Жумаев Жамшид Ҳазратович. Ёш бўлишига қарамай истарали, самимий бу инсон билан суҳбатлашар экансиз шифохона раҳбарининг ўринбосари эмас, инсонлар дардига дармон бўладиган шифокор қаршингизда турганини ҳис этасиз. Раҳбар лавозими талаб этадиган жиддийлик нигоҳларида намоён бўлсада, қалбан яхши инсонлардан, деб билдим Жамшид Ҳазратовични. Аслида бугунги қаҳрамонларимизнинг барчаси яхши инсонлар, чунки шифокорларнинг ёмони бўлмайди.
2-тиббий-санитария қисми шифокори, даволаш масалалари бўйича тиббий - санитария қисми бошлиғи ўринбосари Жумаев Жамшид Ҳазратович зиёли шифокорлар оиласида камол топди. Нурота туманидаги ўрта мактабни аъло баҳолар билан тамомлаб, 2011 йилда Андижон давлат тиббиёт институти талабаси бўлди. Жонкуяр, халқ дарди билан яшайдиган инсонгина масъулиятли касб шифокорликни танлайди.
Ҳа, Жамшид акада айнан шу хислатлар намоён эди. Кичкинтой болажонларнинг саломатлигини сақлашга улуш қўшиш мақсадида болалар шифокори йўналишида таълим олди. Шифокорлик соҳасини сир синоатини ҳам ўқишда, ҳам амалиёт жараёнларида мукаммал ўрганган қаҳрамонимиз илк меҳнат фаолиятини 2011 йилда Учқудуқ туманидаги 2-тиббий-санитария қисмида, қабулхона болалар шифокори вазифасидан бошлаган. Устозлари Жиянов Ризо Камолович, Ахмедова Луиза Юлдузовналарнинг маслаҳат ва тавсиялари, билим ва тажрибаларига таяниб иш олиб борди. Кейинчалик Анвар Ахмедов ва Эркин Нормуродовлар ишончи ва қўллаб-қуватлаши натижасида раҳбарлик жамоада ишлаш кўникмаларини ҳам ривожлантирди.
- Олий таълим муассасасини тамомлаб, 3 йил ишлаш шарти билан Учқудуққа юборилганимда мени илиқ кутиб олишди, олийгоҳда олган билимларимни амалиётда мустаҳкамладим. 3 йил ишлаб бердим энди кетиш вақти бўлди, деб Анвар Ахмедовга хайрлашиш учун кирганимда: “Ҳамма ҳам 3 йил ишлаб кетаверса, бу ердагиларнинг саломатлигига ким қарайди, гиппократ қасамёдини қабул қилгансан жой танлама, бемор танлама”, деди койигандай чирой танитиб. Устознинг ана шу сўзлари менга бир умрлик дарс сабоқ бўлди, десам хато қилмаган бўламан. Кетиш қароримни ўзгартирдим, Учқудуқда қолиб ишимни давом эттирдим, - дейди биз билан суҳбатда Жамшид Ҳазратович.
“Шифокорнинг очиқ чеҳраси беморнинг соғая бошлаши демакдир”, деган ҳикматли сўзни кундалик шиорга айлантирган қаҳрамонимиз мана 12 йилдан бери 2-сонли Тиббий-санитария қисми шифокори, муассаса бошлиғининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари лавозимида фаолият юритмоқда.
Жамшид Ҳазратович шифокорлик машаққати ва ташвишларига қарамай ўз малакасини ошириш учун тинмай изланишда бўлади. У Тошкент врачлар малакасини ривожлантириш марказида болалар неврологияси йўналишида ҳам таҳсил олган.
Аёли Шаҳло ҳам зиёли оила фарзанди – ўқитувчи. Оилада Даврон ва Маъсумабегим исмли ширин фарзандлар вояга етмоқда. Ҳар бир ота-она фарзанди келажагидан улкан умидлар кутади. Жамшид Жумаев ва Шаҳло Нурмуҳаммадова ҳам ўзларига ўхшаган эл корига ярайдиган солиҳ ва солиҳа ўғил-қизларни тарбиялашни мақсад қилган.
Бизнинг айтаримиз, оиласи тинчлиги ортидан касбида ҳам барака топаётган ёш мутахассисларимиз сафи янада ортаверсин.