Аёлни гўзаллик тимсоли деймиз. Шу боис унинг қўли билан яратилган барча нарсалардан нафосат, нафислик, назокат уфуриб туриши, шубҳасиз. Қаҳрамонимиз муаллима, муҳандис-кимёгарлик касбларини пухта эгаллаб, улардан ташқари тўғрисўз ва дилкаш маслаҳатчи ҳамда оналик мақомини ҳам қойиллатиб қўйиб, ҳаётда ўзининг ўрнини топмоқда. Бугун ана шундай оқилаю фозила Дилшода Холмуродова ҳақида ҳикоя қиламиз.
Қишлоғидаги қизларга жажжи Дилшоданинг ҳаваси келарди. Улар қўлларига жилд кўтариб, оппоқ фартук тақиб мактабга бориб келишарди. Ниҳоят у ҳам 62-сонли мактабнинг 1-синфига борди. Дилшода ҳар бир ҳарфни мўъжизадай қабул қилар, ҳар бир дарс уни сирли оламга етаклаб кирарди.
Айниқса,кимё дарсларини байрамни кутгандек интизор кутарди. Машғулотларда ўтказилаётган турли кимёвий тажрибалар унинг ёш қалбини сеҳрлаб қўярди... “Албаттакимёгар – таҳлилчи бўламан”, дея аҳд қиларди.
2001 йилда Самарқанд давлат университетининг кимё факультетига ўқишга кирди. У ерда кимё фанини ўқитиш методологияси ва таҳлил этиш ҳамда амалда синаб кўриш усулларини пухта ўзлаштирди.
2005 йилда Бегали Аллаяров билан турмуш қурди. Учқудуққа кўчиб келган бу оилада Шаббона, Дамир ва Дониёрбек исмли ўғил-қизлар камолга етмоқда. Турмуш ўртоғи Бегали Аллаяров эса Шимолий кон бошқармаси “Шарқий” конида БелАЗ ҳайдовчиси бўлиб ишлайди.
2005-2012 йилларда мактабда кимё фанидан дарс берган Дилшода кўпчиликнинг орзуси бўлган Шимолий кон бошқармаси 3-гидрометаллургия заводига ишга қабул қилинди. Аввалига марказий лабораторияда кимёвий-таҳлил лаборанти бўлиб ишлаган бўлса, 2022 йилдан фазали-назорат гуруҳида муҳандис-кимёгар вазифасидафаолият юритмоқда.
Доно халқимиз ўз мақолларида “Устоз отадек улуғ!” ёки “Устоз отангдан улуғ!” деб айтишларида ҳам жуда кўп маъноларбор. Зеро, бу улуғ ҳикматлар элнинг эллик минг элагидан ўтказилиб, кейин муомалага қўйилган. Устозлари Дилфуза Шарафутдинова, Қундуз Ражабова, Ойгул Даминова, Марипа Ментурова ва Аваз Калоновларнинг иш тажрибаларини ўрганиб, йиллар давомида соҳадаги билим ва кўникмаларини янада оширди. Шунингдек, гуруҳ раҳбари Шуҳрат Шамсиев, жамоадошлари Дилобар Жуманиёзова, Одина Мирзаева, Дилшода Сатторова, Динара Хазратқуловалар билан бирга бир маслак бир мақсад сари одимлаб, эл-юрт фаровонлигига муносиб улуш қўшаётирлар.
“Инсон дунёнинг қалби”, деб ёзган эди Антон Чехов. Дилшода Холмуродовадаги ўз юртига содиқлик, ўз ишига жонкуярлик, болажонлигию, боладиллиги, ҳофизасининг кенглиги билан у дунёнинг қалбини тинглаётгандай, гўё!.
Райҳон ҚОДИРОВА, махсус мухбиримиз.