LOTIN-КИРИЛЛ

Жасорат майдонида

     Кичик Томаснинг ўқитувчиси унинг уқувсиз ва эпсизлигидан  келажакда ҳеч ким бўлмаслигига шамъа қилиб унинг онасига ёзган мактуби ҳақида кўпчилигимиз ўқиганмиз. Гарчи, таълимни мактабда эмас уйида онасидан олган бўлса-да, Томас Эдисон чироқни ихтиро қилган олим сифатида башарият тарихида қолди.

    Имом Бухорий,Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Чингиз Айтматов, Ўткир Хошимов, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари каби барча даҳоларга тегишли бир сабаб боисидан улар улуғлик мақомига етганлар. Бу - оналик маърифати! Жамият маънавий-маърифий жиҳатдан бой оналарнинг ҳиссалари ортидан бой бўлади, гуллайди, фаровонликка эришади. Ҳикоямиз қаҳрамони, кўп йиллардан бери транспорт соҳасида фаолият юритаётган Камолиддин Эргашевнинг ҳам бугуни аслида олис болаликда, маърифатли онанинг қатъий тарбияси асосида шаклланган.

    1979 йилда Нурота туманида туғилган Камолиддиннинг болалиги азим тоғлар ва бепоён кенгликлар бағридаги Қизилчада ўтди. Салобатли қирлар елкаларида унинг шўхликларию эркаликларини кўтарди. Барча бахтли болалар каби бобо-бувининг меҳри панд-насиҳатларидан чанқоғини қондириб  ўсди. Айниқса, Эргаш бобонинг ўгитларини эшитиш мароқли эди! Болалигида бобоси уни меҳнатсеварлик  одамларга яхшилик қилишга чорловчи ҳикматлар билан обдон сийлади.

    Тақдир шамоли отасининг меҳнат фаолиятига боғлиқ сабаб билан уларни Учқудуққа олиб келганида, у олти ярим, етти ёшлардаги болакай эди. Муаззам тоғлар ва адоғи кўринмас қирлар теграсида ўсган Камолиддин яйдоқ чўл ва жуда кам сонли ўзбеклар истиқомат қиладиган Учқудуққа зийрак ва синчков характери боис ҳам тез мослашди. Фурсат ўтмай  ўзи тенги олтинсоч болалар билан ўртоқ бўлишга  уларнинг тилида гаплашишга ҳам улгурди. Мактаб ва сабоқлар масъулиятини ҳис этди, бунда онаси Гулбуви холанинг ўрни беқиёс. Отаси саноат ва ишлаб чиқариш соҳасида меҳнат қилаётган  икки ўғил ва икки қиз вояга етаётган оилада болаларнинг таълим ва тарбиясидек машаққатли ва ўта масъулиятли вазифа онанинг елкасида эди. Онаси фарзандларининг тарбиясида ҳар бирига алоҳида эътибор қаратар, уларнинг таълими бўйича қатъий жадвал шакллантирилганди. Болаларнинг барчаси меҳнатга, уй ишлари ва тозаликка бирдек масъул эдилар. Камолиддин ана шундай масъулиятли, дилбандлари келажагига лоқайд бўлмаган маърифатли она тарбиясини олди шаклланди. Мактабни битирмаёқ, келажакдаги касбини танлади. Ўзининг қатъий фикрига эга бўлиб улғайди.

    2001 йилда Тошкент автомобил йўллари институтини “Транспорт воситаларини ишлатиш” мутахассислиги бўйича тамомлаб, яна қадрдон Учқудуққа қайтди. Техник ва технологик билимлари билан республика иқтисодиётига хисса қўшиш учун Навоий КМК  Шимолий кон бошқармасига ишга кирди.  2001  йилдан ҳозирги кунга қадар 1-сонли Автокорхона  ходими, 2-сонли колонна бошлиғи ўринбосари ва бошлиғи, 1-сонли Автокорхона бошлиғи, Автомобил транспорти бошқармаси бошлиғи вазифаларида самарали фаолият кўрсатди. Айни кунларда ШКБ транспорт бўлими бошлиғи лавозимида ишлайди.

      Камолиддин Холбоевич янгиликка интилувчан мутахассис. У  йиллар давомида анъанага айланиб қолган эски тизимни босқичма-босқич янгилашга интилар, шиддат билан ўтаётган вақт замонавий техникалар даври бошланганини таъкидлаб шошаётганини қалбан ҳис этарди. 1-сонли Автокорхона бошлиғи этиб тайинланиши унга бунёдкорлик ишларига эътибор қаратишга имкон берди. Аввало, корхона кириш қисмида ташкилот фаолиятини ифодоловчи рамзий символ ўрнатилди. Атрофидаги бир неча йиллар давомида яйдоқ ҳолатда турган бўш ерлар ободонлаштирилди. Муҳандис ва ишчи-ходимларнинг бўш вақтларида соғлом турмуш тарзига амал қилишлари ва спорт билан шуғулланишлари учун бўлинма ҳудудида футбол майдончаси ва спорт зали ташкил қилинди. Қувонарлиси, спорт зал учун бўлинманинг ертўла қисмидан унумли фойдаланилгани бўлди! Бу ерда ходимлар спортнинг тош кўтариш, воллейбол, стол тенниси, шахмат каби турлари билан шуғулланадилар. Ўйиндан завқ олиб эртанги кун режалари билан ўртоқлашадилар.

      Камолиддин Эргашевнинг замон билан ҳамнафас раҳбар экани ярим аср яшаган корхонанинг моддий-техник базаси мутлақ янгиланганида айниқса, намоён бўлди. ШКБ ишчи-ходимларини саноат майдонлари ва турли ҳудудларга ташувчи автомобиллар янгиланди, замонавий юк кўтариш механизмлари келтирилди. “Шарқий” ва “Даугизтау” конлари  ҳудудларида участкалар ташкил этилиб,  ерлар ободонлаштирилди. Турфа гуллар парваришланиб,  ажойиб пейзаж яралди!

       Бундан ташқари, республикамизнинг тарихий шаҳарларига, қадимий ва муқаддас зиёратгоҳларига саёҳатлар давомида ходимларга қулай ва шинам бўлиши учун 40 ўринли автобуслар келтирилди. 

      1960 йилда қурилган бирор марта таъмирланмаган бинода жойлашганфойдаланиш бўлими  биноси мутлақ янгидан қурилди. Замонавий кўриниш касб этган янги  бинода мебель жиҳозлари  оргтехникалар янгисига алмаштирилди. Авваллари қоғозлар қалашиб турадиган столларда бугун сўнгги русумдаги компьютер жамланмалари қўйилган. Тўлиқ  рақамлаштириш технологияси жорий этилган. Бажарилган ана шундай эзгу ишлар самарасидан кексайиб қолган Автокорхона яшаргандек гўё!

      Бунёдкорлик руҳи билан суғорилган эзгу ишлар ортида одамларга яхшилик улашишдек савобли мақсадлар бор, албатта. Бу мақсадлар транспорт соҳасининг ўта мулоҳазали мутахассиси Камолиддин Эргашевнинг кундалик ўй-режаларида ёзилмаган қонундек сақланади, уни янгиликлар яратишга ундайди. 

       Ён дафтарим бор. Бирор нимадан таъсирлансам, янгича файласуфона фикрлар туғилса тиркаб қўяман. Мен юқорида бир инсоннинг жамиятда ўз ўрнини топиб, шахс сифатида камолотга етишида, эл ичра ҳурмат қозонишида “Она”, деб аталмиш улуғ зотнинг ҳиссаси нақадар беадоқ эканини айтиб ўтдим. Райҳон Қодированинг “Учқудуқ – Қизилқум жавоҳири” номли китоб-албомини варақларканман, Камолиддин Эргашевга ва у бошқарган ташкилотга таъриф сифатида “Жасорат майдони” (Арена мужства) дея изоҳ қолдирилганини ўқидиму ён дафтаримнинг бир четига янги фалсафа қўшиб қўйдим:  “Жасур ўғлонларни жасоратли оналар дунёга келтирадилар...”

      Бугун, Камолиддин Эргашевнинг оиласида онаси Гулбуви Эргашевадек жамиятнинг бўлажак тарбияловчилари – маънавиятли-маърифатли қизлар вояга етишмоқда. Камолиддин Холбоевич дилбандларидан бирининг сўзида, бирининг кўзларида онасини кўраркан, исмига монанд тарзда янги-янги мақсадлар сари, замон билан ҳамнафас тарзда юксалишда давом этаверади. 

 

Нилуфар Муйдинова,

Шимолий кон бошқармаси мутахассиси.

O'qilgan: 537 bora

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: