3-сонли гидрометаллургия заводидаги иш жараёни худди табиат ва ақл ўртасидаги ҳеч қачон тўхтамайдиган ҳамкорликдек кўринади. Бу жараёнда энг муҳим босқичлардан бири – майдалаш цехи.
Дастлаб, йирик майдалаш цехидан ўтган катта - кичик тош аралашган қумлар илмий тилда айтадиган бўлсак маъдан, олтинга айланиш йўлидаги иккинчи қадамни майдалаш цехида амалга оширади. 1995 йилда ишга туширилган цех аввалига 3 та майдалаш тегирмони билан тошларни “янчиш”ни бошлаган бўлса 2007-2010 йилларда тегирмон блоклари сони 6 тага етказилган.
Ўтган 2024 йилда фойдаланишга берилган 7 ва 8 тегирмон блоклари ҳисобидан яна 56 та иш ўрни яратилган. Бугунги кунда Анвар Қодиров раҳбарлик қилаётган цех жамоаси Шерали Ҳақназаров, Шамсиддин Муҳаммадиев, Наврўзжан Жўрабеков каби “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишонининг 3 та даражасини қўлга киритган “ковалер” ходимлари билан фахрланади. Фарход Улашев, Отабек Асадов, Ортиқ Сатторов, Абдулазиз Хушбаков, Аббос Латипов каби умидли ёшларга эса ишонч билдиради.
Цех жамоаси 1993 йилдан бери чанг, шовқин, намлик ва тебраниш каби зарарли омилларга қарамай меҳнат қилаётган Шинаргул Игибашовани алоҳида ҳурмат қилади.
Илк фаолияти йилларида 1 млн. 272 минг 300 тонна маъданни майдалаган бўлса, бугунги кунга келиб тошлар таркибининг ўзгариши, ишлаб чиқариш ҳажмининг оширилиши шунингдек, цехларда маъдан қабул қилиш имконияти кенгайиши ортидан бу кўрсаткич 8 млн 620 минг тоннани ташкил этмоқда. 2025 йилда цех ишчи-ходимларининг ўз олдига қўйган улкан мақсадларидан бири бу кўрсаткични 10 млн. тоннага етказишдан иборат.
Майдалаш цехидаги жараён 27 минг тонна маъданни бағрига сиғдира оладиган бункердан бошланади. Бункерга қия лента орқали олиб келинган маъданлар 8 дона икки томонлама лента орқали 300 тоннали конвейерга юборилади. Бу ленталарнинг ҳар бири шунчалик мустаҳкамки улар соатига 140-150 тонна рудани тарозига ташиш қувватига эга.
Конвейердан келган маъдан шарлар ёрдамида майдалашга мослаштирилган НМТ70х23 русумли тегирмонларда намлаб майдаланади. Тош ҳолидан қумга аралашиб ўзига хос лойқа кўринишига келган маъданлар тегирмондан чиқиб классификаторларга йўналтирилади. Классификатор улкан фильтр вазифасини бажаради. Парраклар остида тинимсиз айланиб турган қора қуюқ лойқа эса сирли “дарё”га ўхшайди. Унинг тубидаги “жавоҳир”ларга фақат вақт ва меҳнат орқали эришиш мумкин.
Етарлича майдаланган маъданлар флотация цехига йўл олса йирик бўлаклиси яна бир “имтиҳон”дан ўтиш учун қайта майдалашга йўналтирилади. Бу вазифани тегирмонлар қаршисидаги классификаторлар бехато бажариб беради. Ҳар бир тегирмонда соатига 70-80 куб метр сув сарфланади. Цехдаги барча тегирмонлар фойдаланадиган сув ҳажми эса 2000 метр кубни ташкил этади. Тиндирилган тозаланган сув ишлаб чиқариш жараёнида қайта иштирок этади. Эътиборлиси, шу тариқа сувдан унумли фойдаланилади.
Ҳа, майдалаш цехи ишлаб чиқаришнинг муҳим бўғини бўлиб, бу ерда фидойи инсонларнинг заҳматли меҳнатлари туфайли ўлкамиз табиий бойликлари инсоният фаровонлигига хизмат қилаётир.
Феруза ЯНДАШОВА,
махсус мухбиримиз.