Аҳолини қийнаётган муаммолар халқ ичига чуқур кириб борилгандагина яхши билинади. Айтиш жоизки, Учқудуқ туман ҳокимининг бевосита энг оғир, энг чекка, энг олис ҳудудларга чиққан ҳолда, овулма-овул, кўчама-кўча, уйма-уй юриб, аҳоли муаммоларини ўрганаётгани ҳам амалий самарасини бермоқда.
Бугун туман ҳокими Соли Хамроев “Ифтихор” МФЙ га қарашли “Бохантау” аҳоли яшаш пунктида бўлиб, уйма-уй юриб, аҳоли муаммоларини ўрганди. Туманнинг электр энергия, газ, ободонлаштириш сингари бир гуруҳ соҳа мутасаддилари ҳам иштирок этган ўрганишлар давомида қўрғонча аҳолиси томонидан бир нечта мурожаатлар, таклифлар билдирилди.
Жумладан, Малика Юсупова икки нафар фарзанди ва турмуш ўртоғи билан 1 хонали уйда яшаб келмоқда. Фарзандлари катта бўлиб қолган, ёнидаги бўш турган 1 хонали уйни қўшиб беришларини сўраб мурожаат қилди. “Кончилар” кўчасида яшовчи онахон Жибек Алгибаева оила аъзолари 7 кишидан иборатлиги, ногирон қизи бўлганлиги сабаб, ўғли фарзандлари билан алоҳида яшашни хоҳлашини айтиб, субсидия асосида уй олишга кўмак сўради. Онахоннинг уйидаги мавжуд электр симлари Учқудуқ электр таъминоти корхонаси мутахассислари томонидан қайта ўрнатиб бериладиган бўлди.
Уйма-уй ўрганишлар давомида барча мурожаат эгаларининг масалалари туман раҳбари томонидан назоратга олиниб, масъул мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди ва назоратга олинди.
Шунингдек, туман ободонлаштириш бошқармаси балансидаги бўш турган уйларни аниқлаш, келгусида уй-жойга эҳтиёжи бор оилаларга бериш мақсадида қўрғонча аҳолиси ўртасида хатлов ўтказиш вазифаси маҳалла фуқаролар йиғини мутасаддиларига топширилди.
Бундан ташқари, туман раҳбари 7-сонли мактабгача таълим ташкилотида бўлиб, болаларни эртага 19 январдан муассасага қабул қилишга тайёргарлигини ҳам кўздан кечирди.
Халқ билан мулоқот нафақат мурожаатларни тинглаш, балки аҳолининг кундалик ҳаёти билан танишиш, масалаларни жойида бартараф этишга қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.
Маълумот ўрнида: Ҳозирда “Истиқлол” МФЙ га қарашли “Бохантау” аҳоли яшаш пунктида 112 та хонадонда 525 нафар аҳоли истиқомат қилади.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМГЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.