Бугун, ёши чорак асрдан ошган камтарин иссиқлик, сув-газ таъминоти ва оқава сув цехи ишчи-ходимлари ишлаб чиқариш ва аҳоли учун иссиқлик, сув ва газ ҳамда, оқава сувлар назоратини қатъий, техник-технологик жараёнларга таянган ҳолда фидойилик билан бошқармоқдалар.
Цех фаолиятини фақат сув ёки иссиқлик таъминоти билан боғласак, адашамиз, Шимолий кон бошқармасини бир дарахт деб тасаввур қилсак, иссиқлик, сув-газ таъминоти ва оқава сувлар цехи мана шу дарахтнинг ҳар бир шох-шаббаси ва япроғига қадар ёйилган томирларга тириклик узатувчи, турли тармоқ-функциялардаги вазифаларни бажарувчи ташкилотдир.
Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, 1956 йилнинг баҳорида Учқудуқ шаҳрининг қурилиши бошланди. 1959 йилнинг сентябрида Учқудуққа шаҳар типидаги қўрғонча мақоми берилди. Ўша даврда кон қазилмаларини ўзлаштириш билан бир қаторда, яна бир аҳамиятга молик, муҳим масала - Учқудуқда ижтимоий соҳа объектларини қуриш ва уларнинг барқарор ишлашини таъминлашдек долзарб вазифа ҳам амалга оширилди.
1960 йилда аҳоли яшаш ҳудуди ва саноат ҳудудини ичимлик суви билан таъминланишини яхшилаш учун “Мингбулоқ-Учқудуқ” ичимлик сув объектлари қурилиши бошланди ва 1962 йилда мажмуа фойдаланишга берилди.
1961 йил баҳор ойида Учқудуқ саноат ҳудудини техник сув билан таъминлаш ва аҳоли яшаш жойини кўкаламзорлаштириш мақсадида, Бешбулоқ насос станцияси барпо этилиб, 3 дона ерости қудуғи ва 2 дона сувни 240 метр баландликка чиқариб берадиган қувватга эга насос билан техник сув таъминоти бошланди.
Чўлга сув келтирилиши натижасида, бу ерда ҳаёт мавжланди.
Аслида ҳам, Учқудуқдаги барча жараён сувга боғлиқ ҳолда ўсаётганди, аввалги талабдан каттароқ эҳтиёж шаклланди. Шу боис, 1969 йилда Зарафшон-Учқудуқ ичимлик сув қувури қурилиб ишга туширилди. 1986 йилга келиб, Зарафшон ва Учқудуқ оралиғида узунлиги 90 км сув қувури монтаж қилиниб, туман аҳолиси ва саноат ҳудудининг ичимлик суви таъминоти янада яхшиланди. Амалдаги узунлиги 90 км бўлган “Зарафшон-Учқудуқ ичимлик сув қувури”и Учқудуқ саноат майдонида техник сувга бўлган эҳтиёжи учун қолдирилди.
1987 йилда “Кокпатас” олтин конининг ўзлаштирилиши муносабати билан, 20 км.лик ичимлик сув қувури монтаж қилинди. 2004 йилда эса “Кокпатас” олтин кони ҳудуди кенгайиб, сувга талаб ортиши ҳисобига, 4-сонли кўтарма насос мажмуаси ишга туширилди. Бугунги кунда “Кокпатас” кони ҳудуди ва овул аҳолиси учун ушбу насос станцияси обиҳаёт узатаётир.
Мақолани ёзиш асносида менга ҳамроҳлик қилган Ҳикматилло ака Ҳабибуллаев ва Фарҳоджон Нарзиевлар билан цехнинг ерости қудуқларидан сув тортиб олувчи яна бир насос станцияси томон борарканмиз, бир вақтлар уранни очиқ усулда қазиб олиш ишларидан ҳосил бўлган Учқудуқ “тоғлари” ортида ҳам бу мўъжаз бўлинманинг бир участкасида, яйдоқ чўлнинг шаҳардан бир неча юз чақирим нарисида иш жараёнлари қизғин эканига гувоҳ бўлдим. Ер остидан шиддатли шовқин билан олинаётган сув насослар орқали иккита 100 м3 сиғимидаги сув сақловчи захира идишларга жойланади сўнг “Олтинкўл” ҳавзасига узатилади. Сувни ярим юзага кўтариш комплекси дея номланувчи ушбу насос станциясидан “Олтинкўл”га йўл олган зилол кундузларга ўзгача кўрк, оқшомларга эса ёрқинлик улашади. Ҳатто қишнинг совуқ кунлари ҳам ҳавза юзасини қоплаган гўзал аёзий тасвирлари одамни ўзига жалб этади. Ёзнинг ойдин оқшомларини-ку, айтманг! Минглаб чироқлар ёғдусида товланаётган “Олтинкўл” Учқудуқнинг чинакам мўъжизасига айланади!
Бундан 40-50 йиллар аввал бийдек саҳро бағрида бу қадар мўъжизавий гўзаллик яратилишини ким тасаввур этибди, дейсиз!
“Олтинкўл” кўркам кўнгилочар масканга айланиши билан бирга, Учқудуқ саноат ҳудудининг техник сувга эҳтиёжини яънада камайтириш ва шаҳарнинг чўл ҳудудида жойлашганлигини инобатга олиб, ҳаво намлигини меъёрида сақлаш учун айни муддао жойдир. Бу мўъжиза ортида эса бизга маълуму-номаълум бўлган цех жамоасининг катта меҳнати бор.
Қанийди, оилавий ёки дўст-дугоналар билан бу ерда сайр қилаётган тумандошларимиз ҳам ҳавзадаги ҳар қатра сув қанчалар катта меҳнат, харажат ва технология ортидан келаётганини тушунишса! Аҳоли кўзини қувонтириб, сўнг тозалаш иншоотлари бўлими орқали 3-сонли гидрометаллургия заводи саноат майдонига йўл олган сувнинг ҳаракатида илм ва технологиянинг нечоғли катта қудратга эга экани намоён бўлади.
3-сонли гидрометаллургия заводи!. Номиданоқ, ушбу саноат ҳудуди обиҳаёт билан ҳамнафасликда уйғоқ эканини тушуниш қийин эмас. Зеро, сув нафақат қимирлаган жоннинг, балки, қаттиқ металлнинг ҳам “ҳаёти” давом этаётганига ишорадир. Ишлаб чиқариш қувватларининг кенгайиши натижасида, заводнинг сувга бўлган эҳтиёжи янада ортиб, техник сув етказиб бериш муаммосини ечиш учун Бешбулоқ сув ҳавзасидан 13 дона ерости сув қудуқлари қазилди. “Бешбулоқ” насос станцияси қайта реконструкция қилиниб, 19,8 км узунликдаги қувурлар Бешбулоқ ва 3-сонли гидрометаллургия заводи оралиғига монтаж қилинди. Бешбулоқ иккинчи кўтарма насос станциясида ўрнатилган ЦНСК 300-240 маркали насос ускуналари орқали ГМЗ-3 заводига ҳамда Учқудуқ шаҳридаги саноат объектларига келиб тушади. Бешбулоқдаги 13 та қудуқдан насос станциялари орқали ташкилотларга узлуксиз, йилига ўртача 6 млн. м3 техник сув етказиб бермоқда.
2015 йилда 3-сонли гидрометаллургия заводи ҳудудида Германия технологияси асосидаги сувни тузсизлантириш мажмуаси ишга туширилиб, бугунги кунда мажмуада ушбу технология соатига 300 м3 гача сувни тузсизлантириб бермоқда. Саноат сувини ишлаб чиқариш даражасини ошириш мақсадида, Бешбулоқда “Бешбулоқ - ГМЗ-3” йўналиши бўйича янги насос станцияси ишга туширилди ва ушбу лойиҳа амалга оширилиши натижасида соатига 800 м3 техник сувни Бешбулоқ сув қудуқларидан кўтариш имконияти пайдо бўлди.
Сув билан узлуксиз таъминлаш кўпчилик учун оддий нарсадек туюлиши мумкин. Вилоят марказидан Учқудуққа томон йўлга тушаркансиз, йўлнинг икки четини эгаллаган қувурларнинг бири орқали аҳоли учун ичимлик суви келтирилса, яна бирида ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган ва туман ҳудудидаги боғларни суғоришда ишлатиладиган техник сув келтирилади. Истеъмол учун ичимлик суви Зарафшондан 81,70 км ва Минбулоқдан 70,1 км масофадаги қувурлар орқали ташилади. Сувнинг етказилиши уч босқичда амалга оширилади: сув ости насосларидан кўтарувчи насос станциясига, сўнгра кучли насослар ёрдамида насос станциясининг 3-кўтарувчи насос станциясига етказиб берилади ва у ердан насослар ёрдамида сув шаҳар тоза сув идишларига берилади. Кимёвий тозалашдан ўтган сув махсус таҳлиллардан сўнг, захира идишлардан қувурлар орқали аҳолига узатилади.
Юқорида биз цехнинг сув таъминоти тўғрисида тўхталдик. Ишлатилган сув-чи? У қандай жараён орқали бошқарилади?
1967 йилда иссиқлик, сув-газ таъминоти ва оқава сув цехи таркибига яна бир хизмат киритилди. Аввал уй-жой коммунал хўжалиги таркибида бўлган ушбу хизмат шаҳар тозалаш иншоотлари (канализация) хизмати эди.
Бугунги кунда оқава сўзи негизида ишлатилаётган тозалаш иншоотлари бўлими бир неча вазифани бажаришига кўра номланган, чунончи, шаҳар тозалаш иншоотлари, саноат тозалаш иншоотлари, 3-сонли гидрометаллургия заводи тозалаш иншоотлари каби.
2000 йилда Учқудуқ шаҳри аҳолиси сонининг ортиши, тозалаш иншооти қувватининг талабга жавоб бермагани сабаб, янги замон талабига мос келадиган 25000м3 оқава сувни тозалаш иншооти қурилиб ишга туширилди. Ҳозирда оқава тизимига ҳам замонавий технологиялар жорий этилмоқда, электр энергиясини тежаш мақсадида, тозалаш иншоотлари бўлими ҳудудида муқобил энергия манбааларини жорий этиш орқали ҳар куни 6700 ккал қувватга эга йигирма коллекторли қуёш қурилмаси ишга туширилди.
Яқин тарихда аҳоли сони ортиши, кўп қаватли турар-жой биноларининг қурилиши, шунингдек, кўплаб корхона ва ташкилотларнинг вужудга келиши натижасида цехнинг иш ҳажми кенгайиб, иситиш тизими, газ таъминоти хизмати ҳам бир неча йиллар давомида цех таркибида бўлган ва асосий вазифаларидан бири шаҳар аҳолиси шунингдек, саноат корхоналарини иссиқ ва совуқ сув, газ билан таъминлаган.
Бир тасаввур қилиб кўринг-а, эрталаб уйғондингиз, ювиниш хонасига кириб жўмракни бурайсизу сув йўқлигини кўриб, кайфиятингиз тушади, агар ишга шошаётган бўлсангиз-чи, унда жиғибийрон бўлишингиз турган гап! Бу каби оддий бўлиб кўринган ва муаммосиз оқиб турган иссиқ ва совуқ сувнинг уйимизгача келишидан тортиб уйимиздан чиқиб кетишига қадар бўлган мураккаб технологик жараёнга цех ишчи-ходимлари масъулликни зиммаларига олганлар.
2010 йилда 3-сонли гидрометаллургия заводи ва ишлаб чиқариш қозонхоналарини табиий газ билан таъминлаш мақсадида, табиий газ магистрал қувури фойдаланишга топширилди. Уларга хизмат кўрсатиш ҳам иссиқлик, сув-газ таъминоти ва оқава сув цехи томонидан амалга оширилади. 2015 йил октябр ойидан “Энергия хизмати” қайта ташкил этилиб, саноат қозонхоналари цех таркибига ўтказилди. “Фойдаланиш”, “Жорий таъмирлаш”, “Иссиқлик автоматизацияси ва саноат ускуналари” бўлимлари билан сувни қуёш электр қурилмасида қиздириш қозонхонаси, 3-сонли гидрометаллургия заводи ва темир йўллари цехи қозонхоналарига хизмат кўрсатадиган иссиқлик тармоқлари бўлинмалари ташкил этилди.
2015 йилнинг IV-чорагида темир йўллари цехи қозонхонасида маънавий ва жисмоний эскирган ускуналар алмаштирилди, иккита замонавий КПа-10-0,7 қозонлари ўрнатилиб, 2016 йил апрел ойида сульфат кислотаси ишлаб чиқариш корхонаси худудида BOYLER қозонхонаси фойдаланишга топширилди.
Темир йўллари цехи қозонхонаси дея аталувчи иншоот ҳақида бироз тўхталиб ўтсам. Бир неча йиллардан бери йўл бўйидаги ушбу иншоот ёнидан ўтаман, бироқ, иншоот ичига кирмагандим. Ростини айтсам, бинодаги баҳайбат захира идишлари мени бироз чўчитди. Шундай маҳобатли бино ичида аёлларнинг ишлаши аввалига ҳайратлантирган бўлса, кейин, замонавий технологиянинг қулай ва осон ишлаши тўғрисида мутахассиснинг мухтасар тушунтирувидан сўнг, енгил тортдим. Ўйлаб кўрсам, қозонхона илмий, тиббий ва санитар томондан олиб қараганда ҳам, савобли ишга хисса қўшмоқда. Ватан иқтисодиётини мустаҳкамлаш йўлида меҳнат қилаётган ишчи-ходимларга хизмат кўрсатиб, уларнинг оиласи бағрига тоза-озода боришига сабабчи бўлмоқда.
Эътибор ва эътироф!.
Бу икки сўз аслида жуда оддий, бироқ ўзи билан олам-олам қувончларни етаклаб юради, эътибордан юксаласиз, елкангизда қўшқанот пайдо бўлади гўё! Эътирофдан куч оласиз, руҳингиз шижоат ва шиддатга тўлиб кетади. Яқинда ўзининг 60 йиллик юбилейини нишонлаган цех ишчи-ходимлари концерт дастуридан эътибор ва эътирофга тўлиб чиқишди.
Бир неча ходимлар “НКМК” АЖ раҳбариятининг юксак эътирофидан кўксиларида унвон, кўзларида қувонч ярқиради. Уларнинг ҳар бирига “Сизлар савобли ва муқаддас касб эгасисизлар!”, дегим келади. Зеро, ҳаётимизнинг асосий бўлаги бўлган, инсондек яшамоқлигимизнинг сабабчиси ҳам аслида уларнинг машаққатли меҳнати, тунни тонгга улаган бедорлиги ортидан келаётган оби ҳаёт - сувдадир!
Муйдинова Нилуфар,
ШКБ кадрлар бўлими мутахассиси.
Сарҳисоб (рубрика)