Савол; Жисмоний ва юридик шахсларга хулосалар бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш тартиби қабул қилинган деб айтиб қолишди, шу ҳақида маълумот берсангиз ?
Жавоб; Ҳақиқатдан ҳам қонунчиликдаги янгиликларга кўра Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланиш учун Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат этади ёки давлат хизматларидан электрон шаклда фойдаланиш учун ЯИДХПда рўйхатдан ўтади.
Аризалар ЯИДХП орқали дам олиш ва байрам кунларидан қатъи назар, ҳар куни 24 соат давомида юборилиши мумкин.
Аризалар иш вақтидан кейин ёки дам олиш ва байрам кунлари тушганда, навбатдаги иш куни аризаларнинг ваколатли органга тушган ва ваколатли орган томонидан қабул қилинган кун ҳисобланади.
Ариза берувчи ёки унинг номидан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахс ўзи келиб мурожаат этган тақдирда, Давлат хизматлари маркази ходими ариза берувчи номидан, ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда эса, мустақил равишда аризани электрон равишда тўлдиради.
Ариза берувчи ишончнома асосида ҳаракат қилаётганда, белгиланган тартибда тасдиқланган ишончнома (юридик шахс томонидан берилган ишончнома бундан мустасно) аризага илова қилинади.
Паспортда аризага айрим ҳужжатлар илова қилиниши лозимлиги кўрсатилиши мумкин. Илова қилинадиган ҳужжатлар PDF, PNG ёки JPEG форматда бўлиши керак.
Ариза тўлдирилганидан сўнг ариза берувчи маълумотларнинг тўғрилигини текширади ва имзоларни идентификация қилишнинг тегишли воситалари (дактилоскопия, электрон имзо, мобил-ID ва бошқалар) билан тасдиқлайди.
Ариза берувчи ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда, аризани ЭРИ билан тасдиқлаш талаб этилмайди.
Ариза берувчи Давлат хизматлари марказига келиб мурожаат этганда, унинг аризаси марказ ходими томонидан тўлдирилиб, ариза берувчи томонидан тасдиқлангандан сўнг барча ҳужжатлар 10 дақиқа мобайнида ваколатли органга электрон шаклда юборилади. ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда эса ариза автоматик тарзда ваколатли органга юборилади.
Ваколатли орган Паспортнинг 8-бандида белгиланган муддат мобайнида аризани кўриб чиқади. Ваколатли орган аризани кўриб чиқиш муддати давомида ҳужжатларни текшириши, объектларни жойига чиқиб ўрганиши, ушбу ҳаракатларни амалга ошириш учун ўз ходимлари таркибидан ёки бошқа шахсларни жалб қилган ҳолда эксперт ва ишчи гуруҳлар ташкил этиши, шунингдек, ариза берувчининг хулоса талаблари ва шартларига мувофиқлигини белгилайдиган қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа ҳаракатларни амалга ошириши мумкин.
Ариза берувчи томонидан Паспортда назарда тутилган ҳужжатлар ёки маълумотлар тўлиқ тақдим этилмаганда, ариза ва унга илова қилинадиган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжуд бўлганда ваколатли орган икки иш куни ичида ариза берувчига камчиликларни тўлиқ кўрсатган ҳолда хатоларни бартараф этиш ва етишмаётган ҳужжатларни тақдим этиш учун камида беш иш кунидан кам бўлмаган ва ўттиз кундан кўп бўлмаган муддат (имконият) беради.
Учқудуқ туман адлия бўлими