Ўзбекистон Республикаси Конституцияси давр синовларидан ўтган умуминсоний қадриятларни ўз ичига олган, ривожланган давлатлар тажрибасидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқилган ҳужжат. 2023 йил 30 апрель куни бўлиб ўтган умумхалқ, референдумида халқимиз ўзининг юксак сиёсий онги, ҳуқуқий маданияти ва дунёқарашини намоён этиб, янги тахрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини қабул қилди. Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси давлатчилик, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳаларини бундан кейин ҳам барқарор ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратди.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси кунини муносиб кутиб олиш ва юксак савияда нишонлаш, Асосий қонунимизда белгиланган демократия, эркинлик ва тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик ғоялари атрофида фуқароларни жипслаштириш мақсадида "Конституция - халқчил давлат, барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаёт асоси!" деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий ҳамда маънавий-маърифий тадбирлар Учқудуқ тумани бўйлаб ўтказилиб келинмоқда.
Бугун Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 31 йиллиги муносабати билан “Учқудуқ” маданият уйида “Менинг конституциям!” мавзусида ўтказилган тантанали тадбир ҳам айни шу ғояларни ўзида мужассам этди.
Унда тумандаги сектор раҳбарлари, корхона, ташкилот ва муассаса раҳбарлари, № 99818 –сонли ҳарбий қисм ҳарбийлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
Тантанали маросим давлатимиз мадҳияси билан бошланиб, тарихий саҳна кўринишлари ва бадиий чиқишлар билан давом этди. Шундан сўнг туман ҳокими Соли Хамроев сўзга чиқиб, йиғилганларни байрам билан муборакбод этди.
Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати томонидан эълон қилинган "Қадринг баланд бўлсин, она тилим!" ва “Менинг конституциям!” онлайн танловлари ғолиблари бўлган ўқувчи-ёшлар тақдирланди. Уларга туман ҳокимининг ташаккурномаси, эсдалик совғалари ва китоблар жамламаси топширилди.
Бундан ташқари, тадбирда илк бора Ўзбекистон фуқароси бўлиш бахтига эришган ёшларга ID карталари ҳамда эсдалик учун китоблар тантанали берилди. Янги ҳужжат билан улғайганини яна бир бор ҳис этган ёшлар ўзларининг самимий дил изҳорларини билдириб ўтдилар.
Тадбирда таълим муассасалари ўқувчилари, “Қизилқум” маданият уйи ҳамда “Учқудуқ” маданият уйи бадиий жамоаларининг чиқишлари йиғилганларга байрамона кайфият улашди.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ