Тунги шаҳарнинг сокинлигини ёриб ўтувчи электр чироқлари, гўё кўк юзида йилтираб турган юлдузларнинг ердаги аксидек тасаввур уйғотади кишида. Йўлимизни ёритиб турган чироқлар қаҳрамонимиз қўлида яралган қуёш мисол қалбларга ҳам илиқлик улашади.
Учқудуқ туман электр таъминоти корхонаси бош муҳандиси Руслан Наврўзов соҳанинг билимли ва умидли ёшларидан. У 1986 йил Бухоро вилояти Шофиркон туманида туғилган. Лекин учқудуқликлар учун меҳнат қилиш унинг насибаси экан меҳнат фаолиятини 2016 йилда туман электр таъминотида бошлаган. Аввалига электромонтёр бўлиб ишлаган қаҳрамонимиз ўз билим ва малакасини муттасил ошириб бориб, бош муҳандис лавозимигача бўлган қадамларни босиб ўтди.
Юртимизда таълимга бўлган эътибор ортидан билим олишга интилувчан ёшларга берилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, Навоий инновациялар институтида мутахассислиги бўйича таълим олмоқда. Ишдан ажралмаган ҳолда олийгоҳ сиртқи бўлимининг 3-курс студенти.
Владимир Наврўзов Русланнинг ёшликдан кўк қизил оқ симчаларни бир-бирига улаб, ўйнаётганлигига кўп бора гувоҳ бўлган. Отасининг тавсияси билан электриклик касбини танлагани ортидан энергетика соҳасида ўз ўрнини топди. Профессионал даражада ўсди.
-Электр энергияси бу фақат технология эмас балки одамларнинг ҳаётини ёритувчи қувват манбаи ҳамдир, — дейди Руслан Наврўзов.
Ҳар бир инсонда бўлгани каби Русланнинг ҳаётида ҳам оила катта аҳамият касб этади. У турмуш ўртоғи Нилуфар Наврўзова билан уч нафар фарзандни тарбияламоқда.
Бизга шунчаки ёруғлик бўлиб кўринган нур ортида қанчалик мураккаб жараёнлар кечиши уни тўлиқ англаш учун соҳа эгаларидан тинимсиз изланиш ва билим талаб қилинишини Русланнинг иш жараёнидан билиш қийин эмас. Зеро, улар ҳар куни кўринмас қаҳрамонлар сифатида жамиятнинг равнақи учун хизмат қилмоқда.