Бундан 28 йил олдин, яъни 1995 йил 14 июнь куни мамлакат иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлаш йўлида муҳим аҳамиятга эга бўлган 3-гидрометаллургия заводининг биринчи босқичи ишга туширилди.
Мустақилликнинг илк йирик иншоотини фойдаланишга топшириш катта воқеага айланди. Шу кунга қадар Учқудуқда фақат уран қазиб олинган бўлса, янги завод ишга туширилгач олтин ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилди.
3-гидрометаллургия заводининг ривожланиш тарихи бу, завод қурилишидан тортиб янги технологик объектларнинг ишга туширилиши ва албатта янги инновацион ғояларни ишлаб чиқаришга тадбиқ этиш билан узвий боғлиқдир. Ҳозирда ушбу ишлар давоми ўлароқ, флотоконцентратни бактерия ёрдамида оксидлаш схемасинининг унумдорлигини ошириш мақсадида, биооксидланиш цехида қўшимча биореакторларни қуриш лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши таркибида олтин мавжуд бўлган хомашёни қайта ишлаш ҳажмини ошириш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш имконини беради.
Бундан ташқари, биореакторларни совутиш тизиминининг самарадорлигини ошириш мақсадида, 2008 йилда BIOX мажмуаси ишга туширилганидан сўнг, фойдаланишдан чиқарилган беш секцияли сув совутиш минорасини тиклаш, реконструкция қилиш ва фойдланишга топшириш ишлари олиб борилди. Қуюлтириш, саноат чиқиндиларини зарарсизлантириш ва реагентларни тайёрлаш цехининг қуюлтириш жараёни самарадорлигини ошириш мақсадида, Ц-100 қуюлтиргичининг қабул қилиш идишлари реконструкция қилинди. Бу эса флотация чиқинди маҳсулоти нейтраллаш қолдиқларини ва сорбция чиқинди маҳсулотининг янги схемасини жорий этиш имконини берди. Натижада жараёнга қайтариладиган айланма сув ҳажмини ошириш, чиқинди бўтанаси билан сув йўқотилишини камайтиришга эришилди.
Завод мутахассислари томонидан айланма сувнинг бир қисмини қайта ишлаш технологияси ишлаб чиқилиб, технологик жараёнларга қайтарилди. Бу каби чора-тадбирлар самараси ўлароқ, сўнгги йилларда технологик жараён учун тоза техник сув сарфини 2,5 дан 2,2 м3/т маъданга, яъни 10% га камайтириш мумкин бўлди.
НКМК марказий лойиҳалаш бўлими мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган лойиҳага мувофиқ, қуюлтириш, саноат чиқиндиларини зарарсизлантириш ва реагентларни тайёрлаш цехида суюқ каустик натрий эритмасини қабул қилиш қурилмасини қуриш ва ишга тушириш ишлари якунланди. Янги хлорид кислотасини қабул қилиш ва сақлаш узелини қуриш ишлари бошланди. Дастлабки лойиҳада қуруқ реагентларни сақлаш кўзда тутилмаганлиги сабабли, флотацион бойитиш цехида мавжуд ва бугунги кунда фойдаланилмаётган бинони флотация жараёнида фойдаланиладиган реагентларни вақтинча жойлаштириш ва сақлаш учун омборхонага айлантириш лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Шунингдек, фильтрлаш, қуритиш ва куйдириш цехининг эскирган фильтр матоларини утилизация қилиш, сорбция, регенерация ва тайёр маҳсулот цехида натрий циянид эритмасини қабул қилиш ва етказиб бериш бўйича янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ишлари бошланган.
Ҳозирда заводнинг ишлаб чиқариш қувватларини ошириш йўлида рационализаторлик ва инновацион ғояларни жорий қилиш ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. 2011йилдан бошлаб рационализаторлик соҳасида туб бурилиш юзага келди ва бунда асосан завод ёшлари фаол иштирок этмоқдалар. Охирги 5 йилликда 329 дан ортиқ рационализаторлик таклифлар рўйхатга олиниб, кўпчилиги ишлаб чиқаришда самарали фойдаланилмоқда. Бу эса маҳсулот таннархини камайтиришга технологик кўрсаткичларни сезиларли даражада яхшиланишга олиб келди.
Олтин корхонада ишлаб чиқариш кўрсаткичларига қанчалик аҳамият берилса, моддий бойлик яратаётган ишчи-ходимлар учун ҳам зарурий шарт-шароитлар яратишга муҳим эътибор қаратилади. Заводга кираверишда ёзда салқин, қишда иссиқ бўлиб турадиган атриумдатурли гуллар ўстирилган. Аквариумда балиқлар сузиб юрган жонли бурчакларда салқинлик нафаси уфуриб турган шаршараларга гувоҳ бўласиз. Ишчи-ходимлар қўл меҳнатига асосланган “Моҳир қўллар” бурчагига қўйилган экспонатлар бу ерда истеъдодлилар кўплигидан дарак. Спортда эришилган ютуқлардан ҳикоя қилувчи кўргазмали воситалардан кўриниб турибдики, завод ёшларини спортсеварлар жамоаси дейиш мумкин.Шу ернинг ўзида шашка ва шахматда ўзаро беллашувлар ташкил этиш имконияти яратилган. Автобусни кутиб туриб ҳам бу каби қулайликлардан бемалол фойдаланиш мумкин.
Завод ичкарисига кириб борган сари цех ва участкаларда ҳам бу кабиэзгуишларнинг мантиқий давомини кўрамиз.Қолаверса, завод ошхонасида тайёрланаётган парҳез таомлар барчага манзур бўлмоқда. Жорий йил охиригача 900 ўринли янги маиший комбинат қурилиб фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган.
Корхона раҳбариятининг жамоага дахлдор ижтимоий муаммоларни бартараф этишга қаратилган сайёр қабуллари ўтказилиб, мавжуд муаммолар бартараф этилмоқда.
Шунингдек, ташкилот хотин-қизлар кенгаши, ёшлар етакчиси, маънавий-маърифий ишлар бўйича инспектор ҳамда 1-сонли касаба уюшмаси фаоллариҳамкорлигида турли маданий, маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Юртимизнинг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар ташкил этилиб, танловлар, интеллектуал ўйинлар, спорт мусобақалари ҳамда давра суҳбатлари ташкиллаштирилмоқда.
3500 тадан ортиқ бадиий ва илмий адабиётлар жамланган мўъжаз кутубхона эса ишчи-ходимлар биландоимо гавжум.
Бундан ташқари, ҳар бир ходимни ва уларнинг фарзандларини соғломлаштириш, меҳнат таътилини мароқли ўтказиш ҳам эътиборданчетда қолмаган. Байрамлар арафасида кам таъминланганлар ҳолидан хабар олиш кўмакка муҳтож оилаларга моддий кўрсатиш сингари саховатпешалик анъанага айланиб улгурган.
Бугун олтин корхонада 1 нафар давлат мукофоти “Шуҳрат” медали, 3 нафар биринчи, иккинчи, учинчи даражали “Кончилик шуҳрати”, 9 нафар “НКМК фахрийси”, 15 нафар “Кончилик шуҳрати”,5 нафар “Юбилей” кўкрак нишонининг турли даражалари билан тақдирланганлар ҳамда 2 нафар “Энг яхши ихтирочи” медалини қўлга киритганлар фаолият юритиб, мамлакатимиз иқтисодиётини барқарорлаштиришда ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар.
Қадрли жамоадошлар! Барчангизни 3-гидрометаллургия заводининг муборак 28 йиллиги билан қизғин муборакбод этаман. Оилавий бахт, хотиржамлик, хонадонингизга қут-барака, фарзандлар ва неваралар бахту камолини кўриб юришлик насиб этсин!
Олдинда аҳил жамоамизни катта вазифалар, улкан довонлар кутиб турибди. Албатта ҳалол ва фидокорона меҳнатимиз билан биргаликда ана шу довонлардан ошиб, мамлакат иқтисодиётига муносиб улуш қўшишда давом этамиз!
Шуҳрат НАРБАДАЛОВ,
ШКБ 3-гидрометаллургия заводи директори.