Аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш чораларини кўриш, фуқароларнинг касбий тайёргарлигини ошириш масалалари ҳар қачонгидан долзарблик касб этмоқда.
Бу йўналишдаги ишларни Шимолий кон бошқармаси мисолида таҳлил қиладиган бўлсак, ўтган 2024 йилда 150 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар квоталанган иш ўринларига қабул қилинган. Уларнинг 100 нафари корхона ўқув курси комбинатида ўқиш билан амалиётни биргаликда олиб бориб, иккинчи касбга йўналтирилган.
Шунингдек, Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети, Тошкент давлат техника университети, Тошкент давлат транспорт университетининг 120 нафар битирувчилари бандлиги ҳам айнан Шимолий кон бошқармасида таъминланди.
Ана шундай ёш мутахассислардан бири Сардор Носиров. У Учқудуқ туманида туғилиб вояга етган. Ёнидаги бир қўшниси кончи бўлган бўлса, иккинчиси металлургия соҳасида меҳнат қилиб обрў топганини кўрган. Уларга ҳавас қилган Сардор Станкин номидаги Москва давлат технологиялар университетида таҳсил олган. Олийгоҳни тугаллаб, 2024 йилда ШКБ 3-гидрометаллургия заводига ишга кирган. Мехатроника ва робототехника мутахассислигига эга бўлган Сардор учун айтиш жоиз бўлса завод тажриба майдони бўлмоқда.
- Бугун мехатроника ва робототехника орқали техниканинг янги авлодлари яратилиб, ишлаб чиқаришга тадбиқ этилмоқда. Мен ишлайдиган заводда ҳам замон билан ҳамнафасликда дунёга машҳур компанияларнинг ана шундай ускуналаридан фойдаланилаётганини кўрдим. Олган билимларимни фаолиятимда қўллаб янгиликлар яратиш ниятим бор. –дейди Сардор Носиров.
Токарлик ускунасида келиб чиққан носозликдан огоҳ этувчи қурилма мавзуси Сардорнинг аълога баҳоланган диплом иши ҳимояси бўлган. Светафор шаклидаги бу қурилма ходимга ўз иш ўрнининг хавфсизлиги ҳақида огоҳлантириш беради. Дастгоҳдаги яшил чироқ ёнган бўлса соз, агарда сариқ ёки қизил чироқлар ўчиб ёнса хатолик борлигидан дарак беради.
Дарвоқе, Сардор яратаётган учувчисиз учиш апарати ҳозирда маҳалла болаларининг робототехникага бўлган қизиқишларини оттирмоқда. Келажагинг қандай бўлишини истасанг, бугунги амалинг ва хатти-ҳаракатингга эътиборли бўл, дейди донолар ҳикматида. Албатта, бугун ташлаган қадамингнинг натижаси эртанги кунингда намоён бўлади... Ҳаракат қил, излан, уддала — ҳеч бир кунинг беҳуда ўтмасин! Бугун Сардор Носиров каби кўплаб ёшларимизнинг шижоати ана шундай. Энг асосийси уларга ишонадиганлар борлигида!
Лайло КАРИМОВА,
ШКБ ахборот хизмати.