LOTIN-КИРИЛЛ

МАҲАЛЛИЙЛАШТИРИШ ДАСТУРИ АМАЛДА

   Яқинда Музаммил исмли 9-10 ёшлардаги афғон болакайнинг Республикамиз тўғрисидаги мулоҳазаси хорижлик блогер томонидан ижтимоий тармоқлардан бирида ёритилди. Туркияда яшаётган ва у ердаги зилзила сабаб вақтинча Тошкентга кўчган Музаммил шу оз  муддатлик истиқоматида Ўзбекистонни яхши кўриб қолган. Ватанимиздаги тинчлик, ободликка хавас қилиб, имконият берилса бир умр Ўзбекистонда яшаб қолажагини билдирган.

   Музаммилнинг самимий сўзларидан илҳомландим, қувондим, ҳам ўкиндим. Қувончимнинг сабаби, она сайёрамизнинг бир бўлагида кичиккина жуссасида улкан қалбли инсон ўсаётгани, ўкинчимнинг боиси, баъзи катта ёшдаги юртдошларимизда шу 9-10 ёшли болажондаги шукрона ва тафаккурнинг йўқлиги...

   Музаммил Ўзбекистон болаларининг бахтига самимий ҳавас-ла қараб қолди.  

   Бугуннинг боласидаги бахтга, имкониятга ўзим ҳам ҳавас қиламан. Ҳали мактабга бормай туриб чемпионликка эришган болалар, 4-синф ўқувчисининг ментал арифметика бўйича ғолиблиги, мактабни битирмасдан талаба бўлган ўқувчилар, кунда-кунора тилларни билиш даражаси бўйича сертификатни қўлга киритаётган ўғил-қизлар...

   Етти ёким саккиз ёшда эдик. Ўртоқларимиз билан иккита гугурт қутисига (ўша пайтлар тикувчилар бозордан алоҳида эътибор билан танлаб оладиган!) нозик ип боғлаб:  “Телефон-телефон” ўйнаганмиз. Орамиздаги 5-6 метрлик масофадан ип орқали товушимиз бир-биримизга берилаётгани ҳайратлантирганида бугунги - имконияти чегара билмас смартфонлар тушимизга ҳам кирмаган, гугурт қути “телефонларимиз” гўдак кўнглимизда ихтиро яратишга бўлган ғояларнинг митти учқуни эди.

   У учқунларни давр шамоллари ўчириб қўйди. Ҳа, давр ҳар бир инсон тақдирига даҳлдорлик  қиларкан.  Истеъдодларнинг истиқболи  ижтимоий-сиёсий жараёнга бевосита боғлиқ экан.

    “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти ходими сифатида ушбу йирик компанияда фаолият юритиш ҳар биримизга бахт ва келажакка ишонч хиссини беради!
Комбинат спорт, санъат, маданият, илм-фан, техника ютуқларига эришган ва шу йўлда изланаётган ходимларини доимо қўллаб-қувватлайди. Шу боис, ихтиро ва расионализаторлик таклифлари мавжуд ёшлар ҳамда, мутахассисларни рағбатлантириш мақсадида, “Энг яхши ихтирочи”, “Энг яхши ёш расионализатор”, “Энг яхши инновасион ғоя ва расионализаторлик таклифи” кўрик-танловлари, шунингдек, бўлинмаларда ёш расионализаторлар клублари ташкил этилган. Шимолий кон бошқармасининг ёшлари ишлаб чиқариш техника ва иновасиялар бўлими ташкил этган ана шундай клубларда ўзаро фикр алмашадилар, ғояларининг аҳамиятини муҳокама қиладилар, турли танловларда расионализаторлик таклифлари билан иштирок этадилар.

  Кончилик, олтин ажратиб олиш технологияси, механика, энергетика, ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ҳамда, информасион-коммуникасион технологиялар йўналишлари бўйича ташкил этиб келинаётган танловларга иштирок этиш истагини билдирган қобилиятли ёшларимиз сони борган сари ортиб бормоқда. Комбинат ёшларига ихтирочилик ва расионализаторлик таклифлари учун 2022 йил 4 мартда тасдиқланган буйруқ ва танлов Низомига асосан, муаллифларга тўланадиган  қийматнинг ўртача  4 маротабага оширилгани уларга рағбат ва қанот бўлди. 

Ҳамкасбларимиз томонидан 2018 йилда 9 та, 2019 йилда 11 та, 2020 йилда 41 та, 2021 йилда 37 та, 2022 йилда 38 та расионализаторлик таклифлари ишлаб чиқилиб, улар тўлиқ равишда саноатга жорий этилди. Мақоламиз ҳам айнан шу мавзуда: меҳнацевар, масъулиятли, янги ғоялар  билан яшовчи, уйғоққалб  ҳамкасбларимиз ҳақида.  

НАФОСАТ СОҲИБАСИНИНГ ТЕХНИК ҒАЛАБАСИ

 

У ҳақида соатлаб гапириш, бет-бет мақола ёзиш мумкин. Унинг инсонийлиги таърифи ўзи бир дунё! Ҳаёти, фаолияти бир китоб! Ҳали мактаб ёшига етмаган митти қизалоқ катта-катта хоналарни юваётган меҳрибони ёнида ҳар доимо ҳозир, ёрдамчи эди, гоҳ чангларни артар, гоҳ бўйидан узун швабрани қўлига оларди. Онасининг меҳнатини, сабрини кўриб катта бўлди. Яратган юқтирган истеъдод олови ҳам бор эдики, бошқа тенгдошларига ўхшамасди: тўқиш, тикиш, дзюдо, сузиш, рассомчилик каби тўгаракларга қатнаркан, бир куни гўёки катталардек ташвишли оҳангда онасига шундай деди: “Онажон, ҳаётимиз жуда қисқа, мен кўп ишлар қилиб улгуришим керак!”  Ўшанда у 10 ёшда эди...

Митти қизалоқ ҳаётнинг қисқалигини англагани сари кўпроқ чизгиси келар,
Мусиқа ва санъат мактабидаги устози эса уни янада руҳлантириб, Республикада ягона бўлган Нурота туманидагиТасвирий ва амалий санъат лисей-интернатида ўқишини, фақат ўша маскандагина унинг рассомлик қобилияти юксалиши мумкинлигини тинмай таъкидларди.
Онаси ҳарқанча қаршилик кўрсатмасин, у орзуси томон катта қадам ташлаганди, яъни,
Нуротага – лисейга кетишга қарор қилганди.

Оиладаги камхаржлик қалбидаги меҳнацеварлик оловини янада гуриллатди: бировда мойбўёқ бор, менда йўқ, деб ўтирмади, расм чизиб, зардўзи кашталар тикиб  қоғозу  бўёқлар сотиб олди. Тўмариснинг бор жасоратию нафосатини ифодалаган сурати билан “Зулфия” мукофотига номзодлар қаторида иштирок этдию қўлларини ҳавога силкиди. Кўрик танловлардаги адолацизликларга жавобан қўли боғлиқ қиз суратини чизди, бироқ у бу сурати билан мағлуб эмас, аксинча, ғолиб бўлганини ва нафосат инган қалби нақадар қудратли эканини исботлаганди.

Унга қийинчиликлар куч берди. Ошхонада сотиладиган ширин коржларга тамшаниб қараб қўяр, бола кўнгли учун дунёдаги энг ширин коржлар фақат шу ерда пишириларди! Қорни тўйиб овқатланмаган кунлари суратлар оламига ғарқ бўлиб кетди ва машаққатлар ортидан беқиёс гўзалликлар ярата олди. 5 - синфда Нуротага ўқиш, изланиш, юксалиш учун келган митти татар қизи лисейни битирганида Рамиля исмли ўзбек қизга айланганди. Ундаги маданият, гўзал ахлоқ, самимийлик олти йил давомида бирга ўқиган синфдошларининг Рамиляга айроча меҳр қўйишларига сабабчи бўлган. 

Рангова Рамиля Рифкатовна Марказий физика-кимёвий лабораторияси кимёгар-муҳандиси. 1987 йилда Учқудуқ туманида туғилган. 1998-2005 йиллардаНурота туманидагиТасвирий ва амалий санъат лисей-интернатида ўқиган. Навоий кончилик коллежининг “Кончилик иши” йўналишини тамомлаган.  Ҳозирда Навоий давлат кончилик университети ИИИ - босқич талабаси.

2005 йилдан ҳозирги кунга қадар Шимолий кон бошқармасида меҳнат қилмоқда. Айни вақтда Марказий физика-кимёвий лабораториясида кимёгар-муҳандис сифатида фаолият юритаётган Рамиля Рифкатовна жамоада ўзининг муносиб ўрнига эга. Самимийлиги,  меҳнацеварлиги ва касбига садоқат билан хизмат қилишдек олижаноб фазилатлари ила ҳамкасбларига ўрнак. Шу билан бирга у яратувчанликка ошно мутахассис. Ана шу характери лабораториядаги таҳлил идишларининг сифати, яроқлилиги, келтирилиши билан боғлиқ муаммоларга ечим топишга, идишни маҳаллийлаштириш йўлларини ўйлашга ундар, расм солган нафис бармоқларини эндиликда техник ғалаба учун ҳам ишлата олиши мумкинлигига ишонарди, чунки бугун у орзу қилган давр бошланганди.

Бундан йигирма йиллар аввал қўллари боғлиқ, умидлари кесилган қизнинг суратини чизган пайтидек  ҳозир унинг қўллари боғланмаган, таълим, илм-фан, техника, спорт каби соҳаларда изланаётганлар учун рағбат даври келди!

 Бу рағбат бошқалар қатори Рамиля Ранговага ҳам қанот берди: тигел (идиш)ларнинг таркибини ўрганди. Ва ниҳоят,  тигелларни лабораториянинг ўзида пухта ва исиққа ўта бардошли этиб ясашга киришди. Ҳозирда ушбу ғоясининг амалдаги исботи корхонага фойда келтириш арафасида. Ҳатто комбинат бўлинмалари орасидан бентанит ва кварс аралашмасидан ясалган ушбу тигелларни сотиб олишни режалаштирган харидор-бўлинма ҳам топилди!

Рамилянинг тигеллари уста-кулоллар ясаган нафис буюмларни эслатади. Бу бежиз эмас, албатта, нафосат соҳибасининг техник ғалабаси энди бошланди! Балки бугун мен оққа кўчираётганлат унинг яна янги яратувчанлик ғоялари  тафаккурининг оромини бузиб, уйғоқ қалбига чўғ солгандир...

ТЕМИР ЖИҲОЗЛАР ТИЛИНИНГ ТАРЖИМОНИ

Унинг болалиги сўлим-сокин Навбаҳорда ўтди. У кўпинча бобосининг темир-тақалар сақланадиган устахонасидан чиқмай, велосипед, арава ғилдираклари, болт-гайкалар, қўйинг-чи, “ўзаги” темирдан бўлган барча жиҳозлар билан ўртоқлашиб, устахонада куймаланарди.  Бола тафаккурига юксакликдан бўй кўрсатиб, митти  қалбига ҳали маъноси номаълум бўлган ихтиро сўзи уни мана шу темирлардан нималардир ясашга ёки тузуккина велосипедларнинг занжиру ғилдиракларини ечиб-бузишга ва яна тузашга буйруқ берарди.

Унинг бугунги тақдир ёзиқларидаги ёлқинлар, механика илмининг илдизлари бобосининг пўримликдан узоқ бўлган мана шу оддийгина  устахонасида шаклланган бўлса ажаб эмас! 

1992 йилда Навбаҳорга ўзи билан баҳор бошлаб келган чақалоққа маърифатли  ота-онаси “Шоҳнома”дан яхши ниятлар ила Суҳроб деб исм беришди. Балки бу тақдир тасодифидир, кун келиб Суҳробжоннинг меҳнат фаолияти исми маъносига уйқаш кон-металлургия корхонаси билан боғланди (“Суҳроб” – “лаъл”, “ёқут” маъносини беради ва ушбу маъданлар ҳам олтин каби қимматбаҳо ҳисобланади!).

2008-2011 йилларда Навоий кончилик коллежида “Қўлда электр пайвандчиси”, “Газ пайвандчиси”,  2012-2016 Навоий Давлат кончилик  ва технологиялар университетида “Машинасозлик технологияси, машинасозлик ишлаб чиқаришни жиҳозлаш ва автоматлаштириш” ихтисосликлари бўйича таълим олди.

Талабаликни ортда қолдириб, Учқудуққа – Шимолий кон бошқармасига берилган йўлланма асосида бошқарма бош механик бўлимига муҳандис-конструктор сифатида ишга қабул қилинди. Ўзининг таъкидлашича, бош механик бўлимида ўтган икки йиллик фаолиятида у энг яхши устоз-мутахассислардан сабоқ олишга муваффақ бўлди. Жаҳонгир Хайитов, Собиржон Иззатиллоев, Отабек Дониев, Хикмат Раҳматов, Нурали Дўстов, Элёр Хушназаров, Александр Косенко каби устозлар Суҳробжон Набиев учун ихтисосликнинг янги истиқболини очиб бердилар.

2017 йил 27 ёшли йигитни катта ишонч билан Шимолий кон бошқармасининг асосий бўлинмаларидан бири, ишлаб чиқаришнинг масъулиятли тармоғи бўлмиш Таъмирлаш-механика цехи  технологи лавозимига ўтказилди. Сэх унинг учун ҳам касбий, ҳам ҳаётий жиҳатдан катта тажриба майдони бўлди. Суҳробжоннинг тилидан тушмайдиган аҳиллик, бирдамлик, бир-бирини қўллаб-қувватлашдек олижаноб фазилатлар шаклланган сэх атмосфераси ёш мутахассиснинг улкан саноат корхонасида ўзининг муносиб ўрнини топишига кўмакчи бўлган.  

 Суҳробжон Набиев меҳнат қилаётган Таъмирлаш-механика цехи  корхонанинг невропотологи, жарроҳи десам муболаға бўлмайди. Кон майдонларида хизмат кўрсатаётган техникаларнинг дардини аниқлаш ва даво муолажаларини қўллаш  ушбу сэх ходимлари қўлида! Сўзимни инкор этмасингиздан аввал бир далил келтирай.

Суҳроб Набиевнинг меҳнат фаолияти билан танишиш учун сэхнинг таъмирлов майдони ҳудудида борарканман, “БелАЗ” русумли оғир юк автомобилининг металл рамаси (темир “қовурғалари”) эътиборимни тортади.  Худди инсон органларини ушлаб турган устухонлар каби кўринишга эга салобатли техника, рамасидаги носозликлар сабаб, бирам ҳайбатини йўқотган, механиклар шифосига муҳтожлиги сезилиб турарди. Айнан сэх мутахассислари ва ходимлари  автонинг каръер майдонларида яна алп қоматини кўз-кўз қилиб маъдан ташишида, ўзидек улкан нархларда сотиб олинган техниканинг умрини узайтириши устида бош қотирадилар, тер тўкадилар. 

Юқорида санаб ўтилган жиҳозлар ортида миллиард-миллиард маблағлар сарф-харажати бор гап. Саноат учун сув ва ҳаводек зарур ёқилғи-мой маҳсулотлари, техник-технологик жиҳозларнинг барчаси давлатларни боғловчи тинчлик, дўстлик ришталари орқали хориждан мамлакатимизга кириб келади.

Кўриниб турибдики, кўпминг кишилик жамоанинг насибаси тинчликнинг бардавомлигига нақадар боғлиқ! Республикамизда миллий иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш ва маҳаллийлаштириш дастури бўйича, ҳамда инновасион ғоялар юзасидан кенг қамровли ишлар олиб бориш нақадар зарур!

Суҳробжон Набиев шуни англагани ҳолда, Навоий машинасозлик заводидан
672 018,00 сўмдан сотиб олинувчи лопастларни сэхнинг ўзида ясашга эришди.
3-сонли Гидрометаллургия заводининг лопастларга бўлган эҳтиёжини бир йилда 550 дона деб ҳисобласак, ҳар бир лопастдан 101 791, 65 сўм иқтисод қилинади. Бу рақамларни 550 донага кўпайтирилса, 55 985 407,50 сўм миқдордаги пул маблағини тежашга эришилади. Навоий машинасозлик заводида ишлаб чиқарилаётган лопастларни Таъмирлаш-механика цехи  шароитида ишлаб чиқариш орқали маҳсулот таннархи камайиши билан бирга, ишлаб чиқариш ассортименти ортади.

Тил ижтимоий ҳодиса, деймиз. Тил фақат инсонларда бўлади, деймиз. Балки тўғридир, бироқ, гуллару дарахтлар билан суҳбатлашаётган боғбон, мўйқаламни ўзига бўйсундирган мусаввир, самога нозик арқон тортиб одимлаётган дорбозлар касбининг моҳири бўлиш учун қайси тилда сўзлашаркин?  Суҳроб Набиев-чи?  Менимча,  тушундингиз муштарий.

Хулоса.

Суҳроб Набиевнинг фахр билан: “Жаҳонгир Ҳазратиллоевичдек касбига, одамийлигига садоқатли инсонга шогирд тушганим бу - ҳозирги муваффақиятларимга калит бўлди”, деган сўзларидан бир ҳикмат ясадим: Яхши ота-онадан  бешта ёким олтита яхши фарзанд қолар, бироқ, яхши устоздан  ўнлаб, юзлаб яхши шогирдлар  қолади.

Нилуфар Муйдинова,

ШКБ Ахборот ва маънавият-маърифат гуруҳи мутахассиси.

 

O'qilgan: 423 bora

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: