Мана, Янги йилни у умрида илк марта пойтахтда нишонлайдиган бўлди. Дарвоқе, ўзи туғилган шаҳарчадаги банкларнинг бирида анча йил ишлаб, хизматни ҳам ўринлатгани боис, унга миннатдорлик тариқасида байрам кунларида пойтахтга 3 кунлик саёҳат йўлланмаси берилди. Шу боис у бу ерга келиб, банд қилинган тўрт юлдузли меҳмонхонага жойлашди-ки, кўҳна лекин байрам муносабати билан ўзгача тароват касб этган шаҳарнинг ҳар турли жозиб пучмоқлари-ю хилват гўшаларидан ҳам кўриниб турарди.
- Кошки, бу гал Янги йил кечаси тамоман ўзгача бўлса, янада файзли, янада фусункор бўлса... дея хитоб қилди у бир пайт тун оғушидаги улкан шаҳарга завқланиб боқаркан. Шу йўсин Хадича энтикиб қўйди-да, байрам кунига кўчага айланишга кияман, дея ўзи билан олиб келган кийимларини бир-бир кўздан кечирди.
Эртасига эса ўзининг «қатъий ҳаракат режа»сига асосан эрталабдан ота-онасига яқинларига қўнғироқ қилиб, байрам билан барчани қутлади. Ҳозирча шаҳардан олган таассуротларию, ўзидан анча ёш лекин шаддодгина Нилуфар ҳақида онасига сўзлаб берди.
Дарвоқе, Нилуфар олийгоҳни тугаллаб, банкда иш бошлаганига кўп бўлмади. Тиришқоқ, киришимли, ахборот технологияларини пухта ўзлаштирган боз устига камида уч тилда равон сўзлайдиган бу қиз жамоадошлар билан тезда қадрдонлашиб кетди. Гарчи Хадича ўз ишининг устаси, соҳага доир янгиликларни тезда илғаб, ишини пишиқ-пухта бажарса-да, ҳамкасбининг тамоман акси бўлиб, у билан иш юзасидангина муомала қилар эди.
Саёҳат учун йўлланмани банк бўйича фақат иккаласига берилаётганини эшитган Хадичанинг энсаси қотди, бирмунча хафа бўлгандай бўлди. Яна бунга эътибор бермасликка ҳаракат қилди: “Нари борса курсдошим Ҳамрохонни топиб оламан, шаҳарни бирга айланамиз, бирор жойда тамадди ҳам қилармиз” деб кўнглидан ўтказиб қўйди.
Деразадан ташқарини кузатар экан, паға-паға бўлиб ёғаётган қор, борлиқни чулғаган оқлик қачонлардир сўнган эсада, ҳали-ҳануз унут бўлмаган севгисининг хирагина тажассуми қалбининг туб-тубида юз кўрсатди.
Аслида, Хадича ўзининг меҳр-муҳаббат туйғусига ташна эканлигини билса ҳам тушкунликка, ғам-ғуссага сира берилмас, шу боис бутун борлиғини қатъияту иштиёқла касб-корига бахш этиб, ўзи учун мустақил бир ҳаётни қуришга эришганди. Дугоналару сайр-саёҳатларга, шунингдек, турли давралар-у, тўй-ҳашамларга унчалик ҳуши йўқ тўғрироғи эса муҳтож эмас эди.
-Опажон, ассалому алайкум! Юзидаги кулгучлари ўзига ярашган овозидан қувноқлик сезилиб турган Нилуфар эшикни тақиллатиб кириб келди.
Энди ҳамкасбидаги кайфият Хадичага “юқди”. Очиқюзлилик билан азму пойтахтнинг диққатга сазовор қайси жойларига боришларини келишиб, сўнгра йўлга чиқишди.
Дарҳақиқат, йилнинг айни шу сўнгги кунларида йўловчиларнинг ўтиб-қайтиши-ю, машиналар қатновидаги тезлик, шиддат ҳам ақлбовар этмас даражада эди. Ҳар бирининг юрагида йилнинг сўнгги куни тамоман ўзгача яна ҳам тароватли, яна ҳам фусункор бўлсин-да, деган ўй-фикр яширин, гўё!.
Мафтункор шаҳарнинг бетакрор масканларию мўъжизаларини томоша қила-қила ҳолда тойишган эди. Тушликда емак истаб яхши тамаддихона излаган Хадича Ҳамрохонга телефон қилди. Гўшакдан водийча лутф ила: “Хадича жоним, қачон келдингиз, нимага бир хабарлашмадингиз, тўғри уйга келавермабсиз-да” курсдош дугонасининг қадрдон овози эшитилди.
Улар учрашишди. Курсдошлари ҳақидаги билган-эшитган маълумотлари билан бўлишишди айниқса, Абдуғаффор ҳақидаги суҳбат ўз-ўзидан чўзилиб кетди. Ҳамрохон у билан молия ташкилотида бирга ишлайди. Абдуғаффорнинг тўйи, ўғли ва хотининнг вафоти ҳақида сўзлаб берди. Бу сафар дугонасининг сўзларини бўлмай диққат билан эшитган Хадича кўз ёшларини Нилуфарга кўрсатмаслик учун “ҳозир” дея ўрнидан туриб кетди.
-Қайсарлик қилмай, Абдуғаффор билан гаплашиб кўринг. У ҳали-ҳануз сизни кўп эслайди, - деди аёллар хонасига кириб келган Ҳамрохон.
Ойнадаги аксига узоқ термулиб қолган Хадича қачонлардир ловуллаган бу аланга тафтидан куйиб кул бўлишдан қўрқиб, юрагининг энг тубига яширган чўғ яна йилтиллай бошлаган эди.
Тамаддихонадан чиқиб, узоқлашиб бораётган Ҳамрохондан кўз узмаган Хадича яна ўзи қобиғига ўралган ҳолда ўй-хаёллари билан ёлғиб қолган эди.
Энг катта арча ўрнатилган майдонга боришганда ҳам ул-бул харид қилиш учун супермаркетга киришганда ҳам Нилуфарни бирор бир гапи қулоғига кирмади. Тўғрироғи, унинг фикри-ёди бундан 10 йил олдин ўтган воқе-ҳодисалар билан банд эди...
Меҳмонхонага қайтаркан, кираверишда администраторга йўлиқди.
-Опажон, бу гуллар сизга, - деди-ю, ифори бутун фойени тутиб кетган бир гулдастани унинг қўлига тутқазди. Айтганча, ўша гулдаста ичида қип-қизил атиргуллардан ташкари бир мактуб ҳам бор экан.
-Буни гул сотувчи дўкондан куръер бериб кетди. Менга фақат уни олганингиз учун имзо қўйдириш қолди, холос.
Хадича юраги ҳаприққанча гулдастани оларкан, унда ўз исмини ўқиди ҳа, ҳа, бу айнан унга аталган. Шунда у довдираб, бир муддат ҳаракатсиз қолди.
- Опажон, нима бўлди? Буларни оласизми ё қайтариб юборайинми?
- Йўқ, йўқ, уларни оламан, оламан..... Лифт кетиб қолмасин.
Шундан сўнг у хонага кирди-да, сув идиши қаршисида чўкканча ҳалиги гулларга боққан кўйи ўйланиб қолди. Шу гуллар орасига қистирилган бояги мактубни ўқишга эса ботинолмай турди. Одатда, туғилган кунида банкдаги ҳамкасблари унга гул юборишарди. Лекин бошқалардан ҳам шундай совғани олганмиди-йўқми, ҳозир эслолмади.
Хадича бир қултум сув ичди-ю, ниҳоят хатжилдни очди. Буни қарангки, уни шаҳардаги манаман деган ресторанлардан бирига кечликка таклиф қилишибди. Айни шу оқшом соат ўнда. Хатга «Бобурбек» деб ёзилган. Фамилия эса ёзилмаган. Шунда у ҳаяжон ичра қавму қариндошлари, синфдошу курсдош дўстлари, таниш-билишларини бирма-бир ўйлади. Лекин уларнинг орасида Бобурбек, дегани йўқ эди.
Хадича маъюс тортиб қолди. Хўш, энди нима қилади. Ҳамрохонга нима дейди, Янги йилни Нилуфар учаласи бирга кутиб олмоқчи эди-ку?! Шу пайт эшик қўнғироғи чалиниб, ўй-хаёллари бўлинди. Ҳафсаласиз бориб эшикни очди. Ўша шаддод Нилуфар қаршисида турарди.
Худди унинг қалбидаги ғалаёнлардан хабардордай: – Опажон, гулдастани берган киши сизга бефарқ эмас экан, бўлмаса бугунгидай Янги йил остонасида сизни йўқламас эди.
Хадича ортиқ иккиланмай, телефон гўшагини кўтарди-да, Ҳамрохонга қўнғироқ қилиб, нафаси бўғзига тиқилганча деди: - Қадрдоним биласизми, мени кечки овқатга таклиф қилишибди. Сира кутмагандим. Шуни сизга билдириш учун телефон қилаётувдим. Лекин унинг кимлигини билмайман, қандай бораман, ким бўлиши мумкин?!
-Азизам, гўзалим! Сизнинг ўрнингизда бўлганимда албатта борардим-кўрардим. Етар, қадрлигим шунча йил, шунча вақт атрофингизни баланд девор билан ўраб олганингиз. Чегараларни бузиш вақти аллақачон келди.
Нилуфар кўмагида тамоман ўзга хил тайёргарлик ишларига киришиб кетди. Либос танлаш, турли буюмлар... такси чақириш...
Соат ўндан ўтганда эса Хадича бироз ҳадик, истиҳола ва ҳаяжон билан ресторан бўсағасида турар эди. Сертакаллуф бир хизматчи уни қарши олди-да, ичкарига таклиф этди. Шу чоғ орқада бир киши кўринди навозишу назокатли, табассуми андак хижолат, андак айбдорлик ҳисси-ла йўғрилган... аммо суруру хушбахтлик туйғусига чулғанган киши.
- Хадича, келганингиздан хурсандман. Рахмат
Шунда орага ўнғайсиз бир жимлик чўкди.
- Назаримда мени бошқа киши таклиф қилганди бу ерга.
-Хадича, сизга айтадиган гапларим кўп. Қани, ўтирайлик-чи.
Шундай қилиб, у-бу нарса буюртма бергандай бўлишди. Абдуғаффор кечмишидан сўзлай кетди... Олийгоҳдан кейинги ҳаёти, пойтахтда қолиб ишлаётгани, ўғиллик бўлгани, автоҳалокат туфайли хотинининг вафоти ҳакида... Ниҳоят, гал шунга келиб тақалди:
- Бирга ўқиган вақтимизда сизга қаттиқ боғланиб қолгандим, Хадича!. Онам холам билан аҳдлашиб қўйганлиги сабабидан сизга юрагимни очолмадим. Журъатсизлик қилдим.
....
-Ҳамрохоннинг қўнғироғидан юрагимда умид йилтиллади. Сиз билан гаплашишга, сизни шу ерга чақиришга чоғландим, аммо рад жавоби олишдан қўрққаним учун худди шу бирмунча сирлироқ усулни маъқул кўрдим.
- Борди-ю, келмасам нима бўларди? Ахир, таклифни “Бобурбек”дан олдим-ку?!
- Мени кечиринг. Сизни яна топганимдан шунчалар бахтиёрманки... Сизни яна йўқотишни истамайман...
- Шунча йилдан кейин...
Шу он ҳис-туйғулар залвори остида бир муддат жим қолишди.
4-5 ёшлардаги кўзлари мунчоқ сочлари қўнғироқ болакай югуриб келиб Абдуғаффорни қучоғига сингиб кетди. Ҳамрохон ва Нилуфарни бу ерда учратаман, деб ўйламаган Хадича саросима ичида: “Бу нима қилганингиз, ахир!” ҳайратини яширолмади. Анча-мунча хафа бўлганидан юзларига қизиллик югуриб, икки қошини ўртасида билинар-билинмас кўндаланг чизиқ кўринди.
-Хадича сизни бу ерга чақирган тойчоқни исми Бобурбек бўлади, - деди ташаббусни қўлга олишга уринган Абдуғаффор орадаги ўнғайсизликни аритиш учун ўғлини таништириб.
Хуллас, бу галги янги йил кечаси тамоман ўзгача, янада гўзал, фусункор бўлди, ҳайрату умидлар кечаси бўлди. Янги йил янги кунда ўттиз ёшгача кутгани Хадичанинг эшигини тақиллаб, БАХТ - “Бобурбек” исми билан кириб келди.
Ҳа, биз ҳаётдан, сўраган нарсамизни оламиз... Хадича ҳаётнинг гўзал эканлигига ишона бошлагани сари унинг умр йўллари гўзаллаша борди. Бир-биридан яхши хабарлар эшитиб, кўплаб яхши воқеалар унинг ҳаётида рўй берди. Кўп куттирмай Бобурбекнинг қаторига жажжи Улуғбек қўшилди.
Райхон ҚОДИРОВА, журналист.