Инсон учун ўз саломатлигидан ортиқ бахт бўлмаса керак. Салгина бетоб бўлиб, бирор дард кўрсак, дунё кўзимизга тор кўринади. Агар бизнинг ўрнимизда мурғак фарзандимиз касал бўлиб қолса-чи? Унда икки ҳисса ҳаловатимизни йўқотамиз. Бундай пайтда жонимизга оро кирадиган инсонлар – меҳридарё шифокорлар албатта. Шифо топган дамларимизда шифокорларнинг борлигига, уларнинг заҳматли меҳнатларига тасаннолар айтгимиз келади.
Ана шундай шифокорлардан яна бири туманимиздаги тиббиёт бирлашмасида самарали меҳнат қилиб келаётган ёш педиатр Жаҳонов Санжар Сирожиддинович.
1992 йилда Навоий вилояти Қизилтепа туманида зиёли оилада туғилган Сирожиддин оилада биринчи фарзанд, ўзидан кейинги икки укаси ҳам олий маълумотли педагогика ва юридик мутахассислигига эга. Оилаларида шифокорларнинг йўқлиги, қолаверса митти болажонларга бўлган меҳри сабаб кўнглининг туб тубидаги орзуси шифокор бўлиш эди.
Тумандаги 7-мактабни аъло баҳоларга ўқиб тамомлаганидан кейин, орзулари ортидан қувиб, 2008-2011 йилларда Зарафшон тиббиёт коллежида, 2012-2018 йилларда Тошкент педиатрия тиббиёт институтида таҳсил олди. У олий таълим даргоҳида болалар касалликларини олдини олиш, уларни бартараф этиш ва даволаш бўйича пухта билимларни эгаллади.
Учқудуқ туман тиббиёт бирлашмасида болалар шифокори сифатида ўз фаолиятини бошлаган Санжар Жаҳонов бугунги кунга қадар кўплаб болажонларнинг дардига шифо малҳам бўлди. Болалар орасида учрайдиган юқумли касалликларни бартараф этишга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшмоқда. Тиббий ёрдамга муҳтож оила фарзандларидан беминнат ёрдамини, ғамхўрлигини аямасдан меҳнат қилиб келмоқда.
Асосий вазифамиз болаларни соғломлаштириш, тиббий кўрикдан ўтказиш, эмлаш, турли хасталикларнинг олдини олиш ва даволаш ишларини амалга оширишдир. Болалар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш орқали улар саломатликларини мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқдамиз, – дейди биз билан суҳбатда Санжар Жаҳонов.
Устозлари Одил Уралов ва Бекназар Жалиловдан соҳа сир асрорларини ўрганиб, олий таълим даргоҳида ўрганган билимларини амалиётга татбиқ этар экан, ўзи улғайган Учқудуқда фаолият юритаётганидан, чин маънода шу юрт учун хизмат қилаётганидан фахрланишини алоҳида таъкидлади.
Инсон чарчоғини оила меҳри аритади. Санжарни уйда аёли Сарвиноз, Амина ва Саъдия исмли ширин қизалоқлари кутиб олади. Ота касбига ҳавас қиладиган бу қизлар ҳам шифокор фарзанди эканлигидан чексиз фахрда.
Ҳа, мана шундай ўз касбига садоқатли ёш ва умидли юртдошларимиз бор экан, халқимиз саломатлиги йўлида олиб бораётган эзгу ишларимиз бардавом бўлади.