Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2024 йилда макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ривожланишни таъминлаш бўйича устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтяпти.
Йиғилишда президент 2024 йилда иқтисодиётни ривожлантириш бўйича турган устувор вазифаларни белгилаб берди.
Жорий йилда ялпи ички маҳсулотни камида 6 фоизга кўпайтириб, 100 миллиард долларга етказиш режа қилинган.
Лекин, ўтган йили саноат 6 фоиз ўсгани билан, ишлаб чиқаришда қўшилган қиймат 40 фоиздан ошмаётгани кўрсатиб ўтилди.
“Бу рақамлар бизни қониқтирмайди. Булар асосан импортга қарамлик ва энергия истеъмоли юқорилиги ҳамда ортиқча харажатлар кўплиги сабабли бўлмоқда”, - деди давлат раҳбари.
Йирик саноат тармоқларига солиқ юки камайтирилган бўлса-да, кўп тармоқлар давлатга тушумни таъминлаш ўрнига харажатини ошираётгани қайд этилди. Жумладан, 10 та йирик корхонада харажатлар даромаддан тезроқ ўсгани кузатилган.