LOTIN-КИРИЛЛ

“ДАУГИЗТАУ” КОНИНИНГ ШОИРАСИ

     Шимолий кон бошқармасининг “Кокпатас” ва “Даугизтау” конлари корхонанинг юраги саналган 3-гидрометаллургия заводининг қолаверса Учқудуқда яшаётган минглаб одамларнинг ризқ манбаи.
Бу икки коннинг оралиқ масофаси анча узоқ аммо маъдан “ирмоқлари”ни темир йўллар бирлаштиради. Йилига 10 миллион тоннадан ортиқ маъданнинг “оқиб” келишида эса минглаб одамларнинг меҳнати, шижоати ва сабри мужассам.
Сиз ўйлагандек кончилик ва металлургия соҳасида касблар бармоқ билан санарли эмас. Бу ерда 400 га яқин турли касб эгалари ишлайди. Улар касбининг номланиши биру, аммо хизмат вазифаси турлича.

        Харитачи Шоира опа Норқулова
“Даугизтау” очиқ усулда қазиб олиш кони геология-геофизика бюроси харитачиси. Унинг иш столида 20 йил олдинги қоғозлар ва бугун хариталаш керак бўлган кон ҳудудлар учун қоғозлар тўшалган. Ҳар бир иш куни ана шундай сизу-биз билган ва чизадиган тўлқинлию, тўғри чизиқларни қоғозга туширишдан бошланади. Лекин бу чизмаларнинг портлатиш ишларида нима маъно беришини Шоира опаю унинг ўз ҳамкасбларигина тушунишади.
Аслида кон геология хизматида лойиҳалар рақамлаштирилган. Ўша бажарилган ишларни Шоира опа қоғозга туширади. Бу қоғозлар яна йиллар давомида Қизилқум кенгликларида яшириниб ётган қимматбаҳо маъдан қатламларини ўрганиш учун ас қотади, муҳим ҳужжат ҳисобланади.
- Азалдан қоғоз ва қалам одамзоднинг энг ишончли ҳамроҳи бўлган. Бугун ҳам техника технологиялар қанчалик ривожланмасин бизнинг ишимизда энг ишончли манба бу қоғоздир, -дейди биз билан суҳбатда Шоира опа Норқулова.
Опахонни иш жараёнида кузатарканмиз ўз ишига мос равишда оғир, босиқ, мулоҳазали эканлигини пайқаш қийинмас. Ўз тили билан айтганда горизонт энг муҳим нуқта, у хато қилиши мумкин эмас. Чунки, геологлар унинг кўрсатмалари билан кейинги босқич ишларини давом эттиришади-да!.
Яна қаҳрамонимга қарайман иш одамни ўзига мослаштирармикан? Йўқ. Касбни танлаб ҳам хато қилганлар қанча. Шоира опа ишини яхши кўради. Бор-йўғи 6 ёшида 40 ёшга тўлмаган онасидан айрилиб, етим қолганлиги сабаб бўлса керак меҳр излаган, ўзи ҳам оиласига яқинларига ишига касбига ва касбдошларига меҳр берган.
Ана шу хислатига мос Бухоро вилояти Қоракўл тумани Шўробод қишлоғидан “энг яхши қиз”ни ахтарганлар хонадонига келин бўлди. Қайнотаси Саид ака Жумаев Марказий геология-қидирув экспедициясида, қайнонаси Бахмал опа “Самарқандгеология” уюшмаси Даугизтау геология қидирув экспедициясида ишларди. Қайнота - қайнона ўз фарзандларини эмас аксинча эндигина оила аъзосига айланган оёқ - қўли чаққон келини Шоирахонни ёнларига ишга олишди. Зийрак, пишиқ-пухта келин ҳам улар ишончини оқлаб, геология қидирув экспедиция соҳасининг энг муҳим жиҳатларини пухта ўзлаштирди.
33 йил олдин “Самарқандгеология” уюшмаси Даугизтау геология қидирув экспедициясида иш бошлаган Шоира опа Норқулова 2002 йилнинг 1 мартида қўрғончада очилган Даугистау конига биринчилардан бўлиб ишга қабул қилинди. Ана шу кундан бошлаб, қарийб 23 йил давомида "Даугизтау" алоҳида очиқ усулда қазиб олиш ишларида харитачи Шоира опа Норқулова чизиб берган хариталар билан портлашиш ишлари олиб борилади. Рақамларга тўхталадиган бўлсак, шу кунгача 3,646 млн. метр куб ҳажмда кон ишлари бажарилган. Коннинг асосий вазифаси – 3-гидрометаллургия заводига руда етказиб бериш орқали мамлакат олтин захирасини бойитишда ўз ҳиссасини қўшишдан иборат.
Айни дамда Даугистау конида 700 нафарга яқин ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Уларнинг аксарияти экскаватор ва бурғулаш ускунаси машинистлари, навбатчи чилангарлар, навбатчи электр чилангарлар, кон ишчилари каби 34 турдаги касб эгаларидир.
Шоира Норқулова каби тақдирларга эга юзлаб одамларнинг меҳнати ва матонати сабаб, “Даугизтау” кони йилдан-йилга кенгайтирилиб, янги каръерлар фойдаланишга берилмоқда. “Даугизтау”, “Ғарбий Даугизтау”, “Аджибугут”, “Биринчи сентябрь” ва “Довон” карьерлари шулар жумласидандир. Яқин келажакда мазкур конлар ҳудудини янада кенгайтириш мақсад қилинган-ки, бу ишларда харитачи Шоира Норқулова сингари ўз ишининг билимдон мутахассисларининг ҳиссаси беқиёс, албатта!


Лайло КАРИМОВА,
ШКБ ахборот хизмати раҳбари.

O'qilgan: 165 bora

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: