, Кодекснинг 99-моддасига киритилган ўзгартиришга кўра, Давлат солиқ қўмитаси солиқларни, шунингдек айланмадан олинадиган солиқни белгиланган тартибда мол-мулкни гаровга бермаган ҳолда, кафилликсиз ёки банк кафолатисиз бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини тақдим этишга ҳақли эканлиги белгиланди (бундан даромад солиғи, ижтимоий солиқ, тўлов манбаида олинадиган фойда солиғи мустасно).
Шунингдек, 100-моддага киритилган қўшимчага кўра, фаолиятни 3 йилдан ортиқ вақтдан буён амалга ошираётган, солиқларни ўз вақтида тўлаган, аммо молиявий аҳволи солиқ қарзини муддатида тўлаш имкониятига эга бўлмаган манфаатдор шахсларга солиқларни бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилиши мумкин.
Кодекснинг 378-моддасига киритилган ўзгартиришларга кўра, солиқ тўловчининг Ўзбекистон Республикасининг профессионал (касб-ҳунар мактаблари, коллежлар, техникумлар) ва олий таълим ташкилотларида таълим олиш (ўзининг, шунингдек 26 ёшга тўлмаган фарзандларининг ёки эрининг (хотинининг) таълим олиши) учун йўналтириладиган даромадлари солиққа тортилмайди (илгари ушбу имтиёз фақат олий таълим бўйича татбиқ этилган).
Қуйидагилар қисман солиқ солишдан озод этилади:
• уруш ногиронлари ва иштирокчилари, шунингдек, уларга тенглаштирилган ва доираси қонун ҳужжатларида белгиланадиган шахслар;
• болаликдан ногиронлиги бўлган шахслар, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар;
• болалигидан ногиронлиги бўлган шахс, доимий парваришни талаб этадиган фарзанди билан бирга яшаб, уни тарбиялаётган ота ёки она.
• Ушбу солиқ имтиёзлари тегишли ҳужжатлар тақдим этилган тақдирда қўлланилади.
Қатъий белгиланган солиқ ставкаси тўловчиси I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс ҳисобланганида фаолият туридан ва уни амалга ошириш жойидан қатъи назар, ойига қатъий белгиланган миқдордаги солиқнинг 50 фоизини, бироқ БҲМнинг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда тўлайди.
• Уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек доираси қонун ҳужжатлари билан белгиланадиган уларга тенглаштирилган шахслар мулкида бўлган мол-мулк солиқ солишдан озод этилади.
• I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар мулкида бўлган мол-мулк 60 квадрат метр доирасида солиқ солишдан озод қилинади. Мазкур имтиёз пенсия гувоҳномаси ёки тиббий-меҳнат эксперт комиссиясининг маълумотномаси асосида берилади.
• Уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек доираси қонун ҳужжатлари билан белгиланадиган уларга тенглаштирилган шахслар ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ер солиғидан озод этилади. Мазкур имтиёз пенсия гувоҳномаси ёки тиббий-меҳнат эксперт комиссиясининг маълумотномаси асосида берилади.
• Ишлаб чиқарувчи завод томонидан қўл билан бошқаришга мослаштирилган енгил автомобилни ва (ёки) мотоаравачани сотиб олувчи барча гуруҳлардаги ногиронлиги бўлган шахслар автотранспорт воситаларини сотиб олиш ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинчалик олиб кириш учун йиғимни тўлашдан қуйидагилар озод қилинади.
Навоий шаҳар адлия бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимларига устама пуллари тўланиши мониторинг қилинди.
Фармонга кўра, маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ва Бюджет ташкилотларининг моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси ҳисобидан 2020 йил 1 июлдан бошлаб фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг лавозим маошига 30 фоиз қўшимча махсус устама тўлаш белгиланган.
– Аниқланишича, маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимларига ўтган давр мобайнида устама ҳақлари тўлаб берилмаган, – дейди Навоий шаҳар адлия бўлими бош маслаҳатчиси Жамшид Ҳамроев. – Адлия бўлими томонидан Кармана туманлараро фуқаролик ишлар бўйича судига тўланмай қолган 260 миллион сўмнинг ундирилиши бўйича ариза киритилиб, маблағни ундириш юзасидан суд қарори чиқарилди.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғининг биринчи ўринбосари Холмамат Норбоев мавсумий грипп касаллигининг тарқалиш кўрсаткичлари ва асоратлари ҳақида ССВ ахборот хизмати билан суҳбатда маълум қилди.
Қайд этилишича, грипп ўткир ва тез юқувчи касаллик бўлиб, уни келтириб чиқарувчи вирусларнинг А, В, С турлари маълум бўлиб, касалликнинг асосий тарқатувчиси грипп билан оғриган бемор ҳисобланади. 6 ёшгача бўлган болалар ва 65 ёшдан ошган кексалар ҳамда ҳомиладор аёллар учун ушбу касаллик ўта хавфли ҳисобланади.
“Гриппнинг белгилари касаллик яширин даврининг 1-4 кунлари пайдо бўлиб, мавсумий грипп тана ҳароратининг тўсатдан кўтарилиши (38 C – 40 C), йўтал (одатда қуруқ, зарбли, кўкрак соҳасида оғриқ билан кечади), бош, мушак, томоқ ва бўғимларда оғриқ ҳамда ҳолсизлик каби белгилар билан бошланади. Баъзи ҳолларда эса қорин оғриғи ва ич кетиши кузатилади.
Шунингдек, гриппга чалинган беморда юқори тана ҳарорати бир неча кунгача давом этиши ва аксарият ҳолларда иситма тана ҳароратини пасайтирувчи дорилар таъсирида тушмаслиги мумкин”, деди мутахассис.
Касалликнинг болаларда оғир кечишида нафас олишнинг тезлашиши ва оғирлашиши, иштаҳанинг йўқолиши, дегидратация ва эътиборнинг камайиши каби белгилар кузатилади. Кўпгина беморлар тўғри даволанса, 5-6 кун ичида соғайиб кетади. Лекин хавф гуруҳига кирувчиларда грипп асоратлари ривожланиши ёки ўлим ҳолатлари кузатилиши мумкин.
Холмамат Норбоевнинг таъкидлашича, кўпчилик гриппни “беозор” касаллик деб ўйлайди. Аммо грипп келтириб чиқарадиган асоратлар унинг ўзидан-да хавфли ҳисобланади. Агар бемор даволанишга етарли даражада эътибор бермаса, касаллик ўпкада бактериал зотилжам, геморрагик зотилжам, ўпка абсцесси ва ўткир респираторли дистресс синдромига сабаб бўлиши ва бактериал ринитлар, синуситлар, отитлар, трахеобронхитлар, вирусли энцефалит, менингит, неврит, радикулоневрит, жигарнинг зарарланиши, тосико-аллергик шок каби салбий асоратлар қолдириши мумкин.
Айниқса ҳомиладор аёллар учун хавфли бўлган грипп ҳомиланинг чала ёки вақтидан эрта туғилиши, неонатал ўлим ва гўдакнинг кам вазн билан туғилишига олиб келади.
Мутасаддининг сўзларига кўра, жорий йилнинг 9 ойи давомида расмий равишда 1483 та гриппга чалиниш ҳолати рўйхатга олинди. Грипп билан касалланишнинг энг юқори кўрсаткичи 0–2 ёшдаги болалар ўртасида рўйхатга олиниб, интенсив кўрсаткич шу ёшдаги 100 минг нафар бола сонига нисбатан 26,3 тани ташкил этмоқда. Шунингдек, 2021 йилнинг ўтган даври мобайнида мамлакатимизда 323 минг 593 та ҳолатда ўткир респиратор инфекциялар билан касалланиш қайд этилган.
Маълумот учун: грипп ва ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекция) совуқ тушиши билан кўпаядиган асосий юқумли касалликлар бўлиб, бир-бирига ўхшаса ҳам алоҳида турдаги касаллик ҳисобланади.
Грипп – юқумли респиратор касаллик бўлиб, унинг қўзғатувчиси – грипп вирусидир.
ЎРВИ – ўткир респиратор вирусли инфекциялар гуруҳи. Бу гуруҳга респиратор-синцитиал инфекция, риновирус, аденовирус ва юқори нафас йўлларининг бошқа инфекциялари киради. ЎРВИга нисбатан грипп хавфли ҳисобланади. Чунки унинг асоратлари ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин.
Ўзбекистонда қарийб уч миллионта шахсий автомобиль бор, деб маълум қилди Ўзбекистон давлат статистика қўмитаси.
"2021 йил 1 январгача бўлган маълумотга кўра, Ўзбекистонда хусусий шахслар қўлида бўлган автомобиллар сони 2 миллион 955 минг 295 донага етди", - дейилади қўмита эълон қилган матбуот хабарномада.
Таъкидланишича, 2019 йил билан солиштирганда кўрсаткич 14,5 фоизга ортган. Ўшанда жами хусусий автомобиллар сони 2 миллион 580 минг 133 дона эди.
Бу, ўртача ҳар юз хўжаликнинг 50 тасида автомашина бор, деганидир, яъни Ўзбекистонда ҳар 1000 кишига 84 та машина тўғри келмоқда.
Маълумот учун: АҚШда 1000 кишига 910 та машина, Австралияда - 740, Италияда - 625, Японияда - 591, Германияда - 555, Россияда - 369, Қозоғистонда - 250, Украинада - 202, Озарбайжонда - 112 та автомобиль тўғри келади (маълумотлар 2019 йил учун).
Вазирлар Маҳкамасининг “Умумий ўрта таълим муассасаларида соғлом овқатлантиришни ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Ошхонаси мавжуд бўлмаган умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун арзон, сифатли ва соғлом овқатланиш жараёнини ташкил этиш мақсадида, Халқ таълими вазирлиги хулосасига асосан умумий овқатланиш хизмати соҳасида камида икки йиллик тажрибага эга бўлган тадбиркорлик субъектларига энг мақбул таклифларни танлаш орқали мазкур таълим муассасалари ҳудудида ошхона фаолиятини юритиш учун бино ва иншоотлар ҳамда ер майдонидан 5-10 йиллик муддатга ижара тўловисиз фойдаланиш бўйича умумий ўрта таълим муассасалари раҳбарлари билан тўғридан тўғри шартнома тузишга рухсат берилади.
Бунда, тадбиркорлик субъектларига ўқувчилар учун сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомлар тайёрлаш ҳамда уларни арзон нархларда сотиш, озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомларнинг хавфсизлиги ва сифатини кафолатлаш, озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомларни тайёрлашда ҳамда озиқ-овқат хомашёсини сақлашда санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига қатъий риоя этиш мажбуриятлари юкланади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Халқ таълими вазирлиги билан келишилган ҳолда:
• 2021-2025 йилларда умумий ўрта таълим муассасаларида ошхоналарнинг фаолиятини ташкил этиш бўйича умумий ўрта таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари, қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган ҳомийлик хайриялари ҳисобидан ҳудудий манзилли дастурларни икки ой муддатда ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда тасдиқлайди;
• умумий ўрта таълим муассасалари ҳудудида фуқаролар томонидан ноқонуний қурилган ва тегишли ҳужжатларсиз ошхоналар сифатида фаолият олиб бораётган талаб даражасида бўлган биноларни умумий ўрта таълим муассасаси балансига олиш, талаб даражасида бўлмаган биноларни бузиш чораларини кўради.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 06 июлдаги “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6257сонли Фармони ҳамда “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5177-сонли қарорлари ижроси сифатида бугун республикамизда барча соҳалар каби Кадастр агентлиги тизимида ҳам коррупцияни олдини олишга қаратилган кескин чоралар кўрилмоқда.
Кадастр соҳасидаги ислоҳотларга назар ташласак босқичма-босқич коррупцияни соҳадан тўлиқ чиқариб ташлашга бўлаётган ҳаракатни кўриш мумкин.
Жумладан,
1.Кадастр органлари томонидан кўрсатиладиган давлат хизматлари тўлиқ масофалаштирилди. Фуқаролар давлат идорасига келмасдан my.gov.uz орқали ариза бериш имконияти яратилди. Шунингдек, аризаларни давлат хизматлари марказлари орқали қабул қилиш йўлга қўйилди;
2.Давлат хизматларини кўрсатиш муддатлари олдинги даврга нисбатан сезиларли даражада қисқартирилди;
3.Давлат хизматларини кўрсатганлик учун тўлов миқдорлари ҳам арзонлаштирилди;
4.Кадастр агентлиги тизимидаги барча раҳбар ва ходимлар аттестациядан ўтказилди ва ўз лавозимига нолойиқ деб топилган ходимлар билан меҳнат шартномалари бекор қилинди.
Вакант лавозимларга ёш қадрлар танлов асосида ишга олинди.
5.Комплаенс назорат хизмати ташкил этилди ва барча вилоятлар бошқармаларида ушбу лавозимда штат бирликлари жорий этилди. Уларнинг асосий вазифаси коррупцион хавфни аниқлаш, уни олдини олиш ва коррупцияга қарши курашиш этиб белгиланди.
Шу билан бирга, доимий тарзда ходимлар билан учрашувлар ташкил этилиб коррупцияга йўл қўймаслик, бундай ҳолатларга йўл қўйганда қандай қонуний чоралар кўрилиши юзасидан маълумотлар берилиб, хар бир ходим ўз хизмат вазифасига виждонан ёндошган ҳолда фаолият юритиши кераклиги, коррупция холатлари келиб чиқишидан нафақат ўзини балки ён атрофдаги хамкасбларини хам асраши кераклиги, соҳаларнинг ривожида тўсқинлик қилаётган коррупцияни таг-туги билан йўқотишда ҳар бир давлат хизматчиси масъул эканлиги, ноқонуний хатти-харакатлар кузатилганда, зудлик билан тегишли органларга хабар бериш лозимлиги ва коррупция холати фош бўлишида жонбозлик кўрсатганлар алоҳида тақдирланиши алоҳида таъкидланиб келимнмоқда.
Аммо “Қарс икки қўлдан чиқади” деган нақл бор халқимизда. Кадастр агентлиги Коррупция деган жирканч иллатга қарши курашиш йўлида бор имкониятларини ишга солмоқда. Иккинчи томонда халқимиз мана шундай ҳолатларни кўрсалар жим кузатмасликларини, соҳада тамагирлик, коррупция ҳолатларига гувоҳ бўлганларида агентликнинг 1097 қисқа рақамига ёки Комплаенс назорат бўлимига (71-202-55-81) мурожаат қилиши мумкин.
Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси
Навоий вилояти бошқармаси Учқудуқ туман филиали
“Кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш — халқимизга хос эзгу фазилат” ғояси остида Учқудуқ туманидаги 9-сонли мактабда "НУРОНИЙЛАР ЁШЛАР НИГОҲИДА" мавзусида суҳбат ўтказилди.
Учрашувга нафақадаги меҳнат фахрийси, маҳалла фаоли Қойсинкул опа Ермекбаева ташриф буюриб, 11 синф ўқувчиларига ўзининг ҳаёт ва меҳнат йўли ҳақида гапириб берди.
Ибратли умр кечириб келаётган онахонга ўқувчи-ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди. Адабиётга, шеъриятга ошно онахон ўз ижод намуналаридан ўқиб берди.
Учрашув якунида мактаб маъмуриятининг ташаккурномаси, қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.
Ушбу учрашув мактабнинг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси ҚАЙРАТ АХМЕТОВ томонидан ташкил этилди.
Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Президент таълим муассасалари агентлиги ахборот хизмати раҳбари Дилфуза Собирова маълум қилди.
✔️“Мактаб маслаҳатчиси” - “School Counselor” дастури ва уни амалга ошириш механизми ишлаб чиқилиб, 2021-2022-ўқув йилидан Президент мактабларида жорий қилинмоқда.
? Мазкур дастур қуйидаги вазифаларни ўз ичига олади:
? таълим йўналишлари бўйича индивидуал маслаҳатлар бериш;
? дунёнинг энг ривожланган мамлакатларидаги нуфузли олий ўқув юртлари ҳақидаги маълумотлар билан таништириш;
? олийгоҳларга ҳужжат топшириш ва рўйхатдан ўтиш бўйича керакли тавсияларни бериш;
? эҳтиёж юқори бўлган касблар билан таништириш ва уларга йўналтириш.
? Мактаб маслаҳатчисининг вазифалари:
? соҳада муваффақиятга эришган касб эгалари билан маҳорат дарслари, учрашувлар ташкил этиш;
? таълим истеъмолчилари қизиқиш билдирган соҳалари бўйича амалий экскурсия ва танишув турларини амалга ошириш;
? мактаб психологи билан ҳамкорликда ўқувчилар ёши, психофизиологик хусусияти, қобилияти ва иқтидорига кўра ҳаётда ўз йўналишини тўғри танлай олишига кўмаклашиш;
? Президент мактаби ўқувчиларида миллий ва анъанавий қадриятларга бўлган ҳурмат, ифтихорни ривожлантириш мақсадида мактабда IT, кичик тадқиқотчилик, миллий ҳунармандчилик каби йўналишлар бўйича тўгараклар ташкил қилиш ва уларни самарали амалга оширишдан иборат.
✔️Мазкур дастур муваффақиятли ўтгач, ижобий тажриба умумтаълим мактабларига трансляция қилиниши кўзда тутилган.
More...
Куни-кеча Учқудуқ туманида «аёллар дафтари» ва «ёшлар дафтари»га киритилган 18 нафар фуқарога тикув машинаси, газ плитаси ва электр печлар берилди.
Улар сафида Бузаубай овулидан Дилором Ўринбоева ҳам бор. Асли самарқандлик бўлган Дилором Бузаубай овулига келин бўлиб келган.
-Эски ва унчалик ҳам талабга жавоб бермайдиган машинкада қийналиб бўлса-да, кийим тикардим, - дейди Дилором Ўринбоева. – Бугун эса қилаётган меҳнатимни осонлаштириш учун янги тикув машинаси берилди. Мақсадим овулдошларимга бежирим кўйлаклар тикиб бериш ва бунинг орқасидан оилам бюджетига ўз ҳиссамни қўшиш. Бундай имкониятни менга тақдим қилган ҳурматли Президентимизга миннатдорчилигим чексиз.
Шунингдек, пазандачилик билан шуғулланиб келаётган аёлларга ҳам субсидия асосида электр печ ва газ плиталари ҳам совға қилинган.
Бу каби манзилли кўмак аёллар бандлигини таъминлаш учун восита бўлиб хизмат қилади, албатта.
Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.
6-oktabr kuni Uchquduq tuman hokimligi ishchi guruhi tomonidan 30 dan ortiq tadbirkorlik obyektlarining (oziq-ovqat do‘koni, dorixona, qurilish mollari do‘koni, xo‘jalik mollari do‘koni, avtomobil ehtiyot qismlari do‘koni, go‘zallik saloni, telefon ta’mirlash ustaxonasi va h.k.lar) bino yuza qismidagi peshlavhalari va reklama va boshqa e'lon, axborot matnlarining davlat tili to‘g‘risidagi qonun talablariga qanchalik to‘g‘ri kelishi yuzasidan o‘rganish ishlari olib borildi.
O‘rganish jarayonida 20 ga yaqin tadbirkorlarga ogohlantirish xatlari berildi hamda davlat tili borasidagi islohotlar yuzasidan tushuntirish, tashviqot-targ‘ibot ishlari olib borildi. Aniqlangan kamchiliklarni bartaraf etish uchun tadbirkorlarga 3 kun muddat berildi.
Shuningdek, islohotlarni o‘z vaqtida to‘g‘ri tushunib, o‘z savdo shoxobchasidagi tashqi yozuvlarni davlat tili to‘g‘risidagi qonun talablariga mos tarzda davlat tilida lotin yozuviga asoslangan o‘zbek alifbosida shakllantirgan tadbirkorlarga davlat tiliga hurmat namunasini ko‘rsatgani bois minnatdorchilik bildirildi.
Islomova Sojida
Uchquduq tumani hokimining maslahatchisi
Маълумки, жорий йилнинг 4 июнь санасида “Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги қонун имзоланган эди.
Қонунга кўра, икки ёки ундан ортиқ давлат фуқаролигига эга чет эл фуқаролари қайси давлат фуқаролигига мансублиги тўғрисидаги ҳужжатлар бўйича Ўзбекистонга кирган бўлса, Ўзбекистонда ўша давлатнинг фуқаролари ҳисобланади.
Ўзбекистонда доимий яшайдиган чет эл фуқароларига ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларга – улар 16 ёшга тўлганида ёки ота-онасининг, васийларнинг (ҳомийларнинг) ихтиёрига кўра – бола туғилган пайтидан эътиборан ва 16 ёшга тўлгунига қадар идентификацияловчи карта берилади.
Идентификацияловчи карта қуйидаги амал қилиш муддатларига берилади:
· янги туғилган бир ёшгача бўлган болаларга – 2 йилга;
· бир ёшдан 16 ёшгача бўлган шахсларга – 5 йилга;
· 16 ёшдан 60 ёшгача бўлган шахсларга – 5 йилга;
· 60 ёшдан ошган шахсларга – 10 йилга.
· Қонунга кўра, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар:
· Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб эркин ҳаракатланиш ҳуқуқига эга;
· Ўзбекистон ҳудудида Ўзбекистон фуқаролари билан тенг равишда мулк ҳуқуқидан фойдаланади;
· нодавлат нотижорат ташкилотининг муассислари, иштирокчилари (аъзолари) бўлиши мумкин;
· давлат органларига, ташкилотларга ҳамда уларнинг мансабдор шахсларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга;
· давлат хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга;
· солиқ имтиёзларидан фойдаланиши мумкин.
Шунингдек, Ўзбекистон ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон фуқаролари билан тенг равишда пенсия олиш ҳуқуқига эга.
18 ёшгача бўлган чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистонда туриш қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилмайди
Учқудуқ туман адлия бўлими
2021 йил 28 сентябрь куни Мактабгача таълим вазирлиги тасарруфидаги Тошкент педагогика коллежида «Йилнинг энг яхши тарбиячиси» Республика касбий кўрик танлови бўлиб ўтди. Танлов Ўзбекистон Республикасининг «Мактабгача таълим ва тарбия» тўғрисидаги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сон, 2019 йил 7 июндаги 468-сон қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигининг 2021 йил 16 апрелдаги 67-сон буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.
Унда Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин, соҳа мутахассислари ва танлов иштирокчилари қатнашдилар.
Кўрик танловнинг Навоий вилоят босқичида ғолибликни қўлга киритган педагогларимиз «Йилнинг энг яхши тарбиячиси» касбий кўрик танловининг 5 та номинацияси бўйича, 5 нафардан жами 70 нафар педагогларимиз ўз куч ва маҳоратларини синадилар. Улар орасида Учқудуқ туманидаги 5-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Дурдона Ҳамроева ҳам бор.
Танловда Навоий вилояти шарафини ҳимоя қилган 5-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Дурдона Ҳамроева фаол иштироки учун республика мактабгача таълим вазирлигининг фахрий ёрлиғи ва қимматбаҳо совғалари билан мукофотланди.
Шунингдек, вилоят ҳокимининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари билан ҳам тақдирланди.
Д.Ҳамроева “Ўқитувчи ва мураббийлар” куни умумхалқ байрами муносабати билан республика ва вилоятда ташкил этилган байрам тадбирларида ҳам иштирок этиб қайтди.
Маълумот учун, сўнгги тўрт йил ичида тизимда бир қанча ўзгаришлар амалга оширилди. Буни биргина Учқудуқ тумани мисолида айтадиган бўлсак, 2017 йилда 2 та боғча ва овулларда 7 филиал фаолият юритиб, қамров 64 фоизни ташкил этган.
Бугунги кунда мактабгача таълим ташкилотлари сони 32 тага етказилган, уларнинг 15 таси нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ҳисобланади.
Учқудуқ туманида 3-7 ёшли болалар 3721 нафарни ташкил қилади. Уларнинг 3669 нафари ёки бўлмаса давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамров даражаси 4,6 фоизга ўсди. Жорий йил охиригача яна 4 та оилавий уй-боғчаларни фойдаланишга топшириш ҳисобидан қамров 100 фоизга етказилади.
Галдаги муҳим вазифа болажонларга сифатли таълим ва тарбия бериш, бунинг учун эса сифатли кадрлар тайёрлаш ҳисобланади.
Қолаверса, ҳукуматимиз томонидан мактабгача таълим тизимида самарали фаолият олиб бораётган, фарзандларимизни ҳар томонлама етук шахс этиб тарбиялашда улкан ҳисса қўшаётган педагоглар меҳнатини рағбатлантириш йўлга қўйилган. «Йилнинг энг яхши тарбиячиси» касбий кўрик танлови бунинг яққол мисолидир.
Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.