Инсониятнинг улуғлигини қарангки, у ақлини танигани ҳамоно ҳамма нарсани ўз измига бўйсундиришга интилди. Масалан, вақтини тежаш, узоғини яқин, оғирини енгил, мушкулини осон қилиш йўлида кўп ва хўп изланди. Айни мақсад дебочаси сифатида турли ҳайвонларни қўлга ўргатиб, улардан беминнат ишчи кучи ва жонли улов сифатида фойдалана бошлади. Бора-бора бу билан ҳам қаноатланмай, ғилдиракни ўйлаб топди. Ушбу ихтиро замонлар оша такомиллашиб, улкан самара берди. Вақт ўтгани сайин барча соҳаларнинг ривожланиши, одамлараро алоқаларнинг кенгайиши араваларни ўзиюрар темир дастёрларга алмаштиришни тақозо этди. Автомобиллар яратилиб, йўллар уларга мослаштирилди шу тариқа инсоният кашфиётлар ортидан кашфиётлар қилаверди.
Суҳбатимиз бошланишини бежизга ғилдирак ва автомобил тарихидан бошламадик. Мана деярли беш аср бўлибдики автомобиллардан барча соҳаларда фойдаланиш ҳаёт тарзимизнинг бир қисмига айланиб қолди. Албатта, “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖда ҳам енгил автомобилларда одам ташишдан тортиб, катта ўлчамдаги самосвалларда тоғ жинсларни олиб чиқиш ишларида ҳам ушбу темир тулпорлардан кенг фойдаланилмоқда.
Суҳбатдошимиз автомобиллар умрини узайтиришда, ишдан чиққан уловларнинг “умрига умр қўшиш”да бош-қош бўладиган Шимолий кон бошқармаси Автомобил транспорти бошқармаси бош муҳандиси вазифасини бажарувчи Бахтишод Маматов билан бўлади.
-Сиз билан учрашишдан олдин Автомобил транспорти бошқармаси майдонини бир муддат кўздан кечирдим. Бу ерда фойдаланиладиган бу улкан кон техникаларини таъмирловчи чилангарларнинг кун тартиби қандай?
-АТБда кон техникаларини таъмирловчи тўртта участка мавжуд. Булар, ишлаб чиқаришни тайёрлаш участкаси, техник хизмат кўрсатиш участкаси ва 1, 2-сонли жорий таъмирлаш участкалари. Бундан ташқари, “Даугизтау” транспорт цехида ҳам таъмирлаш участкалари ишлаб турибди. Участкаларда 340нафарга яқин пайвандчи, вулканизаторчи, токар ва навбатчи чиларганлар смена ҳамда вахта усулида ишлашади.
Корхонада ходимлар белгиланган талаблар ва кўрсатмалар асосида кийим алмаштириш хонасидан бошлаб, тиббиёт хонаси ва кўрсатмалар бериладиган хоналарда вазифаларини тақсимлаб, фаолиятларини бошлайдилар. Топшириқлар ҳар бир ходимнинг лавозим мажбуриятидан келиб чиққан ҳолда турлича тақсимланади, яъни кимдир самосвалнинг узатмалар қутисини, ички ёнув двигателини таъмирласа яна кимдир бульдозернинг олд курагини пайвандлайди. Баҳайбат баллонлар учун алоҳида ходимлар хизмат кўрсатади. Четдан қараганда улкан уловларни турли томондан таъмирлаётган митти одамчалардек тасаввур уйғонади кишида. Бир-бирига алоқаси бўлмаган ловозимдаги ходимлар аслида бир мақсад йўлида шу улкан техникани ишлаб чиқаришга қайтариш йўлида меҳнат қилади.
-Бу соҳани танлашингизга ким ёки нимасабабчи бўлган? Устозларингиз ва суюкли шогирдларингиз кимлар?
-2011 йилда Тошкент давлат транспорт университетини тамомлаганимдан сўнг, “Навоий кон-металлургия комбинатига ишга йўлланма берилди. Меҳнат фаолиятимни Шимолий кон бошқармаси Автомобил транспорти бошқармасининг марказий таъмирлаш устахонасидажиҳозларни таъмирлаш бўйича навбатчи чилангар вазифасида бошладим. Устозларим Олим Эшқобилов ва Дониёр Бобоқуловлар берган сабоқ, кўникма, улардан ўрганган ишга бўлган масъулият сабаб кўп вақт ўтмай шу участкада уста ва участка бошлиғи, 6-сонли автоколонна бошлиғи ва устахона бошлиғи вазифаларида фаолият юритдим. Меҳнат фаолиятим давомида бир-биридан тиришқоқ, ишда етакчилиқ қобилаятига эга бўлган шогирдларни тайёрладим. Бугун уларнинг кўпчилиги раҳбарлик лавозимларида фаолият юритиб, ўзлари ҳам устозлик қилишмоқда. Шогирдлар тайёрлашмоқда. Рахим Нарзиев, Умид Махмудов, Хасан Ғафуров, Дадахон Эшқувватов сингари шогирдларим шулар жумласидан.
-Раҳбарлигингиздаги участкаларнинг асосий вазифалари нималардан иборат?
-1-сонли жорий таъмирлаш участкаси кон техникаларнинг ички ёнув двигатели, орқа кўприк редуктори, олд ва орқа кўприклар, кузовни пайвандлаш ишлари, БелАЗ-75581/83 маркали самосвалларнинг мотор-ғилдирак редукторини таъмирлаш билан шуғулланади.
Ишлаб чиқаришни тайёрлаш участкаси техникаларнинг гидравлика билан узвий боғлиқликда ишловчи агрегатларини таъмирлаш, токарлик ишлари, металлга ишлов бериш, мисгарлик ишларида асосан радиаторни таъмирлаш, йўл-қурилиш машиналарида пайвандлаш ишларини олиб боради.
Техник хизмат кўрсатиш участкаси ўз номи билан шу участкадаги техникаларга 1-сонли техник хизмат кўрсатади. Автошиналарни таъмирлаш ишлари билан шуғулланади.
2-сонли жорий таъмирлаш участкаси конда фаолият юритиб ишдан чиққан техникаларни ўша ернинг ўзида КРАНТАС техникаси билан кон шароитида майда таъмирлаш ишларини амалга оширади. Мазкур замонавий техника ўзида кичик тамирлаш участкасини мужассам этган, десак тўғри бўлади.
-Ишчилар учун яратилган бугунги шароит аввалгисидан фарқланадими?!
-Сўнги йилларда Автомобил транспорти бошқармасида кўплаб ўзгаришлар, янгиликлар, ишчи-ходимларнинг оғир саноатдаги меҳнатини енгиллаштириш ишлари амалга оширилди. Масалан, илгарилари янги самосвал ва механизлар темир йўл цехида йиғилган бўлса, ҳозирда транспорт харажатлари ва ишчи кучини тўғри тақсимлаган ҳолда шу ернинг ўзида йиғилмоқда. Бунда, 16, 32 тонна юк кўтариш қобилиятига эга умумий қиймати 5 млрд. 389 млн. сўмлик “AIMIXKRAN ltd.” русумли энг сўнги замонавий кранлардан фойдаланилмоқда. Самосвал ёки механизмларни техник кўрикдаги таъмирлаш ишларини тезкор ва сифатли олиб бориш учунмой тарқатиш станцияси ишга тушурилди. Бир вақтнинг ўзида 7 хил мой маҳсулоти етказиб берувчи қишда иссиқ ёзда салқин бинолар қурилди. Таъмирлаш ишларини олиб бориш учун барча шарт-шароитлар яратилиб, мавжудлари қайта реконструкция қилинди.
Катта ўлчамли автошиналарни дискасидан ечиш ва қайта ўрнатишда қўл меҳнатидан фойдаланилган бўлса, ҳозирда бу ишларни НМЗ-200 дастгоҳи бажармоқда. У масофадан бошқарилган ҳолда 200 тонна босим билан дискаларни автошинадан ажратиб қайта йиғади.
Бундан бир неча йил олдин шиналар қўл меҳнатида ямалганида бу шиналар 2000 км.га ҳам бормай қайта ишдан чиқар эди. Бугунги кунда эса ТИП-ТОП ускунаси ёрдамида таъмирланган ғилдиракларнинг ўндан биригина камдан-кам ҳолларда ишдан чиқади. Бу каби амалга оширилаётган ижобий ишларни узоқ санаб ўтиш мумкин.
Бироқ, юқорида қайд этилган айнан қўл меҳнатини енгиллаштириш соҳанинг автоматлаштирилишиишчи-ходимларда меҳнатга муносабатни ўзгартиради, иш унумдорлигини оширади, албатта!
-Истиқболдаги режаларга ҳам тўхталиб ўтсангиз?
-Бугунги кунда Автомобил транспорти бошқармаси таъмирлаш майдонида иккита юк кўтариш крани ишлаб турибди. Улар асосан самосваллар учун хизмат қилиб келмоқда. Йўл-қурилиш механизмларини таъмирлаш майдонида ҳам чорпояли кран ўрнатиш кўзда тутилган. Бу билан биз механизмларни ортиқча туриб қолишининг олдини оламиз шу билан бирга ишчи кучини тўғри тақсимлашга эришамиз.
Токарлик ишларини олиб борувчи барча дастгоҳларни ўзида жамлаган катта цехни ишга тушириш режага киритилган. Турли вазифаларни бажараётган ва бошқа-бошқа участкалардан жойлашган токарлик дастгоҳларни бир жойда жамлаб, унда ишловчи токарларнинг ортиқча оворагарчиликларини бартараф этган ҳолда вақтни тўғри иқтисод қилган бўламиз.
-Бўлинманинг ёш, фаол ва фидойи ишчи-ходимларини санаб ўтсангиз.
-Корхона ривожига муносиб ҳисса қўшишга астойдил аҳд қилган жамоада шундай инсонлар борки, улар билан касбдошлари фахрланадилар. Уларнинг узоқ йиллик самарали меҳнати муносиб рағбатлантирилиб келинмоқда. Жумладан, Шахобиддин Бомирзаев, Байбосин Наубетов, Дилшод Обидов, Илхом Рузиев, Рахим Нарзиев, Қобил Юлдашев, Ғиёс Шомуродов, Элёр Мухаммадиев, Одил Тухташев, Донёр Бобоқулов, Баходир Анваров, Хайрулло Эргашевлар шулар жумласидандир.
Бахтишод Маматов билан суҳбатлашар эканман, берган саволларимга тўлиб-тошиб қалбида фахр ва ғурур билан жавоб беришидан унга бўлган ҳурматим яна бир карра ошди. Зеро, касбини севган одамнинг қалбидан Ватанга муҳаббати бўлади, ватанини севган инсон эса ҳеч қачон ёмон одам бўлмайди.
Суҳбатни Агабек Атаниязов ёзиб олди.