Учқудуқ туман ҳокимлиги уйғоқ сўзи, ўткир қалами, юксак билим ва тажрибаси, истеъдод ва маҳорати билан мамлакатимиз равнақи йўлида сидқидилдан хизмат қилиб келаётган фидойи журналистлар ва барча оммавий ахборот воситалари ходимларини 3 май — Жаҳон матбуоти эркинлиги куни муносабати билан самимий муборакбод этади.
Матбуот эркинлиги — матбуотнинг моҳиятини, унинг жамият ҳаётидаги ўрнини белгилайди. Халқимиз журналистлар, оммавий ахборот воситалари фаолиятига, авваламбор, уларнинг ўз Ватани, эл-юрти ҳаётига дахлдорлик туйғуси, фуқаролик позицияси, ижтимоий масъулияти, касбий маҳоратига қараб баҳо беради.
Таъкидлаш жоиз, мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қатъий сиёсий иродаси ва ташаббуси билан оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада такомиллаштириш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш, журналистларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Янги таҳрирдаги Конституциямизда оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгилаб қўйилгани ҳам эътирофга молик.
БМТ Бош Ассамблеясининг 1993 йил 20 декабрдаги резолюциясига биноан 1994 йилдан бошлаб ҳар йили 3 майда Жаҳон матбуоти эркинлиги куни нишонланади. 2006 йили Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва Журналистларни қайта тайёрлаш маркази ташаббуси билан Жаҳон матбуоти эркинлиги кунига бағишланган “Олтин қалам” Миллий мукофоти таъсис этилган ва бу танлов ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилиб келинмоқда. “Олтин қалам” — журналистикага юксак эътибор ва ғамхўрликнинг яққол тимсоли.
Учқудуқ туман ҳокимлиги оммавий ахборот воситалари ходимлари — журналист ва блогерларни Жаҳон матбуоти эркинлиги куни билан қутлаб, уларга сиҳат-саломатлик, ижоди ва касбий фаолиятида улкан муваффақиятлар тилайди.