2021 йил 28 сентябрь куни Мактабгача таълим вазирлиги тасарруфидаги Тошкент педагогика коллежида «Йилнинг энг яхши тарбиячиси» Республика касбий кўрик танлови бўлиб ўтди. Танлов Ўзбекистон Республикасининг «Мактабгача таълим ва тарбия» тўғрисидаги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сон, 2019 йил 7 июндаги 468-сон қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигининг 2021 йил 16 апрелдаги 67-сон буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.
Унда Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин, соҳа мутахассислари ва танлов иштирокчилари қатнашдилар.
Кўрик танловнинг Навоий вилоят босқичида ғолибликни қўлга киритган педагогларимиз «Йилнинг энг яхши тарбиячиси» касбий кўрик танловининг 5 та номинацияси бўйича, 5 нафардан жами 70 нафар педагогларимиз ўз куч ва маҳоратларини синадилар. Улар орасида Учқудуқ туманидаги 5-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Дурдона Ҳамроева ҳам бор.
Танловда Навоий вилояти шарафини ҳимоя қилган 5-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Дурдона Ҳамроева фаол иштироки учун республика мактабгача таълим вазирлигининг фахрий ёрлиғи ва қимматбаҳо совғалари билан мукофотланди.
Шунингдек, вилоят ҳокимининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари билан ҳам тақдирланди.
Д.Ҳамроева “Ўқитувчи ва мураббийлар” куни умумхалқ байрами муносабати билан республика ва вилоятда ташкил этилган байрам тадбирларида ҳам иштирок этиб қайтди.
Маълумот учун, сўнгги тўрт йил ичида тизимда бир қанча ўзгаришлар амалга оширилди. Буни биргина Учқудуқ тумани мисолида айтадиган бўлсак, 2017 йилда 2 та боғча ва овулларда 7 филиал фаолият юритиб, қамров 64 фоизни ташкил этган.
Бугунги кунда мактабгача таълим ташкилотлари сони 32 тага етказилган, уларнинг 15 таси нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ҳисобланади.
Учқудуқ туманида 3-7 ёшли болалар 3721 нафарни ташкил қилади. Уларнинг 3669 нафари ёки бўлмаса давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамров даражаси 4,6 фоизга ўсди. Жорий йил охиригача яна 4 та оилавий уй-боғчаларни фойдаланишга топшириш ҳисобидан қамров 100 фоизга етказилади.
Галдаги муҳим вазифа болажонларга сифатли таълим ва тарбия бериш, бунинг учун эса сифатли кадрлар тайёрлаш ҳисобланади.
Қолаверса, ҳукуматимиз томонидан мактабгача таълим тизимида самарали фаолият олиб бораётган, фарзандларимизни ҳар томонлама етук шахс этиб тарбиялашда улкан ҳисса қўшаётган педагоглар меҳнатини рағбатлантириш йўлга қўйилган. «Йилнинг энг яхши тарбиячиси» касбий кўрик танлови бунинг яққол мисолидир.
Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.