LOTIN-КИРИЛЛ

ЎЗ ИШИНИ СЕВАДИ

 

    Тиббиёт ходимлари касб байрами арафасида навбатдаги ташриф манзили “НКМК жамғармаси” ДМ “Учқудуқ” ҳудудий бошқармаси № 2 тиббий - санитария қисми бўлди. Замонамизнинг ҳақиқий қаҳрамонлари бўлмиш оқ халат соҳиб ва соҳибаларини суҳбатга чорладик. 

   Энг олий бойлигимиз ҳисобланган халқимиз саломатлигини асрашдек масъулиятли ва шарафли ишда фаолият юритаётган тиббиёт ходимлари орасида касбий маҳорати, билим ва тажрибаси, инсонийлик фазилати, фидойилиги тахсинга сазовор бўлганлари талайгина. 

    Турсунова Оҳиста Яндашовна қийинчиликда ўтган болалиги ҳақида гапириб, инсон зотини меҳнат чиниқтиришига, меҳнат инсонни улуғлашига яна бир бор амин бўлдим. Ҳа, бугунги куннинг ёши улуғ инсонлари билан суҳбатлашсангиз албатта қийинчиликда ўтган болалик ва меҳнатда ўтган ёшликни гувоҳи бўласиз. 

   1973 йилда Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида туғилган Оҳистанинг болалиги пахта далаларида ва дарахтлар соясида ўтди. Ёшлигини эслар экан: “Ҳар сафар қишлоққа борганимда катта йўл ёқасидаги уйимиз рўпарасида жойлашган пахта далаларида ўтган ёшлигим кўз ўнгимда гавдаланади, катта-кичик ҳовлилар бўйлаб ўтарканман, юрак алланечук бўлиб, орзиқиб кетади. Ҳа, мен шу далаларда ўсганман, шу ерда улғайганман. Шу кўчаларда оёқяланг югуриб, болаликнинг жингалак сочли, кемтик тишли, шилинган тиззали лаҳзаларини ўтказганман. Шу  қишлоқда уйқуга тўймаган кўзларимни ишқалаб, пахтали нимчаларда тонг саҳарда далаларга этакларим билан отланганман. Кундузлари қуёш тиғидан бекиниб, эгатлар орасида, дарахтлар соясида, туннинг ойдин нурларида китоб билан тиллашганман, тонг билан юзлашганман”, дейди қаҳрамонимиз.

 Ёшлигидан билим олишга иштиёқи баландлиги сабаб уй ва дала ишларидан қочган Оҳистани пахтазорда эгатлар орасида китоб ўқиган ҳолда, ёки китобини бағрига босганча ухлаб қолган ҳолда топардилар. Инсон олдига мақсад қўйдими, албатта унга эришиш йўлида собитқадам бўлиш керак! Оҳиста Турсунова ҳам шифокор бўлишни нафақат орзу қилди, балки бу йўлида қатъий турди. 8 нафар фарзанд орасидан, шифокор бўлиш аҳди қатъий эканлигини айтганида ота-она қувондилар, қариндош-уруғ, қўни-қўшниларнинг: “қизингизни ўқитиб нима қиласиз, барибир турмушга чиқиб, бегона уйга кетади”, деган гап сўзларига ҳам парво қилмадилар. 

   Ота-она дуоси уйқусиз тунлар эвазига олинган билимлар натижасида Оҳиста Яндашовна Украина давлат тиббиёт институтига қабул қилинди. Кейинчалик Бухорода ташкил этилган тиббиёт институтига ўқишини кўчиради. 1997 йилда таълим муассасасини тамомлаб, Шимолий кон бошқармасига қарашли №2 тиббий - санитария қисмида ўз фаолиятини терапевт шифокорликдан бошлаган. Йиллар давомида эгалланган билим амалиётда ўрганган малака иш жараёнида мустаҳкамланиб борди. 

   ТТақдир тақозоси билан Бухоро шаҳридан Учқудуққа келган Оҳиста опанинг бу ерда акаси ва янгасидан, қолаверса институтда эгаллаган билимидан бошқа суянчиғи йўқ эди. Бир вақтлар қишлоқ кўчаларини чангитиб юрган қизалоқнинг бахти ҳам саҳро бағрида чирой очиши ҳам тақдир сўзи бўлган аслида. Ўқиш якунланиб амалиёт охирлаб қолганида туман ички ишлар ходими бўлган Акмал ака билан ҳаёт йўлларини боғладилар.

    Одамзот бир бирига яхши - ёмон кунда суянади. Оҳиста опадаги инсонларга ёрдам бериш, касби тақозосидан эмас олган тарбиясидан, десак тўғри бўлади. Учқудуқдек янги шу билан бирга бегона шаҳарда акасига суянди, кези келганда акасининг оиласи бошига мусибат тушганда ҳам фақат у суянч бўла олди.

    Қаҳрамонимизни яқиндан билган инсон сифатида айтишим мумкинки, уйидан меҳмон аримайдиган, тилидан шукроналик тушмайдиган бу аёлдан кўпчилик ўрнак олса арзийди. Нафақат шифокор, балки ғамхўр ва меҳрибон инсон сифатида ҳам кўпчиликка таниш Оҳиста опани ишхонада ҳам ҳурмати баланд. Бир неча бор меҳнатлари муносиб эътироф этилган, 2020 йилда эса “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишони билан тақдирланган.

    Турсунова Оҳиста Яндашовна нафақат ишда, оилада ҳам мақтаса арзийдиган она сифатида турмуш ўртоғи Акмал ака билан икки қиз ва бир ўғилни етук баркамол инсонлар қилиб вояга етказди. Феруза онасидан ўрганган пазандалик сирларини янада мукаммал ўзлаштириш мақсадида олий таълим даргоҳида шу йўналишда ўқияпти. Шунинг баробарида хусусий пишириқ цехи фаолиятини йўлга қўйган. Азиза эса Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия институти талабаси, ўғли Асилбек эса ота изидан бориб, ҳарбий лицейда таълим олмоқда. 

    Ҳамкасблари Оҳиста Яндашовнани меҳридарё раҳбар, ажойиб инсон деб билса, уни таниганлар доимо ёрдам қўлини чўзувчи олижаноб шифокор сифатида таърифлайдилар. Шундай самимий ва жонкуяр шифокорларимиз халқимиз бахтига омон бўлсинлар!. 


 

O'qilgan: 422 bora

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: