Ўзбекистонда таълим жозибадорлигини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.
2023 йилда Ўзбекистонда ёшларни профессионал таълим муассасаларида касбга ўқитиш кўламини кенгайтириб, таълим жозибадорлигини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилади. Бу ҳақда жамоатчилик муҳокамасига қўйилган давлат дастури лойиҳасида белгилаб қўйилган.
Жумладан, профессионал таълим муассасаларига ўқувчиларни қабул қилиш тизими такомиллаштирилади.
Бунда:
- коллеж ва техникумларга ўқувчиларни қабул қилиш бир йилда икки марта ташкил этилади;
- техникумларда мутахассислик йўналишидан келиб чиқиб давлат гранти ажратишни жорий этиш орқали умумий давлат гранти улуши 50 фоизга етказилади;
- хусусий секторнинг кадрларга бўлган эҳтиёжларини аниқлаш тизимли йўлга қўйилади.
Чора-тадбирлар 2023 йил августгача амалга оширилиши режалаштирилган. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, манфаатдор вазирлик ва идоралар топшириқ ижроси учун масъул этиб белгиланган.
Давлат дастури таклиф билдириш учун жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Унга ўзгаришлар киритилиши мумкин.