Савол; Янги меҳнат кодексига асосан йиллик меҳнат таътилларини бериш тартиби қандай?
Жавоб; Ўзбекистон Республикаси норматив ҳуқуқий ҳужжатларига асосан барча ходимларга, шу жумладан ўриндошлик асосида ишлаётган ходимларга, дам олиш ва иш қобилиятини тиклаш учун иш жойи ва ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда йиллик меҳнат таътиллари берилади. Ходимларга бериладиган асосий меҳнат таътилининг энг кам давомийлиги 21 календар кунидан иборатдир. Барча ҳолларда қонунчилик билан белгиланган таътилларни жамлашда уларнинг давомийлиги бир иш йили учун энг кўпи 56 календар кундан ошиб кетиши мумкин эмас.
Ушбу таътилларга оид ҳолатлар Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексининг IV боби, яъни 216-235-моддалар билан тартибга солиб қўйилган.
Ҳар йилги меҳнат таътилининг давомийлигини ишлаб берилган вақтга мутаносиб равишда ҳисоблаб чиқаришда унинг давомийлиги ҳар йилги асосий ва қўшимча меҳнат таътилининг тўлиқ миқдорини ўн иккига бўлиш ҳамда тўлиқ ишланган ойлар сонига кўпайтириш йўли билан аниқланади.
Янги меҳнат кодексига кўра, Ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра ҳар йилги меҳнат таътили қисмларга бўлиниши мумкин. Бунда ушбу таътилнинг ҳеч бўлмаганда бир қисми ўн тўрт календар кундан кам бўлмаслиги керак.Меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга барча фойдаланилмаган ҳар йилги асосий ва қўшимча меҳнат таътиллари учун пулли компенсация тўланади.
Учқудуқ туман адлия бўлими
Савол; Аёллар нечи ёшдан пенсияга чиқади ?
Жавоб; Қонунчиликда аёлларга умумий белгиланган пенсия ёши 55 ёшни ташкил этади. Аммо аёллар учун 1 йилга қисқартирилган ҳолда, яъни 54 ёшдан пенсияга чиқиш имтиёзи мавжуд. Хўш бу имтиёздан аёллар қачон фойдалана олади? Мазкур масалага алоҳида тўхталиб ўтадиган бўлсак, ушбу имтиёздан фойдаланиш учун аёлларда тўлиқ 20 йил иш стажи бўлиши талаб этилади. Бунда аёллар “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуннинг 37-моддасида белгиланган, қуйидаги келтирилган 4 та банд асосидаги фаолияти давомийлиги 20 йилни ташкил этганида 54 ёшдан ёшга доир пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга бўлади.
Мазкур 4 та банд қуйидагиларни ўз ичига олади:
1) мулк ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, ходим давлат томонидан ижтимоий суғурталанган ҳолда бажарган ҳар қандай иш;
2) ҳарбий хизмат ва партизан отрядлари ҳамда қўшилмаларида бўлиш, давлат хавфсизлиги органларида, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясида ва ички ишлар органларида хизмат қилиш;
3) идоравий бўйсунувидан қатъи назар, ҳарбийлаштирилган қўриқлашдаги, махсус алоқа органлари ва тоғ-кон-қутқарув қисмларидаги хизмат;
4) якка тартибдаги меҳнат ва оилавий тадбиркорлик фаолияти, шу жумладан шахсий ёрдамчи хўжаликдаги ва юридик шахс ташкил этилмаган ҳолдаги деҳқон хўжалигидаги фаолият билан шуғулланган тақдирда имтиёзли пенсияга чиқиши мумкин.
Учқудуқ туман адлия бўлими