LOTIN-КИРИЛЛ

Автомобилчилар кунига бағишланади


1-АВТОКОРХОНА ТАРИХИ ВА БУГУНГИ ИСТИҚБОЛИ

Биргина ёғоч ғилдиракнинг яратилиши ортидан бугун инсониятга беминнат хизмат қилаётган автомобиллар дунёга келди. Илм автооламни шу қадар юксалтирдики, қачонлардир эртак ва хаёлот дунёсида яшаган мўъжизалар уловларга
кўчди – қанотсизу тулпордан чопағон, шамолдан тез, лочиндан ёвқур машиналар пайдо бўлди.
Қизилқум чўллари. Тутқунсиз қум бўронлари ясаган барханлар, тентираган шамоллар чизган саҳро пейжазида бугунгидек машиналар қатнови тиғизлашган йўллардан асар йўқ, онда-сонда имиллаётган туялар ва чўл жонлиқларидан бошқа зоғ кўринмайдиган бу беадоқ сарҳадларни бир пайтлар эртаклардами ё йўловчилар оғзидами “Қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куяди”, дея таъриф этишган. Шу боис, Қизилқум бағри ярқираб геологлар илмига илҳом берса-да, уммон қадар ястанган улкан чўл асов
отдек бедовланар, бу ҳадбилмас кенгликларни фақат илм ва жасорат билан жиловламоқ мумкин эди!
Ва ниҳоят 1958 йилда инсон заковати шижоати ва қудрати саҳро инжиқликларидан ғалаба қилди. Бугун, остонасига рамзий маънодаги улов ўрнатилган 1-сонли Автобаза йўлларида ҳайдовчилар И. Качкалов ва И. Илъин, муҳандис-механик Анатолий Яцколарнинг музаффар излари қолган бўлса не ажаб! Зеро, улар уч кун давомида тақир йўллар ва қумтепаликлар ошиб, Қизилқумда бунёд этилажак мўъжизавий шаҳарга биринчи йўл очишди. Бугунги 1-сонли Автобаза ўша жасур чўлқуварлар рамзий олтин бўёқ билан бундан олтмиш олти йил бурун битганларидек комбинат бўлинмалари орасида ҳамон 1-сонли Автобаза! Ҳа, адашмадингиз минглаб инсонларнинг тақдири боғланган улкан техник ва технологик қудратга эга юксак салоҳият ва илмий тажриба макони бўлган гигант корхонамизнинг транспорт соҳаси муқаддимаси Учқудуқдан бошланган.
Шундан бери ўтган катта давр – техник ўзгаришлар замонавий тажриба халқаро муносабатлар илмий-амалий ёндошув, юқори салоҳиятли кадрлар жамоаси Шимолий кон бошқармасида транспорт тармоғининг ривожига муҳим мурват бўлди.
Пойдевори ўтган асрга туташиб турган 1-сонли Автобазада бугунги кунда 6 та участка, 2 та колонна мавжуд. Моҳир ва тажрибали ҳайдовчилар меҳнат фаолияти давомида кон бошқармаси ходимларини корхона ва саноат майдонларига ўз вақтида етказади. Тоғ жинсларини, кон бошқармасининг ишлаб чиқариш жараёнида фойдаланиладиган товар-моддий бойликларини, хавфли ва портловчи моддаларни бехатар ташийди. Бу жуда масъулиятли ва нозик жараёнда Автокорхонанинг 159 та юк автомобили, 71 та йўловчи ташувчи автобуси, 63 та енгил автомобили, 5 та йўл-қурилиш механизми ва 28 та махсус автомобили иштирок этади.
1-сонли Автокорхона ШКБ нинг нуроний бўлинмаларидан. 2022 йилда кенг кўламли қурилиш ишлари олиб борилиб, замонасоз кўринишга эга янги фойдаланиш бўлими биноси қуриб битирилди. Бўлимни корхона юраги, десак янглишмаймиз. Янгиланишлар натижасида фойдаланиш бўлими мутахасисларининг ишлари анча осонлашди – транспорт воситаларини таҳлил қилиш ва кузатиб бориш тўлиқ автоматлаштирилди. Мониторда ҳар бир ҳайдовчини иш жараёни, маъдан ташиш кўрсаткичлари, техникалар ҳаракати ҳаттоки, транспортларнинг ёқилғи бакидаги ёқилғи-мой маҳсулоти миқдорини кузатиб бориш имконияти пайдо бўлди.


ЯНГИЛАНИШЛАР, ЎЗГАРИШЛАР ЭПКИНИ!

 Палаҳмон тақдирим мени 2003 йилда Учқудуққа бошлади. Фарғона водийсини қизиман-да, то бир касбнинг бошини тутгунимга қадар бир неча йиллар шаҳар четроғида, 1-сонли Автобазанинг адоғига туташиб кетган ерларда деҳқончилик қилдим. Қуёш бош кўтармай меҳнатга шошилардим, қуёшни кузатиб эса уйга! Ана шу саҳар ва шом паллалари автобуслар ва (мен олдин кўрмаган!) катта-катта юк автомобиллари ёнгинамдан карвон-карвон бўлиб ўтарди. Учқудуққа келгунимча бундай ҳайбатли уловларни кўрмаганман, шунданми ичимда ҳайрат ва саволлар ғиж-ғижларди.
Ахир мен кон-металлургия саноатидан буткул йироқда, Яратган ўзгача илҳом берган яшилликлар орасида, одамлар ризқини зумрад далалар, саховатли полизлару хокисор дарахтлардан топадиган манзилларда катта бўлгандим! Бугун, тақдирим ҳазрат Навоий номи-ла аталадиган вилоятга боғланганидан бошим осмон қадар ўсган.
Ҳар ғишти илм бўлган корхонадаги меҳнат фаолиятим давомида бир пайтлар сўроқ белгиси остида қолган ҳайратларимга жавоблар топдим. Ҳайбатли автоуловларни кўрибгина қолмай, уларнинг русумлари, тавсифу таъмирланиш жараёнлари, техникага сарфланадиган ёқилғи-мой, кон автоағдаргичи кабинасидаги шароитлар билан шу алпқомат техникалар билан тиллашадиган мутахассислар, рул чамбарагида ризқ ташувчи шижоатли ҳайдовчилар билан танишман. Фаолиятим давомида Автомобил транспорти бошқармасига йўлим тушса қувонишимнинг боиси ҳам шундан! Олтинга бой тоғлар бағридаги бўлинма саноатдаги музаффар ғалабалар учун маъдан ташийди.


АВТОМАТЛАШТИРИЛГАН АВТОКОРХОНА

Автомобил транспорти бошқармаси 1958 йилда ташкил этилган бўлиб, нафақат Шимолий кон бошқармасининг балки кўпмингкишилик гигант корхонамизнинг илғор, ташаббускор, юксак замонавий технологияга эга бўлинмаси ҳисобланади. Қарийб, 1500 га яқин ишчи-ходимлар, 2 та фойдаланиш бўлими ва 4 та колоннада аҳил-иноқликда ғайрат билан меҳнат қилмоқдалар.
АТБнинг асосий вазифаси “Шарқий” ва “Даугизтау” конларида қазиб олинаётган кон массасини ташиб чиқариш ва маъданларни 3-сонли Гидрометаллургия заводига етказиб беришдан иборат. Айтишга жуда осону амалиётда оғир ва машаққатли меҳнатни талаб этадиган бу жараёнда 131 дона катта ўлчамдаги оғир юк кўтарувчи кон автоағдаргичлари, 47 дона йўл-қурилиш механизмлари ва 36 дона ёрдамчи транспорт воситалари жами бўлиб 214 та турли русумдаги техникалардан кенг фойдаланилади. Иш жадвалига кўра, икки сменада меҳнат қилаётган катта жамоада ходимлар манфаати, Президентимиз эътирофларидагидек, халқ розилиги борасида амалга оширилган тадбирлар талайгина. Мисол учун катта тонналик уловларни бошқараётган транспорт ҳайдовчиларига иш давомида ташиган ҳар бир рейс (қатнов)ига қараб ҳақ тўланади. Бу моддий манфаатдорликни ошириш билан бирга уларнинг ишга бўлган муносабатини ҳам тубдан ўзгартиради.
Юқорида, 1-сонли Автобазадаги уловлар тўлиқ автоматлаштирилганлиги ҳақида айтиб ўтгандик. Автомобил транспорти бошқармасининг муваффақияти ҳам унда кечадиган меҳнат жараёнининг автоматлаштирилганидадир. Мониторда бутун иш жараёни, маъдан ташиш кўрсаткичлари, техникалар ҳаракати, транспортлар ёқилғи бакидаги ёқилғи-мой миқдорини кеча-ю кундуз тўла кузатиб бориш мумкин. Шу билан бирга иш вақтидан унумли фойдаланиш, техникаларда кузатилган камчиликларни тезкор бартараф этиш мақсадида, кўчма техник хизмат кўрсатиш йўлга қўйилгани каръер майдонларида ишни бир маромда олиб бориш имконини беради.


КОРХОНА ПАРКИ ЗАМОНАВИЙ ТЕХНИКАЛАР БИЛАН ТЎЛДИРИЛГАН

“Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ дунё саноатида катта нуфузга эга корхонадир ва ушбу эътироф комбинатнинг замон билан сўнгги технологик янгиликларни меҳнат жараёнига тадбиқ этиши билан ҳам ўлчанади. Сўнгги йилларда Автомобил транспорти бошқармасига жаҳон андозалари даражасидаги янги тоғ-кон технологиялари жорий қилинди, бўлинмада йирик ҳажмдаги бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Япония давлатининг “КОМАТSU”, АҚШнинг “CATERPILLAR”, Беларуссиянинг “БелАЗ” компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган тоғ-кон жинсларини ташувчи автоағдаргичлар, бульдозерлар, олд юклагичлар, автогрейдерлар, автотаъмирлаш устахона автомашинаси, ёқилғи тарқатиш автомашинаси, шиналарни сочиб-йиғиш стенди келтирилди. Хориж техникаларининг барқарор ишлаши, ишлаб чиқариш унумдорлигини ошириш, техникаларнинг кафолатли муддатларини назорат қилиб бориш ва доимий техник сервис кўрсатиш мақсадида, Автомобил транспорти бошқармаси ҳудудида “КОМАТSU”, “CUMMINS” ва “CATERPILLAR” компанияларининг вакиллик бинолари қурилди. Юқорида келтирилган техникаларнинг барчаси ишчи-ходимлар манфаатини кўзлаган ҳолда, меҳнат унумдорлигини ошириш, вақт аталмиш югурик “от”дан ўзиш, одамлар турмуш сифатини яхшилашни мақсад қилиб бажарилган ишлардир.
Тоғ-кон техникалари шаҳар йўлларида кунда кўриб кўзимиз ўрганиб қолган русумли ё юк ташувчи автоуловлар эмас. Балки, биринчи марта кўрган одам учун маҳобати қўрқинчлироқ туюладиган тоғ-кон техникаси. Келинг, азиз муштарий тафаккуримизни янада аниқроқ маълумотлар билан тўлдириш учун биргина мисол келтирсам. Белорусия автомобил заводида ишлаб чиқарилган юк кўтариш қобилияти
55 тонна, 700 от кучига эга БелАЗ-7555В автоағдаргичи конларда таркибида олтин бўлган маъданларни ташиш вазифасини бажаради. Мазкур транспорт воситасининг узунлиги
9 метр, баландлиги 4,5 метр, юксиз оғирлиги 40,5 тонна. Бу гарчи алпқомат техникаларнинг энг миттиси бўлса-да, уларни бошқариш оғиздаги ош эмас!
Ишлаб чиқаришда касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш, маҳорат ва кўникмаларни ошириб бориш жуда муҳимдир. Шуни инобатга олиб, ҳайдовчилар касбий маҳоратини ошириш мақсадида, ўқув-машғулот биносига Австралияда ишлаб чиқарилган “PRO-4” русумли замонавий ўқув-амалиёти тренажери (симулятор) келтирилиб ўрнатилган. Бу ерда бўлажак ҳайдовчиларга улкан кон техникаларни бошқаришни ўргатиш, ҳайдовчиларнинг билим ва кўникмаларини тажриба-синовдан ўтказиш учун устоз-ҳайдовчилар белгиланган ўқув дастур асосида машғулотлар олиб борадилар.
Икки босқичли машғулотларда асосан янги ишга кираётган ёшлар ва иш жараёнида камчиликлари кузатилган ходимлар ўқитилиб, малакаси оширилмоқда. Ҳар ойда назарий ва амалий машғулотларда 600 нафардан ортиқ тингловчилар техникани бошқариш сир-асрорларини пухта ўзлаштирмоқда.


МУҲИМИ - ЭҲТИЁТКОРЛИК ВА ИҚТИСОД

Маъдан ташишда замонавий кон техникалари имкониятларидан фойдаланиш алоҳида аҳамиятга эга. Бунда катта маблағ ҳисобига олинган транспортларни ҳар хил таъсирлардан сақлаш, эҳтиёт қилиш биринчи даражали вазифадир. Миллиардлаб маблағлар эвазига келтирилган техника “касал” бўлиб қолса, унинг “организми” учун ҳам ана шундай улкан харажат сарфланиши мумкин.
“Биз йилига фалон тонна олтин ишлаб чиқарамиз!”, дея фахрланмоқдамиз! Демак, ифтихор этишни билган ҳар бир ходим ризқимиз боғланган ташкилотга милён-милён харажатлар ортидан келтириладиган жиҳозлару маҳсулотларнинг ҳам қадрини англамоғи зарур. Бу ҳақда ўйларканман, фаросатли Фармонбувининг “Боқивой, сен оиламизга келаётган даромаддан ҳайратланганингда, бу рўзғорнинг харажатини ҳам ёддан чиқарма!”, деган пурмаъно сўзларини ҳам эслайман.


ҒУРУР, МАСРУРЛИК, ШИЖОАТ...
Шимолий кон бошқармаси бўйлаб октябр ойининг иккинчи ўн кунлигида бошланган шодиёналар автомобилчилар учун янги куч-ғайрат ва шижоат берган бўлса не ажаб! Байрам тадбирларида қатнашарканмиз бошқарма раҳбарияти томонидан тақдирланган, 1-сонли БКУҚнинг қимматбаҳо байрам совғаларига эга бўлган ишчи-ходимларнинг юз-кўзларида қувонч билан бирга билдирилган ишончдан масрурликни илғай қийин эмас.
Тонгда яхши ниятлар билан йўлга чиққан ҳайдовчилар учун йўлдаги одамлар ҳаёти ва зиммаларидаги бурч муқаддасдир. Қуёшни кутиб, ойдинда уйига қайтаётган ҳар бир уловгир-ҳайдовчи гарчи ҳорғин эса-да, хотиржамлик инган уйига отланиши яна бир куни йўлларда - одамлар умрига хиёнат қилмай, йўлларининг ойдин бўлгани чинакам бахтдир!.


Салим Қуванов,
“НКМК” AЖ MATДTБ ЙҲXM хизмати ҳаракат хавфсизлиги муҳандиси.
Нилуфар Муйдинова,
Шимолий кон бошқармаси гуруҳ раҳбари.

O'qilgan: 86 bora

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: