Ҳаёт яралибдики, боғлиқлик тушунчаси мавжуд: Ой ва Қуёш, кун ва тун, давлат ва жамият, ота ва она, қўйинг-чи, бутун борлиқ, наботот олами, металлар дунёси, тил оилалари ва ҳаттоки башарият учун жонсиз саналувчи предметлар ҳам бир-бири билан боғлиқликда яшайди ва ривожланади. Аслида, дунёнинг ёзилмаган, оддий ва қадимий қонунияти ҳам ўзаро алоқадагина юксалиш мавжудлигини асрлар қатига яширмаганида! Ўша қадимий қоида бугун ҳам долзарб. Бугун ҳам ҳаётимизнинг ҳар дақиқаси турли соҳалардаги узвий алоқага асосланган.
ХX аср бизга кўплаб кашфиётларини ҳадя қилди. Асримизга келиб, у ихтироларнинг қайсиларидир ўз долзарблигини йўқотди, қайси бирлари аҳамиятини вақтга ҳавола этиб даврини кутмоқда, бироқ, алоқа-коммуникация соҳаси бугун, ҳаттоки, вақтдан ҳам ўзар даражада шиддат билан олдинламоқдаки, қайси касб ё тармоқда фаолият юритмайлик, кундалик ҳаётимиз ва иш-режаларимизнинг бошқарувида инсон ақл-заковатининг маҳсули бўлган коммуникация воситаларининг кўмагига эҳтиёж сезамиз.
Шимолий кон бошқармаси нафақат кончилик, металлургия ёки транспорт тизими, балки, турли касб-йўналишлар жамланган юксак илмий-технологик тузилмаларга эга саноат корхонасидир. Бўлинма вилоят марказидан анча олисда жойлашган, қолаверса, корхона таркибидаги завод, кон, транспорт тузилмалари ва бошқа корхоналар ўртасидаги масофалар бир-биридан узоқ, бироқ, олисни яқин қилувчи, вақтни самарали тежовчи, дақиқаларни бўйсундирувчи куч борки, у ҳам бўлса, ахборот-коммуникация технологиялари маркази мутахассислари томонидан бўлинмалар меҳнат фаолиятига тадбиқ этилган замонавий алоқа-коммуникация воситаларидир.
Бугунги кунда ахборот-коммуникация технологияси оламининг замонавий дастур ва жиҳозлари билан инновацион тафаккур орқали тил топишаётган ёш мутахассислардан иборат ахборот-коммуникация технологиялари маркази Шимолий кон бошқармаси ташкил этилган пайтда алоқа хизмати сифатида иш бошлаган.
90-йилларда Учқудуқ туманида “Ўзтелеком” алоқа воситаси ташкил этилгунга қадар, йигирма йилдан ортиқ вақт мобайнида туман аҳолисига шаҳарлараро мулоқот алоқа хизмати томонидан амалга оширилган. Хизмат корхонанинг эҳтиёжи ва давр тақозосига мувофиқ равишда йилдан-йилга ривожланиб, бугунги кунда Шимолий кон бошқармасининг турли тармоқ ва соҳаларини
ахборот-коммуникацион жиҳатдан кенг қамраб олган муҳим бўлинмага айланди ва фаолияти давомида сўнгги замонавий алоқа воситаларини саноатга жорий этиш, объектлар ва техникаларни назорат қилиш, логистик такомиллашувга эришиш, бир сўз билан айтганда, даврнинг шиддатли инновацион курашида ташкилотнинг янгича ишлаш механизмини жорий қилди.
“НКМК телекоммуникация тармоқларини техник қайта жиҳозлаш” лойиҳасига мувофиқ, Шимолий кон бошқармасида ахборот-коммуникация технологиялари маркази томонидан бир неча йиллар мобайнида кон бошқарма бўлинмаларида ахборот-коммуникатив технологияларини такомиллаштириш, меҳнат жараёнига замонавий-инновацион услубларда ёндошиш каби масалалар босқичма-босқич амалга оширилди. Лойиҳани амалга ошириш доирасида “Даугизтау” очиқ усулда қазиб олиш кони билан радиорелеъ ва оптик толали алоқа линиялари қурилди. “Шарқий” очиқ усулда қазиб олиш кони ва 3-сонли гидрометаллургия заводи, шунингдек, Учқудуқ саноат майдончаси барча йирик ишлаб чиқариш объектлари билан оптик толали алоқа линияси (ОТАЛ)нинг бунёд этилиши натижасида, бўлинмаларга қатор янги хизматлар турларини жорий этиш имконияти кенгайди. Хусусан, кон бошқарма барча ҳудудларини қамраб олиш учун Навоий кон-металлургия комбинатининг корпоратив локал ҳисоблаш тармоғи билан интеграциялашган глобал локал ҳисоблаш тармоғи қурилди.
Шимолий кон бошқармаси телефон тармоғига IP-телефонларининг тадбиқ этилиши натижасида, бир неча йиллар давомида уяли алоқа воситаларидан фойдаланган “Даугизтау” очиқ усулда қазиб олиш конида жараён ўзгарди, кон бошқармадан марказлашган ҳолда назорат қилиш имкониятини берувчи технологик видеокузатув тизими қурилди.
Эндиликда, бошқарма бош мутахассислари, диспетчерлик хизмати масофадан, юзлаб километр узоқликда, ўз иш жойидан “Даугизтау” ва “Шарқий” очиқ усулда қазиб олиш конлари каръерларида олиб борилаётган технологик жараённи назорат қилиб боришлари мумкин.
Шу йилнинг ўзида радиоалоқа диапозонини кенгайтириш мақсадида, “Шарқий” ва “Даугизтау” очиқ усулда қазиб олиш конларида 2 дона ретрансляторлар ўрнатилди. 13 600 метр оптик-толали алоқа линиялари қурилиб, марказий моддий-техника базасининг 2-сонли маъмурий биноси, ёқилғи-мойлаш материаллари омбори, 4-сонли АЁҚШ, “Даугизтау” кони 1-сонли назорат ўтказиш пункти, кон ҳудудида жойлашган темир йўллари цехи “Кон станцияси”, 1-сонли автокорхона диспетчерлик бўлими, механик назорати бўлими, 3-сонли гидрометаллургия заводига қарашли “саноат чиқиндиларини сақлаш хўжалиги”, ахборот-коммуникцион технологиялари маркази тасарруфидаги ахборот хизмати ва 1-сонли бирлашган касаба уюшмаси биноси “НКМК” АЖ маҳаллий локал тармоғига уланди, маълумотлар узатмаси тезлиги замонавий стандартлар даражасига етказилди. 4650 метр мис толали алоқа линиялари қурилиб, умумий телекоммуникация линияларининг узунлиги 125 000 метрга етказилди.
“Даугизтау” ва “Шарқий” очиқ усулда қазиб олиш конларига 2 дона замонавий бошқариладиган PTZ русумли видеокузатув камералари ўрнатилиб, камераларнинг умумий сони 16 тага етказилди, бу билан кузатув қамрови кенгайтирилди. 15 дона “GrandStream IP” шлюзларининг ўрнатилиши натижасида, 500 нафар қўшимча телефон абонентларининг уланиш имконияти яратилди. Абонентлар сони 1400 нафарга етказилди.
Яна шуни алоҳида таъкидлаш керакки, кон-қидирув ишлари олиб бориладиган конлар учун симли алоқа доимий ноқулайликлар келтириб чиқарарди. Бугун ана шу муаммони Шимолий кон бошқармаси ахборот-коммуникацион технологиялари маркази мутахассислари оқилона ҳал этишди. Айнан, кон-қазилма ҳудудлари учун 14 000 метр узунликдаги симсиз алоқа линиялари қурилиб, умумий симсиз алоқа линиялари қамрови 65 000 метрга етказилди. Радиоалоқа қурилмалари сони 265 тага етказилди.
Бугун шубҳасиз, Шимолий кон бошқармасида рақамли технологиялар даври бошланганини тан олиш керак. IT хизматларининг корхона ахборот-коммуникация технологияларини амалга оширишдаги аҳамияти доимий равишда ўсиб бормоқда ва “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти фаолиятининг турли соҳаларига жорий этилишда давом этмоқда.
Шимолий кон бошқармасида ишлаб чиқариш жараёнларига дастурий таъминотларни тадбиқ этиш орқали самарадорликни ошириш йўналишида биргина 2022 йилнинг ўзида ахборот-коммуникацион технологиялари маркази томонидан 15 дан ортиқ дастурий таъминотлар яратилиб, ишлаб чиқаришга муваффақиятли тадбиқ этилди.
“Даугизтау” очиқ усулда қазиб олиш конида кон маъданларини ташишда “Даврий оқим технологиясини назорат қилиш ахборот тизими” жорий этилган бўлиб, кон маъданларини ташишнинг салмоқли қисми ушбу технология ҳиссасига тўғри келади. Шу сабабли технологиянинг узлуксиз ишлашини таъминлаш муҳим вазифа ҳисобланиб, унинг режадан ташқари тўхтаб қолиши ишлаб чиқариш кўрсаткичларига салбий таъсир қилади. Ушбу дастурий таъминотни тадбиқ этиш доирасида даврий оқим технологиясидаги тўхтаб қолишларни ўз вақтида аниқлаш ва тезлик билан бартараф этиш, тезкор бошқарув қарорларини қабул қилиш имконияти яратилди.
Аслида мутахассислар яратаётган ахборот тизими дастурдан кўра кенгроқ тушунчага эгалиги билан фарқ қилади. Унда захира сақланиши, маълумотларнинг фойдаланувчига етиб боргани ҳақидаги билдиргининг мавжудлиги ҳам иш унумдорлигига сезиларли таъсир кўрасатади. Масалан, 3-сонли гидрометаллургия заводига етказиб берилган кон маъданларининг тегирмонлар ёрдамида майдаланиши ишлаб чиқариш занжирининг асосий ва муҳим қисми ҳисобланади. Тегирмонларда юзага келадиган тўхтаб қолишлар саноат режаларининг бажарилишига салбий таъсир этиб, ишлаб чиқариш кўрсаткичларининг пасайишига олиб келади. Бу эса тегирмонларнинг узлуксиз ишлашини доимий назорат қилиб боришни талаб этади. Ахборот-коммуникацион технологиялари маркази дастурчилари томонидан яратилган “3-сонли гидрометаллургия заводи тегирмонлари тўхтаб қолишини назорат қилиш ахборот тизими” эса юзага келган тўхтаб қолишлар тўғрисида масъул ходимларга ўз вақтида маълумот етказиш, бу маълумотларни ягона тизимда тўплаш ва уларни таҳлил этиш орқали тегирмонлар ишлашинининг узлуксизлигини таъминлашда муҳим восита ҳисобланади.
“Aвтоағдаргичлар мониторинги ахборот тизими”, “Кон механизмлари мониторинги ахборот тизими”, “Тиббий кўрик ахборот тизими” каби дастурий тизимлар бошқа соҳаларга ҳам тадбиқ этилди. Чунончи, конларда маъданларни ташиш автоағдаргичлар орқали бажарилади. Назорат жараёнини автоматлаштириш ва маълумотларни онлайн тарзда кузатиш мақсадида, “Aвтоағдаргичлар мониторинги ахборот тизими” дастурий таъминоти жорий этилиб, техникаларнинг бажарган иши, меҳнат жараёнида тўхтаб қолиши ва бу каби узилишларнинг ўз вақтида бартараф этилишидек аҳамиятга молик масалалар диспетчерлик хизматлари орқали назорат қилинади. Ушбу дастур конларда логистикани таъминлашда жуда катта кўмачидир.
Ахборот-коммуникацион технологиялари маркази мутахассислари томонидан “Кон механизмлари мониторинги ахборот тизими” нинг жорий этилиши транспорт логистикасини янги босқичга олиб чиқди. Маълумки, кон маъданларини юклаш кон механизмлари томонидан амалга оширилади. Бунда кон механизмларига автоағдаргичларни тақсимлаш - кон техникаларидан унумли фойдаланишда муҳим ҳисобланади. Aвтоағдаргичларнинг нотўғри тақсимоти кон механизмларида навбатлар ҳосил бўлишига олиб келарди. Дастурий таъминот ёрдамида кон механизмлари олдидан, жорий вақтда мавжуд бўлган автоағдаргичлар тўғрисида маълумот олиш ва уларнинг йўналишларини қайта тақсимлаш имконияти яратилди.
Бундан ташқари, кон механизмининг бажарган иши тўғрисида онлайн маълумот олиш ва муҳим бошқарув қарорларини қабул қилиш мумкин.
“Тиббий кўрик ахборот тизими” - ишлаб чиқариш жараёни бир неча сменаларда ташкил этилган бўлиб, ҳар бир смена бошланиши ва якунида ишчи-ходимлар тиббий кўрикдан ўтказилади. Бу жараёнда ишчи-ходимлар ва уларнинг тиббий кўрик хулосалари тўғрисидаги маълумотларни расмийлаштириш кўп вақтни ва қўл меҳнатини талаб этади. Ушбу жарёнларни автоматлаштириш орқали қўл меҳнати бартараф этилиб, тиббий кўрик учун сарфланадиган вақтнинг салмоқли даражада қисқартирилишига эришилди.
Ахборот-коммуникацион технологиялари вақт билан беллашаётгандек гўё! Ҳар бир мутахассис, ҳар бир ходим унинг беллашувига илм билан мунтазир турмоғи шарт. Давр тараққиётга эришиш учун рақамли билимлар ҳамда, замонавий ахборот технологиялар илмини эгаллашимиз зарур эканини кўрсатмоқда, бу эса юксалишнинг энг қисқа йўлидан яшин мисол тезлик билан бориш имконияти демакдир!
Зеро, жаҳон тажрибасини кузата туриб, миллий иқтисодиётимизнинг рақобатбардошлиги ахборот-коммуникация технологияларининг ривожланиши билан узвий боғлиқлигини англаб етдик!.
Шунингдек, “Рақамли Ўзбекистон-2030” стратегияси доирасида Шимолий кон бошқармасида ҳали бажарилиши кутилаётган масалаларнинг залвори улкан, бу эса ахборот-коммуникацион технологиялари марказининг вақтни бўйсундирувчи мутахассисларига кўплаб янги ғояларни тафаккур этишга ва ўз ўрнида ишлаб чиқаришга жорий этишни тақозо этади.
Жонибек РАХМАТОВ,
Шимолий кон бошқармаси ахборот-коммуникация технологиялари маркази бошлиғи.