Август ойининг биринчи якшанбаси "Темир йўл транспорти ходимлари куни"
Бугунги кунда юрт равнақи ва фаровонлигига ҳисса қўшишдек эзгу мақсад билан яшаётган инсонларнинг шарафли меҳнати ва улар меҳнат қилаётган корхона фаолиятини очиб бериш ҳам ўзига хос эътибор аслида.
Айни кунларда касб байрамини нишонлаш арафасида бўлган Шимолий кон бошқармаси темир йўл цехи жамоаси ҳам ўтган даврлар давомида шарафли йўлни босиб ўтди. Учқудуқда темир йўл цехи нинг тарихи 1959 йилда илк ётқизилган бор-йўғи 27 километр темир йўл излари ва 1 та ТЕМ-1 русумли тепловоз билан бошланган. 1995 йилдан бошлаб эса, цехда катта ўзгаришлар рўй беришни бошлади. Ўша пайтлар цехда 4 та тепловоз, 150 нафар ишчи-ходим фаолият олиб борган бўлса, кейинчалик темир йўл цехига маъданлар ва кислота ташиш учун янги вагонлар ва тепловозлар сотиб олинди. Вагонлар ва тепловозларга ўз вақтида техник хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш учун зарур бўлган эҳтиёт қисмлар таъминоти анча яхшиланди. Корхона эҳтиёжи ва ишлаб чиқариш кўламининг кенгайиб бориши, темир йўл сэхининг ҳам ўз ўрнини мустаҳкамлаб ривожланиб боришига замин яратди.
Бугунги кунга келиб, темир йўл цехи кенг ва техник жиҳатдан барча қулайликларга эга бўлган базада жойлашган бўлиб, вагонлар ва тепловозларга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш учун анчагина яхши шароитга эга. Юк кўтариш мосламалари (кранлар) ва тепловозларни ҳаракат қисмларига хизмат кўрсатиш учун зарур бўлган кузатув ямаси доимий ишлаб турибди. Шу билан бирга уларга хизмат кўрсатувчи техник ишчи-ходимларнинг иш шароити ҳам юқори даражада.
Темир йўл цехи да хизмат қилаётган ёш ишчи-ходимларнинг асосий қисми олий маълумотли мутахассислар бўлиб, улар ўз малакасини ошириб бориши билан бирга ёш, янги келган ишчиларга ҳам касб сирларини ўргатиб келмоқдалар. Аҳил жамоада касб сирларини мукаммал ўрганган устозлар назоратида амалга ошириладиган ҳар бир амалиёт, бугун иш унумдорлигида ўзининг натижасини кўрсатмоқда.
Бугунги кунда 418 нафар ишчи-хизматчилар қарийб 110,7 км темир йўл, 124 та темир йўл стрелкалари, 21 та темир йўл кесишмаси, 318 дона ҳар хил турдаги юк вагонлари, 14 та тепловоз ва бошқа йўл қурилиш механизмларига хизмат кўрсатади.
Темир йўл транспорти Шимолий кон бошқармаси ишлаб чиқариш фаолияти учун зарур бўлган хомашё ва тайёр маҳсулотларни ташиб берувчи асосий транспорт бўлинмаси ҳисобланади. 3-сонли гидрометаллургия заводи учун асосий хомашё бўлган руда Учқудуқдан 150 км узоқликда жойлашган “Даугизтау” конидан, 95 км узоқликдаги “Аджибугут” конидан ва 30 км узоқликда жойлашган “Кокпатас” конларидан вагонларда ташиб келтирилади. Бунинг учун “Учқудуқ” саноат майдонида 7 та ва “Даугизтау” майдонида 2 та, “Аджибугут” саноат майдонида 2 тепловоз узлуксиз ишлаб турибди.
Албатта юқорида таъкидланган тизимли ишларни олиб борилишида Шимолий кон бошқармаси темир йўл цехи бошлиғи Назиржон Мирзақобилов раҳбарлигидаги аҳил жамоанинг ҳиссаси беқиёс. Улар орасида Қувондиқ Дониёров, Олтин Шарипов, Фазлиддин Сойибназаров, Равшан Мирзақобилов, Лазиз Абдиев, Шокир Қўчқоров, Ислом Аслонов, Ширинбой Рахимов, Завқиддин Шарипов, Озод Жумаев, Улуғбек Хўжаев, Бекзод Арзиев, Шокир Буронов, Собир Қодиров, Маърифат Джалилова, Аби Алимбаев, Аббос Эшмуродов, Жонузоқ Пўлатов, Ҳасан Ҳайдаров, Маъруфжон Расулов, Тўлқин Гоппорот, Анвар Тилавов, Анвар Эшқувватов, Шерзод Бекназаровларни борлигини алоҳида эътироф этиш ўринли.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, сэх аҳил жамоси ўзларига юклатилган вазифаларга сидқидилдан ёндошиб, юкларни манзилларига беталофат етказишда режа-топшириқларни ойма-ой ошириб бажаришмоқда. Бу ютуқлар замирида эса мамлакатимизда амалга оширилаётган “Инсон қадри учун” тамойили асосида ишчи-ходимларга яратилган муносиб меҳнат шароитлари турганлиги шубҳасиз!
Бугун темирйўл цехи ходимларининг мақсади битта “Юртимизнинг буюк келажаги, халқимизнинг бахту-саодати, соҳанинг бундан-да юксак тараққиёти йўлида олиб борилаётган кенг қамровли бунёдкорлик ишларига беминнат ҳисса қўшиш”.
Касб байрамингиз муборак бўлсин азиз Темир йўл транспорти ходимлари!
Райҳон ҚОДИРОВА, махсус мухбиримиз.