Халқимиз орасталиги ва тартиблиги билан дунё мамлакатларини лол қолдирган. Бугунги кунда ҳаётимизнинг янада кўркам ва фаровон бўлмоғи учун ҳар бир хонадонда оила маданиятини талаб даражасида шакллантиришимиз керак. Шундагина хонадонларимизда соғлом турмуш тарзи мустаҳкам қарор топиб, ўзимиз ҳам турли касалликлардан ҳимояланамиз.
Бунинг учун қуйидаги оддий қоидаларга амал қилинса кифоя бўлади:
Соғлом яшаб, осойишта турмуш кечиришнинг ўзига хос тартиб-қоидалари бор. Шундай экан, баҳамжиҳат иш тутиб, яшаётган маҳалламиз, ҳовлимизни тоза, гўзал ва тартибли масканга айлантирайлик:
ҳовлидаги мавжуд водопровод сувидан тежаб фойдаланиш керак. Ичимлик суви ташиб келтириладиган хонадонларда эса, ичимлик сувини қопқоқли махсус идишларда сақланг, янги сувни солишдан олдин ушбу идишни тоза сув билан ювиб ташланг;
ҳовлини ўзингиз яшашингиз учун қулай ва мос қилиб жиҳозланг, замонавий кўринишда бўлса янада яхши. Яшаш хоналари, ошхона, тандирхона, молхона, товуқхона ва ҳожатхоналарни қуришда ҳамда таъмирлашда қурилиш ташкилотлари мутахассислари билан бамаслаҳат иш тутинг;
ювиниш жойлари ҳовлининг бир чеккасида бўлгани маъқул. Унга бориш йўллари бетон ёки ғишт билан қопланган бўлиши, оила аъзолари алоҳида совун, тиш ювиш чўткаси ва сочиқлардан фойдаланишлари лозим;
фарзандларингизни озода ва соғлом турмуш тарзига амал қилиб яшашга ўргатинг. Тозалик ва орасталикка амал қилиш орқали юқумли касалликларнинг олдини олиши мумкинлигини уларга қайта-қайта тушунтиринг;
уй ҳайвонлари шунингдек, ит ва мушукларни вақти-вақти билан ветеринар кўригидан ўтказиб, уларни ветеринария хизмати томонидан юқумли касалликларга қарши эмлатинг;
йирик ва майда шохли молларингизда каналар аниқланган ҳолатларда уларни қўлда териб, эзиб ўлдирманг, Сизга хавфли юқумли касалликлар юқиши мумкин. Бундай ҳолатларда дарҳол ветеринар врачини чақириб, унинг томонидан молингизни дезинсекция қилдиринг (кимёвий восита билан тозалаш);
уйда боқилаётган йирик ва майда шохли моллардан ҳосил бўладиган гўнгни хар куни бир маротаба маҳалла ҳудудида гўнг тўплаш учун белгиланган жойга олиб чиқинг.
Юқорида келтириб ўтилган тавсияларга амал қилиш орқали Сиз оилангизда соғлом муҳит яратасиз ва хонадонингиз аъзоларини юқумли касалликлардан ҳимоялаган бўласиз.
Учқудуқ туман СЭО ва ЖСБ
Сан.врач ёрдамчиси Н.Ж.Канатбаева