Халқаро меҳнат ташкилотининг ташаббуси билан 2003 йилдан бошлаб ҳар йили 28- апрел куни “Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни” деб эълон қилинган. Халқаро меҳнат муҳофазаси мутахассисларининг касб байрами сифатида бу байрам НКМК АЖ Шимолий кон бошқармасида ҳам нишонланиб келинмоқда.
Бугун меҳнат муҳофазаси инсон ҳаёти ва фаолияти билан бевосита боғлиқ. Инсоннинг меҳнат жараёнидаги хавфсизлиги, сиҳат - саломатлиги ва иш қобилиятининг сақланишига қаратилган тадбирлар меҳнат муҳофазасининг асосий вазифаларидандир. Бугунги кунда саккиз мингдан зиёд ишчи-ходим меҳнат қилаётган Шимолий кон бошқармасида 2023 йилда меҳнатни муҳофаза қилиш қоида ва йўриқномалари бўйича, санитария-гигиена меъёрлар талабларига жавоб берадиган иш ўринларига келтириш бўйича хорижий мамлакатлар тажрибасидан келиб чиққан холда изланишлар ва ишлар олиб борилмоқда.
Аслида дунё касблари ичида кончилик энг оғир меҳнат шароитли касб саналади. Аммо қандай шароитда бўлмасин ишчи-ходимларнинг меҳнат муҳофазасини таъминлаш раҳбарият олдидаги асосий вазифалардандир. Ҳозирда барча ишлаб чиқариш цехларида меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари ва меъёрларига қатъий риоя этилиши, иш шароитлари, ишчи ва ходимларни белгиланган тартибда махсус кийим-бош, поябзал ва бошқа шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланиши назоратга олинган. Аниқланган камчиликларни ўз вақтида ва сифатли бартараф этиш юзасидан тузилма бошлиқлари билан ҳамкорликда профилактика ишлари олиб борилмоқда.
Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва меҳнатини муҳофаза қилишни кучайтириш бўйича қабул қилинаётган чоралардан асосий мақсад, меҳнат жараёнида фуқароларнинг иш қобилияти ва соғлиғини сақлашга, хавфсизлигини таъминлашга, иш берувчилар билан ходимлар ўртасидаги мувозанатли меҳнат муносабатларини кўллаб-қувватлашга замин яратади.
- “НКМК” АЖнинг меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги соҳасидаги сиёсатида ишчи ходимлар ҳаёти ва соғлиғи устуворлигини таъминлаш, ишлаб чиқаришдаги жароҳатланишлар ҳамда касб касалликларининг олдини олиш муҳим вазифа саналади, - дейди Шимолий бошқарма бошлиғи Азим Жумаев.
Рақамларни таҳлил қиладиган бўлсак, ноқулай меҳнат шароитида банд бўлган 8025 нафар ишчи-ходим якка тартибдаги ҳимоя воситалари билан таъминланган.7045 нафар ходимга қўшимча таътил, 5185 нафар ходимга бепул парҳез овқатлари, 234 нафар ходимга бепул сут ёки унга тенг озиқ-овқат маҳсулотлари, оширилган тариф ставкалар бўйича 4913нафар ходимга тўловлар тақдим этилган.
Кон бошқармаси ишчиларининг меҳнат шароитларини яхшилаш учун 2023 йил “Шарқий” кони Автомобил транспорт бошқармаси ҳамда Темир йўл цехининг маъмурий маиший биноси капитал таъмирланиб, тўлиқ жиҳозланди. Қолаверса, ишчиларнинг меҳнат муҳофазаси соҳасига бўлган қизиқишини ҳамда билим савиясини ошириш мақсадида 3-сонли ГМЗ, “Шарқий” кони, Автомобил транспорт бошқармаси, 1-сонли Автокорхона ҳамда Темир йўл цехида меҳнат муҳофазаси бўйича ўқув хоналари ташкил қилинган. Замонавий техника ва жиҳозлар билан таъминланган. Янгидан иш бошлаётган ишчи-ходимлар йўриқнома янада тушунарли бўлиши учун видеоролик орқали таништирилмоқда. Билимлар синовини электрон тест шаклида қабул қилиш имконияти яратилган.
2023 йил мобайнида иш жойидаги йўриқномалар ҳамда билимлар синови ўз вақтида ўтказилишини ҳамда шахсий ҳимоя воситалари берилишини назорат қилиш мақсадида электрон дастур яратилиб, иш жойларига тадбиқ этиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, талаб қилинадиган умумий ва махсус иш стажи бўлганда умумий белгиланган ёшдан 10 йил олдин пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичларнинг бўйича 3229 нафар ишчи-ходим, 3-сон рўйхат бўйича эса 1315 нафар шундан 176 нафар аёл ишчи-ходимлар бугун меҳнат фаолиятини олиб бормоқда. Улар бундай имтиёзлардан ўз вақтида фойдалана оладилар.
Бугун сир эмаски, меҳнат қилган одам ўзининг бу ерда қадрланиши ва ҳимояланишига биринчи ўринда аҳамият беради. Шароит бор жойни эса одамлар ҳар доим орзу қилади.
ШИМОЛИЙ КОН БОШҚАРМАСИ АХБОРОТ ВА МАЪНАВИЯТ ГУРУҲИ.