Айни кунларда Учқудуқ бўйлаб Наврўз тантаналари бошланиб кетди. Айниқса, мактабгача таълим муассасаларида ўтказилаётган бир-биридан қизиқарли байрам эрталиклари кичкинтойларга, ота-оналарга кўтаринки кайфият улашмоқда.
Куни-кеча “Геологлар” қўрғонидаги “Ёш геологлар” ДМТТ да ўтказилган “Наврўзинг муборак, болажон!” мавзусидаги байрам тадбири фикримизнинг ёрқин далилидар.
— Болажонлар бизнинг келажагимиз, орзу умидимиз, бахт-у иқболимиз, — дейди ушбу боғча мудираси Зуҳра Хидирова. — Уларнинг юзида кулги, лабларига табассум улашиш бизнинг ҳам вазифамиз. Зеро, жажжи болажонларимизнинг ҳар бир куни Наврўз бўлсин!
Тадбирда янграган куй-қўшиқлар барчага байрамона кайфият бағишлади. Айниқса, мактабга тайёрлов гуруҳи болажонлари томонидан ижро этилган қозоқ халқининг “Қара жорға” миллий рақси ёши катталарни беғубор болалик сари етаклади.
Миллий урф-одат ҳамда анъаналаримизни ўзида мужассам этган бундай байрам тадбирлари бошқа таълим муассасалари, маҳаллаларда ҳам кенг нишонланмоқда.