“Ёшим 65 да, II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсман. 30 йилдан ортиқ иш стажим бор, 2013 йил умрбод II гуруҳ ногиронлигига чиққанман. 2023 йил март ойида ёшга доир пенсиясига ўтгандим.
Ҳозирда 900 минг сўм пенсия оламан. Яна қайта ногиронлик пенсиясига ўтсам бўладими, тартиби қандай?”, — дея савол билан мурожаат қилган фуқаролардан бири.
Жамғарманинг маълум қилишича, пенсиянинг бир туридан бошқа турига ўтказишда тайинланган пенсияни тўлаш тўхтатилади, қонунчилик билан қўйиладиган иш стажини ва ойлик иш ҳақини ҳисоблаш талабларга мувофиқ бошқа турдаги пенсия тайинланади.
“Пенсиянинг бир туридан бошқа турига ўтказиш тўғрисидаги ариза Пенсия жамғармаси бўлими томонидан ўн кун муддатда кўриб чиқилади. Ёшга доир пенсияни ногиронлик пенсиясига ўтказишда ёшга доир пенсия тайинлангандан кейин эга бўлинган иш стажи ва иш ҳақи ҳисобга олинмайди”, — дея маълумот берган жамғарма.
Қоидага кўра, қайта ногиронлик пенсиясини ҳисоблашда фуқарога биринчи марта ногиронлик пенсияси тайинланган вақтдаги ўртача ойлик иш ҳақи ва иш стажи олинади. Бунда, биринчи марта ногиронлик пенсиясини тайинлаш вақтида амалда бўлган қонунчиликда назарда тутилган пенсияни ҳисоблаш учун иш ҳақи ва иш стажини ҳисоблаш шартлари қўлланган ҳолда аниқланади.
“Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунда давлат пенсияларининг 3 та тури борлиги белгиланган. Улар:
- ёшга доир пенсия;
- ногиронлик пенсияси;
- боқувчисини йўқотганлик пенсияси.
Фуқаро пенсия олиш ҳуқуқи пайдо бўлганидан сўнг исталган пайтда Давлат хизматлари марказига пенсия тайинлашни сўраб мурожаат этиши мумкин. Қонунга асосан, давлат пенсияларининг турли хилларини олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга уларнинг ўзлари танлаган битта пенсия тайинланади.
Ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқи
Ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига:
- эркаклар — 60 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 25 йил бўлган тақдирда;
- аёллар — 55 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 20 йил бўлган тақдирда эга бўлади.
Пенсия тайинлаш учун етарлича иш стажига эга бўлмаган шахсларга ёшга доир пенсиялар камида 7 йил иш стажи мавжуд бўлган тақдирда, бор стажга мутаносиб миқдорда тайинланади.
Ногиронлик пенсиялари
Соғлиғини ёки меҳнат қобилиятини йўқотганлик даражасига қараб, ногиронликнинг уч гуруҳи аниқланади. Ногиронлик пенсиялари қонунчиликда белгиланган тартибда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар деб топилганларга, Чернобил АЭСдаги авария туфайли майиб бўлиш ёки касаллик оқибатида III гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар деб топилганларга тайинланади. Меҳнатда майибланганда ёки касб касаллигига учраганда бериладиган ногиронлик пенсиялари иш стажидан қатъи назар, тайинланади.
Меҳнатда майибланганда ёки касб касаллигига учраганда бериладиган ногиронлик пенсиясидан умумий касаллик туфайли бериладиган ногиронлик пенсиясига ўтказилганда зарур стаж ногиронлик дастлаб белгиланган вақтдаги ёшга қараб аниқланади.
Боқувчисини йўқотганлик пенсиялари
Вафот этган боқувчининг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз оила аъзолари боқувчисини йўқотганлик пенсияси олиш ҳуқуқига эга бўлади. Марҳумнинг қарамоғида турмаган ота-онаси ва эри (хотини) ҳам, кейинчалик кун кечириш учун зарур маблағ манбаидан маҳрум бўлиб қолсалар, пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлади.