LOTIN-КИРИЛЛ

ТУМАН ТАРИХИ КЎЗГУСИ: “UCHQUDUQ” ГАЗЕТАСИ 35 ЁШДА

    Маънавият – миллатни бирлаштирувчи энг муҳим қадрият. Бу маънавий бойликни авлодлардан авлодларга етказишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни беқиёс. Айниқса, маҳаллий нашрлар ҳудуднинг тарихи, маданияти ва бугунги ҳаётини акс эттирган ҳолда, ўзига хос маънавий кўзгу вазифасини бажариб келмоқдаки, буни бугун ўзининг ўттиз беш йиллигини нишонлаётган "Учқудуқ" газетаси мисолида ҳам кўриш мумкин.
Газета ўз фаолиятини 1989 йил декабрь ойида "Достық - Дружба" номи билан бошлаган. Дастлаб, қозоқ ва рус тилларида чоп этилган газета 1999 йилдан бошлаб ўзбек, қозоқ ва рус тилларида нашр юзини кўрди. Газетанинг биринчи муҳаррири Молдабек Сейтназаровдир. Турли йилларда Баянбек Ақниязов, Роза Алдашева, Озода Эргашева, Ширин Каримбаева, Райҳон Қодирова, Молдир Буркитбаева ва Феруза Яндашовалар газетага муҳаррирлик қилишди.
2004 йилдан "Учқудуқ" номи билан чоп этилаётган газета қатор йиллар иқтисодий қийинчиликларни ҳам кечирди. Аввалига икки ойда бир ёки икки марта нашр этилган газетанинг бугун даврийлиги ошган. Ҳар ўн кунда мунтазам 6000 нусхадан чоп этилмоқда, айниқса нашрнинг таҳририят ҳисобидан ўз вақтида обуначилар қўлига етказилиши таҳсинга сазовор, албатта.
Электрон нашри эса www.uchquduq-gazeta.uz сайти орқали муштарийларга ҳавола этилмоқда.
Айниқса, сўнгги йилларда "Учқудуқ" газетаси таҳририяти ижодий ходимлари бир қанча ютуқларни қўлга киритди. Жумладан, "Йилнинг энг фаол журналисти", “Мустаҳкам оила – жамият таянчи” ҳамда “ОАВ эълон қилинган энг яхши материал” республика танловларида фахрли ўринларни қўлга киритган. Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат Фонди грант лойиҳаси доирасида икки марта совриндор бўлди.
    Шунингдек, таҳририят ижодий ходимлари томонидан нашрга тайёрланган "Учқудуқ Қизилқум жавоҳири" китоб-альбоми, "Учқудуқ саҳродаги бўстон" альманахини биринчи ва иккинчи жилди ҳудуд тарихи ва меҳнаткаш инсонларининг ижодий ютуқларини замондошлар ва келажак авлодларга етказишда муҳим аҳамият касб этади, албатта.
   “Учқудуқ тумани: кеча ва бугун” китоб-альбоми эса туман ташкил этилганлигининг 40 йиллиги муносабати билан чоп этилган. Китобда ҳудуд тарихи, жой номларининг келиб чиқиши, ҳудуддаги муқаддас қадамжолар, Қизилқум кенгликларида яширинган сиру-синоат, айни дамдаги ижтимоий-иқтисодий ҳаёт ва амалга оширилаётган жадал ислоҳатлар хусусида сўз боради.
Мазкур китоб-альбом биринчи расмий манба сифатида таҳририят ижодий ходимлари томонидан нашрга тайёрланиб, 1500 нусхада ўзбек ва инглиз тилларида чоп этилгани аҳамиятлидир.
    Ҳақиқатдан ҳам “Учқудуқ” газетаси ҳудуднинг тарихи, бугунги ҳаёти ва истиқболи ҳақида ҳикоя қилувчи ўзига хос кўзгу бўлиб, нафақат ахборот тарқатиш, балки маънавий-тарбиявий вазифани ҳам, ҳудудда яшаб меҳнат қилаётган эл ифтихорларини кенг оммага таништиришда ҳам ўз ўрни ўз нуфузига эга нашр.
Мухтасар айтганда оппоқ қоғоз юзига қалам учидан тўкилаётган мисраларда ҳар бир ижодкорнинг қалб қўри, сиз муштарийларга бўлган меҳри, ҳикоя қилаётган қаҳрамонларига бўлган эътибори мужассам!
   Бугун таҳририятда меҳнат қилаётган ижодий жамоага кичкина қаламнинг оғир юкини кўтариб, масъулиятли вазифада ишлаётган ҳамкасбларга мустаҳкам соғлик, оилаларига тинчлик-хотиржамлик тилаймиз!

 

O'qilgan: 40 bora

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: