Олис овуллар ёшлари билан бевосита ва очиқ мулоқотни таъминлаш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни жойида бартараф этиш мақсадида Учқудуқ марказидан 65 км. масофада жойлашган Мингбулоқ овулида ёшлар билан сайёр қабул ўтказилди.
Овул фуқаролар йиғинида ўтказилган қабулда овул ёшлари иштирок этиб, ўз режалари, олдига қўйган мақсад ва вазифалари ҳақида фикрлашдилар.
Бугун овулда 14-30 ёшгача бўлган 86 нафар ёш истиқомат қилади. Уларнинг аксарияти Шимолий кон бошқармаси тасарруфидаги корхона-ташкилотларда, ижтимоий соҳа муассасаларида ишлайди. Яна шундай ёшлар борки, улар ўз чорвачилигини йўлга қўйишган.
Овулдаги 5 нафар ишсиз ёшлар ўз масала ва муаммолари билан сайёр қабулда иштирок этиб, уларнинг 3 нафарига субсидия асосида жиҳозлар олиб бериладиган бўлди. 1 нафари имтиёзли кредит асосида ўз чорвачилигини йўлга қўяди, 1 нафари эса “Иссиқлик манбаи” ДУК га ишга қабул қилинадиган бўлди.
Учқудуқ туманидаги маҳалла ва овул фуқаролар йиғинларида ўтказилаётган сайёр қабулларда ёшлар томонидан билдирилаётган кўплаб мурожаатлар тегишли муддатга ижрога йўналтирилмоқда.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ