Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, мамлакатимиз уран саноатининг шаклланиш ва ривожланиш йиллари “Навоийуран” ДК “Учқудуқ” ИЧМ фаолияти билан бевосита боғлиқ. Дастлаб, Учқудуқ – уран манбаларини қазиб олишга асосланди. Шу тариқа бу ерда ишлаб чиқариш билан бирга шаҳар қурилиши, инфратузилма йилдан-йилга ўсиб борди. Бу каби залворли ишлар техникалар кўмагида амалга оширилгани ва бугун ҳам уларсиз ишлаб чиқариш жараёнларини тасаввур қилиш қийинлигини англаш мумкин.
Янги конларни очиш, ўзлаштириш ва қазиб олишда илғор инновацион ёндашувларни татбиқ этиш корхонанинг муваффақиятли ривожланиши учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилаётир. Конда 2030 йилга қадар геотехнология-қидирув ишлари орқали уран захираларини 2000 тоннага етказиш белгиланган. Бундайин залворли ишларни техникасиз амалга ошириш мушкул, шу боис 2022 йилда алоҳида автотранспорт участкаси ташкил этилган.
Юзлаб инсонларнинг тақдири боғланган улкан техник ва технологик қудратга эга “Учқудуқ” ИЧМ геотехнологик кони махсус автотранспорт участкасида 78 та техника бор. Автобус, хавфли юк ташувчи машина, ичимлик суви, ёқилғи ташувчи ва фронтал юклагич ҳамда автокранлар шулар жумласидандир. Участка уран ишлаб чиқариш саноатида ёқилғи, ичимлик суви ҳамда турли зарурий юкларни ташийди. Махсус автобусларда ишчи-ходимларни манзилларига беталофат етказади. Иш икки сменада ташкил қилинган бўлиб, бу ерда 135 нафар ҳайдовчи, ишчи, чилангар ва механиклар меҳнат қилишмоқда.
MAZ, KAMAZ, Isuzi русумли замонавий автомашиналар билан техника парки йилдан-йилга янгиланиб борилмоқда.
-Йўлга чиққан кишига сафари бехатар бўлишини тилар эканмиз бугун кўнгилларда хотиржамлик ҳукмрон. Ахир манзилимизга соғ-саломат етиб боришимизни таъминлайдиган восита ва омиллар кўп. Улардан бири махсус дастур. Унинг кўмагида монитор орқали бутун техникалар ҳаракатини кечаю кундуз кузатиб бориш мумкин , - дейди инженер – диспетчер Алишер Исломов.