Бугун "КЕLАJАК" ёшлар марказида “Конституция меники, сеники, бизники! Конституция ўзимизники!” шиори остида бўлиб ўтган тарғибот тадбирида 200 нафар ёшлар, нуронийлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Шунингдек, мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти девони шўъба мудири Абдуҳалил Маврулов, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти раиси Бахтиёр Ҳусанов ҳамда “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари - фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори Мунира Каҳҳорова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулбаҳор Эрқуловалар иштирок этди.
Тадбирни туман ҳокими, Манавият ва марифат кенгаши раиси Соли Хамроев очиб бериб, ўтган йили ноябрь ойида давлатимиз раҳбарининг Навоий вилоятига ташрифи доирасида Учқудуқ туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир қабул қилинган йирик лойиҳалар ва бугунги кунда ушбу лойиҳалар доирасида олиб борилаётган ишлар хусусида батафсил маълумотлар бериб ўтди.
Шундан сўнг, пойтахтдан ташриф буюрган тарғиботчилар сўзга чиқиб, Бош қомусимизга киритилаётган ўзгартишларнинг мазмун-моҳияти, таълим ривожига доир муҳим жиҳатлар хусусида маълумотлар берилди.
Асосий Қонунимиз мамлакатимизда янги ҳаёт, янги жамият барпо этиш йўлида қўлга киритилаётган барча ютуқ ва марраларимизнинг хуқуқий пойдевори – келажагимизнинг ишончли кафолати эканлиги таъкидланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мамлакатимизнинг янги таҳрирдаги “Конституцияси тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинганлиги, ушбу Қонун умумхалқ референдумида овозга қўйилиши ва ана шу Референдум жорий йилнинг 30 апрель, якшанба кунига белгиланганлиги ва унда ҳар биримиз иштирок этиб ўз фуқаролик бурчимизни бажармоғимиз лозимлиги алоҳида қайд этиб ўтилди.
“Конституция меники, сеники, бизники! Конституция ўзимизники!” шиори остида бўлиб ўтган тарғибот тадбирида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулбаҳор Эрқулова ижросида Ватанни мадҳ этувчи, барчани рақсга чорловчи куй-қўшиқлар ижро этилди. Шунингдек, тадбир давомида “ВАТАН МАНЗУМАСИ” видеоролиги намойиш қилинди.
Жанагул БУЛЕКБАЕВА,
туман манавият ва марифат бўлими раҳбари.