Коррупция бу шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишдир. Яъни коррупция мансаб, мавқеидан шахсий мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлган бир неча жиноятларни ўзида мужассамлаштирувчи иллатдир.
Бугун Навоий вилояти Учқудуқ туман қўриқлаш бўлимида Навоий вилояти ҳарбий прокурор ёрдамчиси С. Шодмонов томонидан «Коррупцияга қарши курашиш – ҳар биримизнинг вазифамиз» мавзусида учрашув ташкил этилди.
Тадбирда сўзга чиққан вилоят прокурори ёрдамчиси С.Шодмонов ўз маърузасида, коррупция ва унинг оқибатлари, вужудга келиш тарихи, бугунги халқаро жамоатчиликнинг коррупцияга қарши фаолияти ва Ўзбекистонда коррупцияни олдини олиш, соғлом инвестицион муҳитни яратиш, халқ манфаатларини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар тўғрисида батафсил маълумотлар бериб ўтди.
Учрашув очиқ савол-жавоблар билан ташкил этилиб, баҳс-мунозаралар билан давом этди.