LOTIN-КИРИЛЛ

8 ЁШЛИ ЮК ТАШУВЧИ

Синовли йиллар ҳикояси

8 ЁШЛИ ЮК ТАШУВЧИ

Бугунги тинч осуда кунимиз, мусаффо осмонимиз учун аввало Яратганга ва мана шу тинчлик учун курашган инсонларга қанча раҳматлар айтсак оз. Мақоламизда уруш аталмиш шафқатсиз қотилнинг беаёв заҳматларига гувоҳ бўлган учқудуқлик Кривенюк Анна Ивановна билан таништирамиз.

У 1933 йилда Россиянинг Алтай туманида оддий чилангар оиласида туғилган. Онаси фаррош бўлган бу оилада 6 нафар фарзанд вояга етган. Аннанинг болалик йиллари оғир кечади. 1939 йилда Самарқанднинг Каттақўрғон шаҳрига келиб қолади ва мактабда ўқий бошлайди. 

Уруш бошланиши билан ҳали ҳаётни тўла англаб улгурмаган мурғақ жуссаси оғир меҳнат билан юзлашади. Саккиз ёшли Анна поезд рельслари қурилишида юк таший бошлайди.

Уруш қанчадан қанча оилаларни бор-будидан, тинчлигидан ва яқинларидан айирди. Бу йиллар унинг оиласи учун ҳам анча қийин кечди. 1942 йилда Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида кейин Олмаотада яшадилар. Бу сарсон – саргардонлик Аннанинг оиласини ҳам отасидан ҳам икки нафар укаларидан айиради.

1946 йилда эса онасидан ҳам айрилган 13 ёшли Анна оила юкини елкасига олишга мажбур бўлади. Мактабда ўқишга энди унинг на имконияти ва вақти бор эди. Кўпгина жойларда турли оғир ишларни бажаради. Яшашга ва синовларга бардошли бўлишни ўрганади.

Аннанинг ҳаётида яхши кунлар ҳам бўлди, албатта! Севди, севилди, меҳр-муҳаббатга қурилган оиласида уч нафар фарзанди вояга етди. 1967 йилда бутун оиласи билан Ўзбекистонга кўчиб келади. Учқудуқ уларнинг ватанига айланади. Фарзандлари ҳам айнан шу ерда ўсиб-улғаяди.

Аввалига Анна Ивановна лабораторияда, кейинчалик турли жойларда қоровул бўлиб ишлаган. Мана ёлғиз яшаётганига ҳам 30 йилдан ошиқроқ вақт бўлибди. Гарчи, бошидан кечирган қийинчиликлари болалик ва уруш йилларини эслашни хоҳламаса-да, Анна Ивановна маҳалла-кўй, қўни-қўшнилар, ижтимоий хизмат ходимлари, туман ҳокимлиги ҳолидан хабар олиб турганлигидан барчага ўз миннатдорлигини билдиради.

- Болалигимни ўғирлаган, ҳали 8 ёшимдаёқ машаққатли меҳнат қўйнига отган, энг мудҳиши яқинларимдан айирган лаънати урушни қоралайман, - дейди кўзларига ёш олганча қаҳрамонимиз.

91 ёшни қаршилаган Анна Ивановна ҳозирда “Айтим” маҳалласида истиқомат қилади. Юқорида таъкидланганидек, туман ҳокимлиги Шимолий кон бошқармаси, маҳалла вакиллари онахон ҳолидан мунтазам хабар олиб туришади. Зеро, ҳеч бир миллатни бегона демай меҳр кўрсатадиган халқимиз ўша суронли йилларида ҳам бугунги дориламон кунларда ҳам ҳеч кимни эътибордан четда қолдиргани йўқ.

Райҳон ҚОДИРОВА, махсус мухбиримиз.

O'qilgan: 178 bora

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: