LOTIN-КИРИЛЛ

Савол беринг, жавоб берамиз

Савол: Яқинда бир қўшним 15 сутка қамалди. Айтингчи “15 сутка” келажакка таъсир қиладими? Маъмурий қамоқ бўйича  муҳим жиҳатлардан хабардор қилсангиз.

ЖавобҚандай ишлар учун қамашади?

Киши МЖТКнинг 49 таси моддаси бўйича қамалиши мумкин. Масалан, қуйидагилар:

  • • шаҳвоний шилқимлик қилиш;
  • • икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшашни тарғиб қилиш;
  • • майда безорилик;
  • • тиланчилик қилиш;
  • • фоҳишалик билан шуғулланиш;
  • • жамоат жойларида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш;
  • • оилавий (маиший) зўравонлик;
  • • ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш;
  • • транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш;
  • • крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузиш ва бошқалар.

Шахсни қамаш учун жиноят суди судьяси, фавқулодда ҳолатда ҳарбий комендант ёки ички ишлар органи бошлиғи қарори асос бўлади.

Маъмурий қамоқнинг минимал ва максимал муддати қанча?

Ҳолатга қараб, 3 суткадан 15 беш суткагача, фавқулодда ҳолатда эса, жамоат тартибига тажовуз қилганлиги учун – 30 суткагача. Муддат тўлиқ судянинг ваколатидаги масала, истаса санкциядагидан ҳам кам муддат бериши мумкин.

Кимларни қамаш мумкин эмас?

Қандай айб қилишидан қатъи назар ҳомиладорва (ёки) 3 ёшдан кичик боласи бор аёллар, 14 ёшдан кичик боласини ёлғиз тарбиялаётган кишилар, болалар, I-II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар маъмурий қамоққа олинмайди.

Қамоққа олинган кишиларни қаерда сақлашади?

Қамоққа олинган кишилар вилоятлар ички ишлар бошқармалари ҳузурида махсус қабулхоналарда сақланади. Махсус қабулхонада камера умумий ва бир кишилик бўлади. Кишининг психологик ҳолати ва шахсига қараб шу икки турдаги камерадан бирига жойлаштирилади. Эркаклар аёллардан, чекувчилар чекмайдиганлардан алоҳида жойлаштирилади.

Қуйидаги кишиларга алоҳида камера берилади:

  • • чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар;
  • • юқумли касалликларга чалинган беморлар ёки тиббий кузатувга муҳтож бўлган шахслар;
  • • собиқ судьялар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг собиқ ходимлари, собиқ адвокатлар;
  • • ҳаёти ва соғлиғининг хавфсизлигини таъминлаш манфаатларидан келиб чиққан ҳолда айрим шахслар.

Камераларда бир кишига тўғри келадиган майдоннинг нормаси камида 2,5 кв метрни, аёллар учун эса камида 3 кв метрни ташкил этади.

Маъмурий қамоққа олинган шахсларга алоҳида ётоқ жойи, кўрпа-тўшак, идиш-товоқ ҳамда овқатланиш анжомлари берилади. Қамоқдагилар ҳафтада камида бир марта чўмилиб-ювинади, уларнинг чойшаб ва ёстиқ жилдларини алмаштирилади.

Қамоққа олинган кишилар неча соат ухлаши мумкин, умуман, улар қандай ҳуқуқларга эга?

Маъмурий қамоққа олинган шахслар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

  • • маъмурий қамоқни ўташ тартиби ва шароитлари, ўз ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида ахборот олиш;
  • • аризалар, таклифлар ва шикоятлар билан мурожаат қилиш, шунингдек, махсус қабулхона бошлиғига ёки у ваколат берган шахсларга шахсан қабул қилиш тўғрисида мурожаат қилиш;
  • • ўзларининг шахсий хавфсизлиги ва соғлиғи сақланиши таъминланадиган шароитларда сақланиш, тегишли тиббий ёрдам олиш;
  • • почта жўнатмаларини ва йўқловларни олиш ҳамда жўнатиш;
  • • адвокат, қариндошлари ёки бошқа шахслар билан учрашиш;
  • • республикаси ҳудуди бўйича телефон орқали ҳар куни лимитланган бир марталик сўзлашиш;
  • • тунги вақтда узлуксиз 8 соат ухлаш;
  • • махсус қабулхона ҳудудида махсус ажратилган жойларда кундузги вақтда давомийлиги 2 соатдан кам бўлмаган ҳар кунги сайр қилиш;
  • • диний расм-русумларни адо этиш, агар бу ички тартиб қоидаларини, шунингдек бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини бузмаса;
  • • меҳнатга жалб қилинган тақдирда тегишли ҳақ олиш ва меҳнатининг муҳофаза қилиниши;
  • • озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиш, моддий-маиший шароитлардан, ўқув-бадиий, ахборот материалларидан ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа нарсалар ва ашёлардан фойдаланиш;
  • • дори воситаларини олиш ва сақлаш.
  • • сайлов ва референдумда иштирок этиш ва бошқа ҳуқуқлар.

Қандай ҳолатда қамоқдаги кишига ташқарига чиқишга рухсат этилади?

Маъмурий қамоқдаги киши алоҳида ҳолларда (яқин қариндошнинг вафоти ёки яқин қариндошнинг ҳаётига таҳдид солувчи оғир касаллик, унга ёки оиласига анча миқдорда моддий зарар етказган ҳодиса) иккала томонга бориб-келиш вақти (2 суткагача) ҳисобга олмай, кўп билан 1 суткага ташқарига чиқишга рухсат берилиши мумкин..

Қамоқдаги кишилар ишлатиладими? Агар улар исташмасачи?

Қамоқдаги кишилар ёзма розилиги билан ишлатиши мумкин. Улар меҳнатидан фойдаланишни ташкил этиш туман (шаҳар) ҳокимликларининг зиммасига юклатилади.

Уларнинг иш ҳақи миқдори меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан (2024 йил август ҳолатига ойига 980 минг сўм) кам бўлмаслиги керак. Қамоқдаги кишиларнинг топган пули уларни махсус қабулхоналарда сақлаш ва овқатлантиришга йўналтирилади. Агар пул ортиб қолса, қолган пул уларнинг номига очиладиган банк ҳисобварақларига ўтказилади.

Қамоқдаги кишилар ўзини яхши ёки ёмон тутса, қандай чора кўрилади?

Тартибга риоя этган, виждонан меҳнат қилган кишиларга қуйидаги рағбатлантириш чоралари қўлланилиши мумкин:

  • • ташаккур эълон қилиш;
  • • бир марталик қўшимча телефон орқали сўзлашув ҳуқуқини бериш;
  • • ҳар кунги сайр вақтини 3 соатгача узайтириш.

Агар бунинг тескариси бўлса, қуйидаги интизомий жазо чоралари қўлланилиши мумкин:

  • • огоҳлантириш;
  • • телефон орқали навбатдаги сўзлашув ҳуқуқидан маҳрум қилиш;
  • • ҳақ тўланмайдиган жисмоний ишларга навбатдан ташқари жалб этиш.

“Ўтириб чиққан одам” қанча тўлайди?

Қанчалик ғалати эшитилмасин, “ўтириб чиққан одам” пул тўлайди. Қамоқда сақлаш харажатлари суткасига базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 фоизи – 15 суткада 765 минг сўм (2024 йил август ҳолатига). Аммо киши қамоқда ишлаган пулига буни узиши ҳам мумкин.

Меҳнатга қобилиятсиз кишилардан пул олинмайди. Бундан ташқари, моддий аҳволи ва шахсига қараб, судья, фавқулодда ҳолатда ҳарбий комендант ёки ички ишлар органи бошлиғи бошқа кишиларни ҳам тўловдан озод қилиши мумкин.

“15 сутка” келажакка таъсир қиладими, яъни киши “судланган” ҳисобланадими?

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар жиноят судида кўриб чиқилса-да, маъмурий жазокишиларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари чекланишига асос бўладиган судланганлик ҳолатини келтириб чиқармайди.

Маъмурий жазога тортилган киши шу жазони ўташ муддати тугаган кундан бошлаб бир йил мобайнида янги маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этмаса, мазкур шахс маъмурий жазога тортилмаган деб ҳисобланади.

Учқудуқ туман адлия бўлими

O'qilgan: 151 bora

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: