LOTIN-КИРИЛЛ

ТИЛЛА ЗАВОДДА ЎҒИРЛИК СОДИР ЭТГАН “ШОВВОЗ”ҚЎЛГА ОЛИНДИ

         Жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар судининг очиқ суд мажлиси биносида 1994 йилда Самарқанд вилояти, Пахтачи туманида туғилган ва Марказий кон бошқармасининг 7-гидрометаллургия заводида гидрометаллург-аппатарчи вазифасида ишлаган шахсга оид жиноят иши кўриб чиқилди.

         Инсон ўзининг ақл-заковати билан ҳаётга онгли муносабатда қараб, ҳалол меҳнат қилиб, оиласининг моддий таъминотини таъминлаб, эҳтиёжларини қондирса, аста-секин ишлари бароридан келиб, унга бир умр ҳузур-ҳаловат, хотиржамлик йўлдош бўлади. Аксинча, қинғир йўл билан мўмай даромад топиш илинжида нафс балосига гирифтор бўлганларнинг охири вой бўлишини ҳаётда кўп бора гувоҳи бўлганмиз.

Афсуски, шоли курмаксиз бўлмаганидек, Марказий кон бошқармаси жамоаси орасида ҳам охирини ўйламай иш тутадиганлар баъзида учраб, нафақат ўзи ва оиласи балки корхонаси номига ҳам қора доғ туширмоқда.

      Жорий йилнинг 21 август санасида жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар суди раиси Д.Хонбўтаева рислигида Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25, 169-моддаси 4-қисмининг “а” банди билан айбдор, деб топилган шахсга нисбатан кўриб чиқилган жиноят иши мени узоқ ўйга чўмдирди. Очиғи, касбимдан қатъий назар, аввало оила бекаси, она бўлганлигим учун бир онаизорнинг фарзанди қилмиши олдида изза бўлиб ўтирганига ачиндим.

      Аёлнинг нозик қўллари дир-дир титрарди. Ҳа, у ҳам фарзандининг тилларидан пушаймонлик, афсус ноласини эмас, бахтидан хурсанд бўлишини чин кўнгилдан кутган бўлса ажабмас. Аслида она учун қаерда бўлса ҳам фарзанди тинч яшаса, соғ-саломат бўлса бас. Пешонаси қора терга ботиб кетган отага қарайман. Унинг ҳам нигоҳи бир нуқтага қараган, гўё фарзандининг тарбиясида қаерда адашдим деган ўй-хаёлларга берилгандек эди.

       Оила бошлиғи оддий ишчи бўлиб оиласига ҳалол луқма едиргани, она эса ҳеч бир давлат ишига жойлаша олмай, шу даврга қадар ҳеч қаерда ишламагани  учун ўғли комбинат тизимига ишга қабул қилинганида бу оиланинг хурсандчилиги чексиз бўлгани айни ҳақиқат. Келин тушуриб, эндигина невара кўрган онахон агар боласи қамалиб қолса, неварасига отаси қаердалигини қандай тушунтирар экан. Фарзандининг илк қадам ташлаши-ю, чучук тилчасида “дада” дейишини қаерларда эшитар экан бу йигит. Ҳар куни ишдан келишига тансиқ таомлар тайёрлаб кутиб турадиган рафиқаси-чи, қанча муддат ёлғизликда яшар экан, унинг тақдиричи?. Одамларнинг гап-сўзига нима деб жавоб берар экан?!. Зарафшонга тилла заводига ўғлим ишга жойлашди, деб қувониб юрган отанинг аҳволи не кечади, қўни-қўшни, қариндош-уруғ олдида боши эгилиб қолмайдими? Шу хаёллар билан ўтирар эканман, судь раисининг ўқиб-эшиттирган ҳукми диққатимни тортди: Юқоридагиларга асосан, Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 454,457,463, 465...моддаларига мувофиқ суд ҳукм қилади.

          Ҳа, ҳукм ўқилди. Судланувчига нисбатан 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Мен эса барчани огоҳликка чорлаш мақсадида мақола тайёрлаш учун масъуллар қўлидан бир даста қоғозларни олдим. Воқеа асли қандай бўлганлиги аниқ исбот ва далиллар билан келтирилган суд ҳукми билан танишдим.

          2023 йилнинг 18 март куни 7-гидрометаллургия заводи “Десорбция, электролиз ва кўмирни қайта тиклаш” бўлими гидрометаллург-аппаратчиси анализ ванналарининг биринчисидан таркибида олтин бўлган қумни яъни 1 кг 800 грамм бўлган ярим тайёр маҳсулотни целофан пакетига солиб, яширин равишда газ ниқоби қопи орасида олиб чиқаётган вақтида завод ҳудудида ашёвий далиллар билан қимматбаҳо металларни сақлаш ва тартибот бюроси назоратчиси томонидан қўлга олинади. Ўзбекистон Республикаси адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги республика суд экспертиза марказининг хулосасига кўра, ушбу қумнинг таркибида 24,2 грамм кумуш ва 596,3 грамм олтин борлиги аниқланган. Шундай қилиб, аппаратчи “шоввоз”нинг жами 422 миллион 893минг 124 сўмлик қум зарраларини яширин равишда талон-тарож қилганлиги аниқланган.

      Хуллас, ўзича завод ҳудудидан қум зарраларини олиб чиқишнинг  “янги формаси”ни ўйлаб топдим, деб ўйлаган шахснинг қувончи узоққа чўзилмаган.  Бугун техника ва технология ривожланган даврда ҳар бир ҳаракат видео кузатув остига олингани, биридан яширинса, иккинчисининг тасвирига тушиб қолишини, қинғир ишда ҳеч қачон дўст топилмаслигини унутган “шоввоз” нинг қилган иши шармандалик билан якун топди.

     Инсонга берилган ҳаётнинг ўзи Яратганнинг улуғ инъомидир.
Баъзи кимсаларнинг жиноят кўчасига кириб кетишларига сабаб юртимиз тинчлигининг, фаровон турмушимизнинг, соғлиқ ва ҳаёт аталмиш саодатнинг, фарзанд ва оила бахтининг қадрига етмаётганликларидир балки. Энг ачинарлиси, мустақил ҳаётга энди кириб келаётган, ўткинчи хаёлларга берилиб тезда бойиб кетишни орзу қилаётган аппаратчи йигит каби ҳуқуқий маданияти паст даражада, ўзи ва ўзгалар ҳуқуқларини билмасликлари туфайли жиноятчига айланиб қолаётганларнинг ҳам борлигидир.

Нафосат ЗИЁЕВА, журналист.

O'qilgan: 771 bora

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: