Учқудуқ туман электр таъминоти корхонаси катта диспетчери табиатан қувноқ, ғайрати кўзларида акс этиб турган Азизбек Азатов 1997 йилда Учқудуқда туғилган. 20-мактабда ўқиган. Гарчи, Махмуд Шамуратов ўғлини касбининг давомчиси бўлиб, ҳарбий бўлишини орзулаган бўлса-да, Азизбек физика фанига қизиқди. Касб-ҳунар коллежини тугатгандан сўнг, кўплар ҳавас қиладиган Шимолий кон бошқармаси АТБ да ишлай бошлади.
Ҳар нарсадан янгилик излашга бўлган иштиёқ, юракдаги ёлқин билимини оширишга ундарди. У Қорақалпоғистон давлат университетига ҳужжат топширди. Олийгоҳни 2021 йилда электроэнергетика йўналишида тамомлаб, туман электр таъминоти корхонасида иш фаолиятини давом эттирди.
Ҳозирда катта диспетчер бўлиб ишлаётган Азизбек нафақат касбига оид билимларни пухта ўзлаштиришни балки чет тилини ҳам мукаммал ўрганишни мақсад қилган. Бу билан у ўзга эллардаги соҳага доир маълумотлар билан танишиш, ривожланиш босқичларини чуқур ўрганиш ва таҳлил қилиш орқали туман энергетика салоҳиятини юксалтиришга ҳисса қўшиш ниятида.
“Оила қўш устунли айвон” деганларидек, Азизбек аёли Ақшагул билан митти Музаффаржонни тарбияламоқда. Ишдан сўнг уйга кириб борганида энг аввало дуч келадигани ўғлининг шодон кулгуси. Бу оилада Музаффаржон – бахтнинг асл элчиси! Унинг кулгуси билан хонадон қувончга бахтга сурурга тўлади.
-Электриклар ҳар куни электр токининг юқори кучланиши билан тўқнашадилар, бу эса ўта эҳтиёткорликни талаб қилади. Чунки, кичик хатолик ҳам жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. Узлуксиз электр таъминотини таъминлаш учун тинимсиз меҳнат қиладиган бу касб эгалари айниқса, оғир об-ҳаво шароитларида икки баробар катта масъулият билан ишини бажарадилар. Бунинг учун эса касбга муҳаббат бўлиши шарт, – дейди Азизбек биз билан суҳбатда.
Хонадонларга ёруғлик улашаётган Азизбек сингари кўплаб нурчиларга юзингиз нурли, босаётган ҳар қадамингиз чароғон бўлсин, деймиз!