Жаҳон тарихида ўчмас из қолдирган бетакрор сиймолардан бири Заҳириддин Муҳаммад Бобур буюк шоир, қомусий олим, давлат арбоби ва моҳир саркарда сифатида бутун дунёда маълум ва машҳурдир.
Унинг беқиёс илмий-ижодий мероси нафақат миллий маданиятимиз ва халқимиз адабий-эстетик тафаккурининг шаклланишида, балки жаҳон адабиёти, илм-фани ва давлатчилиги тарихида алоҳида ўринга эга.
Жорий йилнинг 23 январида Ўзбекистон Президентининг «Буюк шоир ва олим, машҳур давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилиниб, хусусан, шоир туғилган кун – 14 февраль санаси мамлакатимиз бўйлаб адабиёт ва илм-маърифат байрами сифатида нишонланмоқда.
Жумладан Учқудуқ туманида ҳам сана муносабати билан ўқув муассасаларида корхона ва ташкилотларда маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бир “КЕЛАЖАК” ёшлар марказида “Ватан соғинчи ила яшаган сиймо” мавзусида ўтказилди. Унда корхона-ташкилотлар мутасаддилари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда ўқув муассасалари ўқувчилари иштирок этишди.
Тадбирда туман ҳокими Н.Муратов сўзга чиқиб, Бобур шахсиятининг ўзига хос қирралари, шоир асарларида улуғланган ғоялар, улуғ ватандошимизнинг давлат арбоби сифатидаги серқирра фаолияти, айниқса миллий адабиётимиз ривожига қўшган бетакрор ҳиссаси ҳақида қимматли фикрлар билдирди.
Учқудуқ туман ҳокимлиги томонидан “Бобурни англаш” мавзусида иншолар танлови эълон қилиниб, туман тадбирида ғолиб ва совриндорлар рағбатлантирилди. Танловда олий ўринни 20-мактабнинг 11-синф ўқувчиси Зайниддинова Рушана, 1-ўринни Учқудуқ туман 10-мактаб 9-синф ўқувчиси Сирожиддинова Моҳинур, 2-ўринни 18-мактаб ўқувчиси Ўринбоева Гулсевар, 3-ўринни 18- умумий ўрта таълим мактаби 10- синф ўқувчиси Садирова Лазизалар эгалладилар.
Танлов совриндорлари туман ҳокимининг ташаккурномаси, “Учқудуқ кеча ва бугун” китоб – альбоми ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Шунингдек, 10-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби ҳамда “Қизилқум” маданият уйи қошида фаолият юритаётган “Ёш актёрлар” тўгарагининг иқтидорли ўқувчилари томонидан “Бобурнинг тахтга ўтириши” деб номланган саҳна кўриниши маромига етказиб ижро этилди. “Қизилқум" маданият уйи хонандаси Рахматилло Курбонназаров ижросидаги "Ўзбекистон Ватаним маним" қўшиғи тадбир иштирокчиларига бирдек манзур бўлди.
Бундан ташқари, 20-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари томонидан шох ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур қаламига мансуб ғазалларидан намуналар ифодали ёд айтилди.
Мухтасар айтганда, буюк давлат арбоби, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур жаҳон тамаддунида муносиб из қолдирган аждодларимиздан бири саналади. Ўрта асрлар Шарқ Ренессанси ривожига улкан ҳисса қўшган бобокалонимиз илмий-адабий мероси миллий маънавиятимизнинг бебаҳо гавҳарига айланган. Унинг бебаҳо адабий-бадий хазинаси ёшларни комил инсон этиб тарбиялаш, уларнинг адабий-эстетик тафаккурини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.