LOTIN-КИРИЛЛ
Hokimiyat matbuot xizmati

Hokimiyat matbuot xizmati

31 Jan 2025

    Учқудуқ туманида "Камбағалликдан фаровонлик сари" умуммиллий ҳаракати дастури доирасида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари юзасидан ОЧИҚ МУЛОҚОТ бўлиб ўтди
    Учқудуқ туман ҳокимлиги биносида туман ҳокими Учқун Елмуратов бошчилигида "Камбағалликдан фаровонлик сари" умуммиллий ҳаракати дастури доирасидаги ишлар юзасидан очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Унда ҳоким ўринбосарлари, тегишли корхона ва ташкилот раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, нуронийлар кенг жамоатчилик ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

11
   Очиқ мулоқот давомида 2024 йилда амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, дастур доирасида белгиланган вазифаларнинг ижроси муҳокама қилинди. Жумладан, ишсиз фуқароларни бандликка жалб қилиш, камбағалликдан чиқаришга қаратилган моддий ва бошқа турдаги ёрдам чоралари, шунингдек, мавжуд камчиликларни бартараф этиш масалалари танқидий руҳда кўриб чиқилди.
Маълумотларга кўра, Президент томонидан 2025 йилда 5 миллион 200 минг фуқаронинг бандлигини таъминлаш ва 1,5 миллион аҳолини камбағалликдан чиқариш мақсад қилинган. Учқудуқ туманида ҳам шу йўналишда амалий ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, "Нуроний" жамғармаси томонидан маҳалла ва овулларда нуронийлар танлаб олиниб, уларнинг камбағал оилаларга бириктирилиши йўлга қўйилмоқда.

12
   Очиқ мулоқот давомида "Дўстлик", "Мустақиллик", "Айтим" маҳаллаларида амалга оширилган ишлар, маҳалла еттилиги ва "Кексалар маслаҳати" гуруҳлари томонидан кўрсатилаётган ёрдамлар муҳокама қилинди. Шунингдек, 2025 йилда дастур доирасида янада самарали иш олиб бориш ва ҳудудда камбағаллик ҳамда ишсизликни бартараф этиш бўйича янги таклифлар илгари сурилди.

13
Таъкидлаш жоизки, Учқудуқ туманида жами 96 та камбағал оила аниқланган бўлиб, уларнинг бандлигини таъминлаш, даромад топишларига кўмаклашиш, таълим олиш ва касб-ҳунар эгаллашлари учун тегишли чоралар кўрилмоқда. Жумладан, 2024 йил учун 481 нафар фуқарони иш билан таъминлаш режалаштирилган бўлиб, ҳозиргача 474 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. Бундан ташқари, камбағал оилаларга кафолатланган тиббий хизматдан фойдаланиш имконияти яратилиб, белгиланган 112 нафардан 111 нафари ушбу хизматлардан фойдаланган. Шунингдек, таълим олиш ва касб-ҳунар эгаллаш йўналишида 127 нафар фуқаро билан ижобий тадбирлар амалга оширилган
    Очиқ мулоқот якунида масъул раҳбарларга камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича аниқ топшириқлар берилди, ҳамкорликда иш олиб бориш муҳимлиги таъкидланди.


Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати 

31 Jan 2025

     Аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш чораларини кўриш, фуқароларнинг касбий тайёргарлигини ошириш  масалалари ҳар қачонгидан долзарблик касб этмоқда.

     Бу йўналишдаги ишларни Шимолий кон бошқармаси  мисолида таҳлил қиладиган  бўлсак, ўтган 2024 йилда 150 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар квоталанган иш ўринларига қабул қилинган. Уларнинг  100 нафари корхона ўқув курси комбинатида ўқиш билан амалиётни биргаликда олиб бориб, иккинчи касбга йўналтирилган.

   Шунингдек, Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети, Тошкент давлат техника университети, Тошкент давлат транспорт университетининг 120 нафар битирувчилари бандлиги ҳам  айнан Шимолий кон бошқармасида таъминланди.

Ана шундай ёш мутахассислардан бири  Сардор Носиров. У Учқудуқ туманида туғилиб вояга етган. Ёнидаги бир қўшниси кончи бўлган бўлса, иккинчиси  металлургия соҳасида меҳнат қилиб обрў топганини кўрган. Уларга ҳавас қилган Сардор Станкин номидаги Москва давлат  технологиялар университетида  таҳсил олган.  Олийгоҳни тугаллаб, 2024 йилда ШКБ 3-гидрометаллургия заводига ишга кирган. Мехатроника ва  робототехника  мутахассислигига эга бўлган Сардор учун айтиш жоиз бўлса завод тажриба майдони бўлмоқда.

- Бугун мехатроника ва робототехника орқали  техниканинг янги авлодлари яратилиб,  ишлаб чиқаришга тадбиқ этилмоқда.  Мен ишлайдиган заводда ҳам замон билан ҳамнафасликда  дунёга машҳур компанияларнинг  ана шундай ускуналаридан фойдаланилаётганини кўрдим. Олган билимларимни  фаолиятимда  қўллаб  янгиликлар яратиш ниятим бор. –дейди Сардор Носиров.

   Токарлик  ускунасида келиб чиққан носозликдан огоҳ этувчи  қурилма мавзуси Сардорнинг аълога баҳоланган диплом иши ҳимояси бўлган. Светафор шаклидаги бу қурилма  ходимга ўз иш ўрнининг хавфсизлиги ҳақида огоҳлантириш беради. Дастгоҳдаги яшил чироқ ёнган бўлса соз, агарда сариқ ёки қизил чироқлар ўчиб ёнса хатолик борлигидан дарак  беради. 

   Дарвоқе, Сардор яратаётган учувчисиз учиш апарати ҳозирда маҳалла болаларининг  робототехникага бўлган қизиқишларини оттирмоқда. Келажагинг қандай бўлишини истасанг, бугунги амалинг ва хатти-ҳаракатингга эътиборли бўл, дейди донолар ҳикматида. Албатта, бугун ташлаган қадамингнинг натижаси эртанги кунингда намоён бўлади... Ҳаракат қил, излан, уддала — ҳеч бир кунинг беҳуда ўтмасин! Бугун  Сардор Носиров каби  кўплаб ёшларимизнинг шижоати ана шундай.  Энг асосийси уларга ишонадиганлар борлигида!

Лайло КАРИМОВА,

ШКБ ахборот хизмати.

31 Jan 2025

Идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш отряди – 60 ёшда!

    Ватанни  ҳимоя қилиш – бу фақат қўлга қурол олиб чегараларда ҳушёр туриш эмас балки ватаннинг моддий ва маънавий бойликларини  ҳимоя қилиш ҳам  муқаддас бурч, аслида!

     Ака - ука Собир ва Фурқат  Мусаевлар бугунги кунда Шимолий кон бошқармасига қарашли  Идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш отрядида меҳнат қилишади. Энг қизиғи шундаки, уларнинг икковига ҳам 2020 йил 19 май кунида ишга қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиққан.

     Аслида кўп ҳолларда акага  ҳавас қилган укалар унинг йўлини танлашади. Бироқ, бу сафар муддатли  ҳарбий хизматдан қайтган  Собиржон укаси  Фурқатжоннинг тавсияси билан отрядга ишга кириш учун  ҳужжат топширган.  Мана 15 йилдирки ҳарбийлик ҳаётини биргаликда давом эттирмоқда.

     Ака –ука Мусаевлар меҳнат қилаётган отряд фаолияти Шимолий кон бошқармасида рухсатномали тартибни амалга ошириш, корхоналарда ҳамда “Даугизтау” ва “Кокпатас” саноат майдонларида товар-моддий бойликлар талон-тарож қилинишининг олдини олиш, махсус юкларни кузатиб боришни таъминлаш, табиий офатлар ва фавқулодда ҳолатлар рўй берганда унинг оқибатларини бартараф этишда қатнашишдан иборат.

Ўтган йилда отряд ходимлари томонидан корхона тасарруфидаги бўлимларда йўл қўйилган камчиликлар юзасидан 800 га яқин  тартиббузарлик ҳолатлари аниқланиб, қарийб икки миллиард  сўмлик товар- модий бойликлар талон-тарож қилинишинг олди олинди.

Дарвоқе, 1965 йил 27 январда ташкил этилган Идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш отряди ўзининг қутлуғ 60 ёшини қаршилади. Албатта, корхона нуфузи ва ишлаб чиқаришдаги ютуқлар замирида бу отахон корхона жамоасининг ҳам  арзирли меҳнати бисёр.

Ҳозирда  отрядда 300 яқин  ходим меҳнат қилмоқда. Ишлаб чиқаришнинг кенгайиши, тизимдаги корхона ва ташкилотлар сонининг ортиши, отряд ишчи-ходимлар зиммаcига улкан вазифалар юклайди. Эътиборлиси, жамоада ҳар бир ишчи-ходим касбига садоқат билан хизмат қилиб, гарданига юклатилган вазифани сидқидилдан бажаришга масъулият билан ёндошади. Аслида отрядга қабул қилинаётган ишчиларга  қўйиладиган энг биринчи талаб  ҳам ана шундан иборат.

Яна бир муҳим жиҳат, отряд ходимлари ўртасида турли спорт мусобоқалари ва  кўрик - танловларнинг ўтказилиши эса уларнинг жисмонан  чиниқишига маънан юксалишига хизмат қилади.

Лайло КАРИМОВА,

 ШКБ ахборот хизмати.

31 Jan 2025

   3-сонли гидрометаллургия заводидаги иш жараёни худди табиат ва ақл ўртасидаги ҳеч қачон тўхтамайдиган ҳамкорликдек кўринади. Бу жараёнда энг муҳим босқичлардан бири – майдалаш цехи.

     Дастлаб, йирик майдалаш цехидан ўтган катта - кичик тош аралашган қумлар илмий тилда айтадиган бўлсак маъдан, олтинга айланиш йўлидаги иккинчи қадамни майдалаш цехида амалга оширади. 1995 йилда ишга туширилган цех аввалига 3 та майдалаш тегирмони билан тошларни “янчиш”ни бошлаган бўлса 2007-2010 йилларда тегирмон блоклари сони 6 тага етказилган.

    Ўтган 2024 йилда фойдаланишга берилган 7 ва 8 тегирмон блоклари ҳисобидан яна 56 та иш ўрни яратилган. Бугунги кунда Анвар Қодиров раҳбарлик қилаётган цех жамоаси Шерали Ҳақназаров, Шамсиддин Муҳаммадиев, Наврўзжан Жўрабеков  каби “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишонининг 3 та даражасини қўлга киритган “ковалер” ходимлари билан фахрланади.  Фарход Улашев, Отабек Асадов, Ортиқ Сатторов, Абдулазиз Хушбаков, Аббос Латипов каби умидли ёшларга эса ишонч билдиради.

    Цех жамоаси 1993 йилдан бери чанг, шовқин, намлик ва тебраниш каби зарарли омилларга қарамай меҳнат қилаётган Шинаргул Игибашовани алоҳида ҳурмат қилади.

Илк фаолияти йилларида 1 млн. 272 минг 300 тонна маъданни майдалаган бўлса, бугунги кунга келиб тошлар таркибининг ўзгариши, ишлаб чиқариш ҳажмининг оширилиши шунингдек, цехларда маъдан қабул қилиш имконияти кенгайиши ортидан бу кўрсаткич 8 млн 620 минг тоннани ташкил этмоқда. 2025 йилда цех ишчи-ходимларининг ўз олдига қўйган улкан мақсадларидан бири бу кўрсаткични 10 млн. тоннага етказишдан иборат.

Майдалаш цехидаги жараён 27 минг тонна маъданни бағрига сиғдира оладиган бункердан бошланади. Бункерга қия лента орқали олиб келинган маъданлар 8 дона икки томонлама лента орқали 300 тоннали конвейерга юборилади. Бу ленталарнинг ҳар бири шунчалик мустаҳкамки улар соатига 140-150 тонна рудани тарозига ташиш қувватига эга.

Конвейердан келган маъдан шарлар ёрдамида майдалашга мослаштирилган НМТ70х23 русумли тегирмонларда намлаб майдаланади.  Тош ҳолидан қумга аралашиб ўзига хос лойқа кўринишига келган маъданлар тегирмондан чиқиб классификаторларга йўналтирилади. Классификатор улкан фильтр вазифасини бажаради. Парраклар остида тинимсиз айланиб турган қора қуюқ лойқа эса  сирли “дарё”га ўхшайди. Унинг тубидаги “жавоҳир”ларга  фақат вақт ва меҳнат орқали эришиш мумкин.

Етарлича майдаланган маъданлар флотация цехига йўл олса йирик бўлаклиси яна бир “имтиҳон”дан ўтиш учун қайта майдалашга йўналтирилади. Бу вазифани тегирмонлар қаршисидаги классификаторлар бехато бажариб беради. Ҳар бир тегирмонда соатига 70-80 куб метр сув сарфланади. Цехдаги барча тегирмонлар фойдаланадиган сув ҳажми эса 2000 метр кубни ташкил этади. Тиндирилган тозаланган сув ишлаб чиқариш жараёнида қайта иштирок этади. Эътиборлиси, шу тариқа сувдан унумли фойдаланилади.

Ҳа, майдалаш цехи ишлаб чиқаришнинг муҳим бўғини бўлиб, бу ерда фидойи инсонларнинг заҳматли меҳнатлари туфайли ўлкамиз табиий бойликлари инсоният фаровонлигига хизмат қилаётир.

Феруза ЯНДАШОВА,

махсус мухбиримиз.

30 Jan 2025

     “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида Йўлчилар овулида ўтказилган ижтимоий профилактика тизими доирасидаги ишларда 225 нафар соҳа мутасадди ва ходимлари иштирок этди. Улар таркибида ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, электр энергия, газ, ободонлаштириш хизмати ходимлари шунингдек, тиббиёт ҳамда санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги туман бўлими мутахассислари иштирок этди.
Овулда истиқомат қилувчи аҳолининг 44 нафари ногирон 1 нафари якка-ёлғиз бўлиб, улар тиббиёт ходимлари томонидан яшаш хонадонларида умумий профилактик кўрикдан ўтказилган.
      Ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари томонидан 67 нафар профилактик ҳисобда турувчи фуқаролар билан суҳбатлар олиб борилди. Ажрим ёқасига келиб қолган 2 та оиланинг яшаш шароити, ўзаро келишмовчиликларнинг сабаблари ўрганилди.
Эътиборлиси, овулдаги 5 та кўчадан 5 та машинада маиший чиқиндилар ташиб чиқарилган. Ёнғин хавфсизлиги ходимлари аҳоли хонадонларида бўлиб, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилишга доир “огоҳлантирувчи хат”лар тарқатилган. Электр энергия таъминоти корхонаси ходимлари эса овулдаги мавжуд трансформаторларни кўрикдан ўтказиб, носозликлар бартараф этилди.
      “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили маҳаллалар ободлиги бу ерда яшайдиган аҳоли тинчлиги ва осойишталигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Дарвоқе, ободлик ва хавфсизликка доир олиб бориладиган эзгу ишларнинг кейинги манзили “Дўстлик” маҳалласи бўлади.

УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: