LOTIN-КИРИЛЛ

ЙИЛ САРҲИСОБИ - ИСТИҚБОЛЛИ РЕЖАЛАРГА ҚАНОТ

НАИМ АМОНОВ,

Шимолий кон бошқармаси директори.

Кўп миллатли ва аҳил жамоа билан яна бир шукуҳли кунлар арафасида турибмиз. Янги – 2025 йилга улкан режа ва мақсадлар, илм ва шижоат билан қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Якунланаётган йилда Шимолий кон бошқармасининг матонатли ва ишчан ходимлари билан елкама-елка, синовларни ғолибона енгиб, эришилган зафарлардан кўнглимизда хурсандчилик ҳукмрон.

Бош директоримиз томонидан жамоамизга катта ишонч билан берилган кўрсаткичларни муддатидан олдин бажаришга эришдик – Ватан олдидаги бурчимизнинг ижросидан юзимиз ёруғ! Бу ёрқинлик бизни қувонтириш билан бирга, фаолиятимизни янада теранроқ сарҳисоб қилиб, масъулият ва жавобгарлик ҳисси билан яшамоқ ва меҳнат қилмоққа ҳамда янги-янги режалар сари музаффар илдамламоққа ундайди.

Бу борада, бизга Президентимизнинг кенг қамровли яратувчанлик ислоҳоти илҳом, комбинат раҳбариятининг ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлови қанот бўлаётганини таъкидлаш зарур. Зеро, кузатаётган йилдаги ғалабалар ва улкан довонни ўтишдаги ғайрат замирида ҳам комбинат раҳбариятининг юксак ишончи ва ғамхўрлиги бор, албатта!.

2024 йил Шимолий кон бошқармаси учун ғоят аҳамиятли, баракали ва синовли йил бўлди, десам муболаға бўлмас. Саноатга тадбиқ этилган замонавий технологиялар, самарали Инвестицион лойиҳалар ва соҳа мутахассисларининг стратегик ишланмалари амалиётда ўзини оқлади. Залворли меҳнатлар натижадорлигини кўрсатди.

Бу борада сўз кетганда,  аввало  ҳурматли  Президентимизнинг ҳаётбахш сиёсатидан куч олиб, инсон қадри тамойили асосида ишлар олиб борилаётганлигини айтиш жоиз.  Зеро, ишчи-ходимлар меҳнати учун зарур шарт-шароит ва муҳитни яратмай, тобора шиддат билан шошаётган давр ва кучли рақобат бозори руҳига мос ҳаракатланмай – техник ва технологик қудратни замонасоз ҳолатга шайламай туриб, натижа ёхуд самара кутиш мутлақо хато бўларди! Шунинг учун ҳам мақсад қилинган улкан режаларнинг муқаддимасини ишчи-ходимлар учун қулай меҳнат шароитларини яратишдан бошланган.

БУНЁДКОРЛИК ЙЎЛИДАН ОҒИШМАЙ

Бу хайрли ишлар Бош директор томонидан тасдиқланган “Манзилли қурилишлар дастури”га мувофиқ бажарилди. Ушбу дастурга асосан, 2024-йилда кон бошқармасидаги  қурилиш-таъмирлаш ишлари учун 1 572 803.9 млрд. сўм маблағ сарфланди.

Бунёдкорлик жараёнлари янги ишлаб чиқариш қувватларини фойдаланишга тадбиқ этиш ҳаракатлари билан параллел тарзда олиб борилди. Олтмиш беш йил олдин қурилган эски бинода жойлашган марказий физика-кимёвий лабораторияси ҳамда тармоқлар ва подстанциялар цехи 2024 йилда замонавий ускуналарга эга муҳташам объектга кўчиб ўтди. Кузатаётган йилимиз гидрометаллургия жараёнларида қўлланиладиган микроорганизмларнинг экологик шароитларга (pH) ҳарорат оксидланиш-қайтарилиш салоҳияти мослашувчанлигини таҳлил қилувчи, комбинат тарихидаги биринчи биолаборатория ишга туширилди.

3-сонли гидрометаллургия заводи учун самарали ўсиш даври бўлган  Бош директор ташаббуси билан ишга туширилган тегирмонлар сони жорий йилнинг июл ойида яна биттага кўпайди. Ушбу 7-тегирмон заводда йилига яна бир миллион тонна олтин таркибли маъданни қайта ишлаш қувватини берувчи қудратли технология экани билан аҳамиятлидир. ““Кокпатас ва Даугизтау олтин конларида маъдан қазиб олиш. III-навбат” инвестиция лойиҳаси бўйича заводдаги флотация цехи учун қўшимча флотомашиналар қурилди ва  фойдаланишга топширилди.

7-тегирмон блогининг ишга туширилиши доирасида флотация, биооксидлаш, фильтрлаш, қуритиш ва куйдириш цехларининг кенгайтирилиши назарда тутилган бўлиб,  айни вақтда биооксидлаш цехининг 9, 10-модулларини қуриш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. “Даугизтау” конида “Даугизтау кони II навбат ДУТ мажмуасининг қурилиши” ишчи лойиҳасининг қурилиш-монтаж ишлари йил якунига қадар тугатилиши кўзда тутилилган.

Бундан ташқари, заводдаги мавжуд маиший хизмат кўрсатувчи бинолар қаторида яна бир 900 ўринли иншоотнинг ишга туширилиши режалаштирилган бўлиб, ҳозирда бу ерда реконструкция ишлари давом эттирилмоқда. Шу билан бирга, назорат-ўлчов асбоблари ва автоматика воситалари марказий лабораториясида замонавий ўқув-синф хоналари ташкил этиш учун олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари ҳам авж палласида.

Улуғвор режаларимизнинг яна бир ижроси мустақилликнинг шонли ўттиз уч йиллик шодиёнаси арафасидаги байрам тантаналарига уйғунлашиб кетди. “Шарқий” конида 250 ўринли барча қулайликларга эга замонавий ошхона ва “Даугизтау”  конида бир неча тармоқлар фаолиятини ўзида жамлаган маъмурий комплекс биноси барпо этилди ва фойдаланишга топширилди.

Кон ишларини тезкор бошқариш мақсадида “Шарқий” ва “Даугизтау” конларидаги диспетчерлик хоналарида замон талабига мос равишда ўрнатилган замонавий компютерлар ва интерактив дисплейлар ишлаб чиқаришга тадбиқ этилган. Ушбу ишлар баробарида қисқа фурсатларда “Ажибугут” кони ишга туширилишига ҳам эришилди.

Бироз муддат аввалги саҳро қиёфаси ўзгариб, чўлнинг ўртасида барча қулайликларга эга саноат инфратузилмаси яратилди. Ходимларнинг яшаш  ва ишлашлари  учун зарур бўлган шароитлар муҳайё қилинди.

 Бундан ташқари, ноқулай меҳнат шароитларида ишлаётган ходимлар филтрланган тоза ичимлик суви билан таъминланди. Бўлинмалардаги топшириқ бериш, овқатланиш хоналарига ҳамда кон механизмлари ва автоағдаргичларга кондиционерлар ўрнатилди.

ЗАМОНАВИЙ КОРХОНАНИНГ ЗАМОНАВИЙ ТЕХНИКАЛАРИ

Сир эмаски, бозор иқтисодиёти улкан рақобат атмосфераси ва дунё саноати тажрибаси келажакни мустаҳкам қуришни ўйлаган ҳар бир раҳбар ва мутахассисдан замон билан ҳамнафасликда, шиддат билан юксалиш йўлидан боришликни тақозо этади. Ана шуларни инобатга олган ҳолда  тажрибали мутахассислар, илм-салоҳияти юқори илғор ёшлар ва замонавий техникаларнинг қудратига таяниб, саноат майдонларидаги ишлар тизимли ташкил этилмоқда. Ўсиш кўрсаткичларини янгилаш учун азму шижоат ва пешқадам технологиялар билан захира  тўпланган.

2024 йил давомида транспорт паркига 12 дона катта ҳажмдаги Komatsu HD-785-7R русумли кон автоағдаргичлари, 2 дона Liebherr PR-776 русумли булдозер, 3 дона ZL-50 олд юклагич, 2 дона CPCD-25, 2 дона CPCD-20, 1 дона Manitou русумли юклагичлар ва 1 дона WZ 30-25 русумли эксаковатор-юклагич келтирилган. 2024 йил I - чорагида ташилган тоғ массасининг кунлик ҳажми 193,0 минг.м3, II - чоракда 196,8 минг.м3,  III - чоракда 205,5 минг.м3, октябрь ойида эса 214,4 минг.м3ни ташкил этди.

Ушбу рақамларни 2023 йилдаги кунлик ташилган тоғ массасининг ҳажми билан таққосласак, шу йил октябрдаги кунлик ташилган тоғ массасининг ҳажми 17,0%га ошганини кўриш мумкин.

Жорий йилда тоғ жинсини қазиб олиш ҳажми кон ишларини ривожлантириш режасига нисбатан 108,7% бажарилди ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 108,5% ўсиш суръати таъминланди.

Сулфидли маъдан қазиб олиш ҳажми режага нисбатан 110,4% бажарилди, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 110,3% ўсиш суръати таъминланди.

Сулфид маъданларини 3-сонли гидрометаллургия заводига юклаш ишлари режага нисбатан 106,0% бажарилди ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 106,5% ўсиш суръати таъминланди.

МАҲАЛЛИЙЛАШТИРИШ – БУГУННИНГ ГАПИ

Қимматбаҳо эҳтиёт қисмларни қайта таъмирлаш корхонанинг иқтисодий самарадорлигига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатмай қолмайди. Шу жиҳатдан ҳам  янги эҳтиёт қисмларни сотиб олишга бўлган эҳтиёжни комбинатга қарашли ёрдамчи ташкилотлар ва маҳаллий корхоналар тайёрлаган маҳсулотлар – маҳаллийлаштириш чиғириғидан ўтган, ўзимизнинг шароитга чидамли жиҳозлар билан тўлдиришга эътибор қаратилмоқда. Ҳамкорлик доирасида жорий йилда ТАД-9 УХЛ-2 русумли тортиш электродвигателларини Шимолий кон бошқармаси ва Навоий машинасозлик заводи ҳамда “Navoiyelektroremont” МЧЖ ва “Elmash” МЧЖлар шароитларида қайта таъмирланди.  Пировардида  19880,0 млн. сўм маблағ  иқтисод қилишга эришилди.

Аҳамиятлиси, ГСТ-700-8-УХЛ2 русумли синхрон тортиш генераторлари ўзимизда – электр жиҳозларини таъмирлаш участкасида қайта таъмирланди. Натижада иқтисодий самарадорликка эришилиб,  8060,0 млн. сўм пул иқтисод қилинди.

Кон бошқармасида маҳаллийлаштириш дастури доирасидаги ишларни таҳлил қиладиган бўлсак, 2023 йилда 6.8 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 9.9 млрд сўмни ташкил этди. 2025 йилда яна 16 та лойиҳа асосида 1284 дона, 22.2 млрд сўмлик  маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган. Умуман  даврнинг ўзи биздан аждодларимизнинг ҳаёт сабоғида синалган  “Тежоғлик иш – бежоғлик иш” ҳикмати асосида яшаш ва ишлашни талаб этмоқда.

Кузатаётган йилда ҳам кон бошқармасининг ҳар бир тармоғи хусусан, ёқилғи-мойлаш материаллари ва эҳтиёт қисмларни тежаш ҳисобидан таннархни камайтириш эвазига 120,7 млрд сўм маблағ  иқтисод  қилинди.

Мобил мой тарқатиш контейнери харид килиниши эса автоағдаргичларнинг мой алмаштириш жараёнини тезлаштирди. Бу  вақтни тежашга ҳамда 1200 млн. сўм иқтисодий самарадорликка эришиш имконини берди.

ЯШИЛ ИҚТИСОДИЁТ, ЯШИЛ МАКОН –  ДОЛЗАРБ  ВАЗИФА

Энерготежамкорлик борасида  йил давомида “Ишлаб чиқариш ва ижтимоий соҳа объектларида қайта тикланувчи энергия манбааларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари”га мувофиқ, кон бошқармаси бўлинмаларида жами 728 дона вакуумли, 10 дона маиший “гелио коллектор” қуёш нуридан қайта тикланувчи электр манбалари қуриб ишга туширилди. Жорий йил май-октябр ойларида умумий ҳисобда 86 819 м3 табиий газни яъни, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг таннархига нисбатан 156 274 200 сўм маблағ  тежашга эришилди.

Бундан ташқари,  янги йилнинг номланишидан келиб чиқиб, қолаверса атроф-муҳитни муҳофаза қилишга асосий эътиборни қаратган ҳолда  3-сонли гидрометаллургия заводининг куйдириш, қуритиш ва филтрлаш цехида мониторинг станцияси ўрнатилди. Автоматик мониторинг станциясининг асосий вазифаси  атмосферага чиқарилаётган ифлослантирувчи ташламаларни таҳлил қилишдан иборатдир.

“Яшил макон” умуммиллий дастури доирасида “Шарқий”, “Даугизтау” конлари, Автомобил транспорти бошқармаси, Марказий физика-кимёвий лабораторияси, Тармоқлар ва подстанциялар цехи ҳудудларида ва бўлинмаларда қарийб, 5 гектардан ортиқ ер ўзлаштирилиб, яшил белбоғлар барпо этилган. Ҳашар йўли билан мураккаб чўл табиатига мос 35 000 дона дарахт кўчатлари  ўтқазилди.

ЁШЛАР – ҲАР СОҲАДА ПЕШҚАДАМ

 Яна бир муҳим мавзу,  малакали устоз-ходимларнинг келажак учун муносиб давомчилар тайёрлаётганлигига тўхталмасам бўлмас. Албатта, ШКБнинг қудрати ёш мутахассисларнинг  тафаккури ва билагидадир! Улар ҳар соҳада – илм, инновация, технология, спорт ва санъатда илғор, пешқадам, ташкилий масалаларда ишчан ва меҳнаткаш.

Бугун 2544 нафар ёшлар меҳнат қилаётган корхонада шуури уйғоқ ёшларнинг  борлиги бизнинг энг катта ютуғимиз. Уларнинг  жиҳозлар конструкциясини ўзгартириш ёки ишлаб чиқариш технологияси учун техник ечим, меҳнат унумдорлигини оширишга қаратилган хом - ашё, ёқилғи-энергетика ва бошқа ресурсларни тежашга доир  рационализаторлик таклифлари қабул қилинган. Ишлаб чиқаришга тадбиқ этилган мазкур таклифлар корхонага иқтисодий самара олиб келаётганлиги боис  ғоя муаллифлари молиявий рағбатлантирилди.

Ҳа, корхона ёшларининг истиқболи учун ғамхўрлик қилиш режа-мақсадларнинг асосини ташкил этади. Шу маънода, 84 нафар ёшлар республика малака ошириш олий таълим муассасаларида, 11 нафари Комбинат ўқув марказида малакасини оширди ёки қайта тайёрлов курсларида ўқиди. 570 нафар ўрта-махсус маълумотли ёшлар олийгоҳларда  сиртдан таҳсил олмоқда. 35 нафар ёш истиқболли ходимларнинг олий таълимдаги ўқиши учун молиявий маблағ ажратилган. 2 нафарига  тавсиянома берилган.

Корхона ёшлари учун ишлаб чиқариш экскурсиялари, Республикамизнинг тарихий ва диққатга сазовор манзилларига саёҳатлар ташкиллаштирилган. Интеллектуал ўйинлар,  спорт ва маданий тадбирлар мунтазам ташкил этилаётир. Яна бир эътибор бериладиган жиҳат, ёшлар  зиёратгоҳлар, муқаддас қадамжолар, “Яшил макон” умуммиллий дастури доирасида уюштириладиган ҳашарларда ҳам фаол иштирок этмоқдалар.

ИНСОНГА ЭЪТИБОР – БОШ ВАЗИФА

Юртбошимизнинг 2024 йил 23 сентябрдаги “Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида”ги 143-сон Фармонига мувофиқ,  аҳоли турмуш фаровонлигини яхшилаш мақсадида, 2024 йилда камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш туман бўлими томонидан йўналтирилган қабул квоталари орқали 120 нафар ижтимоий ҳимояга мухтож фуқаролар ишга қабул қилинган. Аксарияти амалиёти билан ўқув  курси комбинатида ўқитилиб,  иккинчи касбга йўналтирилган.

Бундан ташқари, Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети, Тошкент давлат техника университети, Тошкент давлат транспорт университетининг 120 нафар битирувчиларининг ҳам бандлиги таъминланган.

Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуни ҳамда, “НКМК” АЖнинг соҳавий буйруқлари талаблари асосида жисмоний ва юридик шахсларнинг ариза ва шикоятларида ўз аксини топган масалаларни ҳал этиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Ҳар чоракда бир марта ўтказилаётган фуқаролар қабули фикримизнинг ёрқин далилидир. Хусусан, жисмоний ва юридик шахслардан жами 688 та мурожаат  келиб тушган  ва  ҳал этилган.

РАҒБАТ – МЕҲНАТГА УНДАЙДИ

Касаба уюшма қўмиталари кучли ижтимоий ҳимоя борасида  инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда етакчи бўлган халқчил ташкилотдир. Бу йўналишда 1-сонли Бирлашган касаба уюшма қўмитаси ходимларнинг касбий, меҳнатга оид, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда ишончли ҳамкор.

Шунингдек, меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиниши, меҳнат шароитларини яхшилаш, эҳтиёжманд ва ёрдамга муҳтожларни қўллаб-қувватлашда фаол иштирок этмоқда. Спорт ва маданият, ижтимоий-маърифий жараёнларда, ёшлар иштирокидаги тадбирлар уларнинг иштирокисиз ўтмайди.

Ишчи-хизматчиларни соғломлаштириш учун  турли сиҳатгоҳ ва дам олиш масканларига йўлланмалар берилиб, “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” лойиҳасида туристик саёҳатлар ташкил этилган. Бу каби мазмунли ҳордиқ ва эътибор уларни шижоат билан меҳнат қилишга, янги-янги мақсадлар сари улкан режалар тузишга рағбат бериши шубҳасиз!.

ХУЛОСА ЎРНИДА...

Кузатаётган йилимизни таҳлил этиб, ҳазрат Навоийнинг “Эмас осон бу майдон ичра турмоқ”, сатрларини эслайман. Бу йўлда, йиллар давомида ишлаб чиқариш синовларида саботи пишган жонкуяр, юрт эртаси учун суяги симиллайдиган мутахассислар, саноат чиғириқларида тажриба йиққан муҳандис-техник ходимлар, мураккаб чўл табиатида иродаси букилмаган қаҳрамон ишчилар шараф билан меҳнат қилаётир.

Янги – 2025 йилга ҳам олдимизга катта мақсадлар қўйганмиз, кўзланган марранинг кўлами кенг, залвори улуғвор! Эришилажак довонга қарасак, бошдан дўппи тушгудек  бироқ, Ватан кутаётган жасорат,  раҳбарият билдирган ишонч, жамоани  бу йўлда олға боришга, “НКМК” АЖ Бошқаруви раиси – Бош директори Қувондиқ Санақулов таъкидлаганидек, илмий, асосланган ҳолда меҳнат қилишга, ҳар бир ишга қатъият ва масъуллик ҳисси, яратувчанлик ғоялари билан ёндошишга ундайди.

Бир сўз билан айтганда, атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт” йилида катта ва аҳил  жамоа билан биргаликда олдимизга қўйилган юксак вазифаларни бажаришга шаймиз! Юрт ишига идрокимиз, қудратимиз ва тажрибамизни сафарбар қилганмиз!.  

O'qilgan: 111 bora

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: