Биз бугун вақтнинг азим дарёдек шиддат билан ўтишига яна бир бор гувоҳ бўлиб, эски йилни кузатиб янги йилга қадам қўйдик. Ҳаммамиз гувоҳмиз, 2022 йил ҳам бутун дунё қатори юртимиз учун ҳам оғир ва мураккаб келди. Пандемия синовлари бизни тарк этмасидан яна дунёнинг турли нуқталарида нотинчликлар давом этди.
Мана шундай мураккаб вазиятга қарамасдан, мамлакатимиз иқтисодиётининг драйвери НКМК АЖ жамоаси қатори Шимолий кон бошқармаси ҳар бир ишчи-ходими ўз олдига қўйилган устувор вазифаларни сидқидилдан бажаришга эришди.
2022 йилни комбинатимиз раҳбарияти Учқудуқда “Кончилик ишлари йили” деб эълон қилган эди. Бу учқудуқлик кончилар қатори металлургларга ва ҳар бир соҳанинг ўз билимдонларига қўйилган юксак вазифа бўлди. Йил давомида Шимолий кон бошқармаси ишчи-ходимлари фидокорона меҳнати эвазига катта ўзгаришларни амалга ошириш, янги технологияларни ишга тушириш, мавжудларини модернизация қилиш, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш борасида узлуксиз ва тизимли бунёдкорлик ишлари жадал суръатларда олиб борилиши таъминланди. “Шарқий” ва “Даугизтау” конларида тоғ жинсини қазиб олиш ҳажми 100,8%, сульфидли маъдан қазиб олиш ҳажми 112,1% ва 3-сонли Гидрометаллургия заводига (3-ГМЗ) сульфидли маъдан юклаш ҳажми 102,1 % бажарилди.
Йил якунига етмасиданоқ, Шимолий кон бошқармаси комбинат бўлинмалари орасида биринчилардан бўлиб сульфидли маъдан қазиб олиш бўйича йиллик режани ҳамда олтин ишлаб чиқариш бўйича давлат буюртмасини муддатидан олдин бажаришга эришди. Албатта бундай пешқадамликни, билдирилган катта ишончни аҳил жамоамиз ҳалол меҳнати билан оқлаб келмоқда. Аслида учқудуқлик кончи ва металлурглар ҳар йўналиш бўйича маррани катта олишган.
2022 йилда Ўзбекистон тарихида иш бошлаган дастлабки конлардан бири, "Даугизтау” кони ўзининг 20 ёшли юбилейини нишонлади. Сульфидли олтин маъдан қазиб олиш карьерларининг иккинчи босқичи ишчи лойиҳаси доирасида иш олиб борилиётган “Даугизтау” конининг узунлиги 2735 м эни 1040 м ва 280 метрдан зиёд чуқурликка эга бўлиб, ундан фойдаланиш вақтидан бошлаб 210,5 млн. метр кубдан ортиқ тоғ жинслари қазиб чиқарилиб, таркибида олтин мавжуд маъдан заҳиралари ер бағридан 3- Гидрометаллургия заводига хом ашё сифатида етказиб берилди. Конда 2019-2021 йилларда инвестицион лойиҳалар доирасида замонавий ковшининг ҳажми 5,9 м3 бўлган “HITASHI EX-1200” русумли гидравлик экскаваторлар, Flexi ROC D55 бурғилаш ускуналари ва 91 тонна юк кўтаришга қодир бўлган KOMATSU HD-785-7R карьер автоағдаргичлари ишлаб чиқаришга тадбиқ этилди.
Kон ишларини бошқариш сифатини ошириш бўйича, "Шарқий" ва "Даугизтау" конларида диспетчерлик хоналарини замон талабига мос равишда реконструкция қилинди ва янги замонавий интерактив доскалар ўрнатилди. Ўтган йилда “Даугизтау” очиқ усулда қазиб олиш конида рекорд натижа қайд этилди, яъни 33,5 миллион метр кубдан ортиқ кон массаси қазиб олинди ва конда “Даврий узлуксиз технологияси”(ДУТ) мажмуаси магистрал конвейери 200 метрга узайтирилиб жами 1,73 км узунликни ташкил этди. Натижада оғир юк ташувчи автоағдаргичларнинг дизел ёқилғиси, мой маҳсулотлари, автошина ва бошқа турдаги товар-моддий бойликларнинг ортиқча сарфи олди олиниб, 2022 йилнинг 12 ойида 15,5 млрд. сўм тежаб қолинди.
Кейинги йилларда ШКБ кончи мутахассислари томонидан очиқ кон ишларида 30 дан ортиқ техник қарорлар ишлаб чиқилиб жами 93 млрд. сўмлик харажатлар иқтисод қилинишига эришилди.
2022 йил турли меҳнат ғалабалари қатори Шимолий кон бошқармаси кончилари ва механикларининг кўп йиллик изланишлари натижаси, яъни оғир RH 40Е, HITASHI EX-1200 кенг занжир тасмада ҳаракатланувчи гидравлик экскаваторларни ғилдиракли кўчириш қурилмаси амалиётга тадбиқ қилинди. Ўзбекистон кончилиги тарихида биринчи бор ушбу қурулма “Шарқий” очиқ усулда қазиб олиш конида ўрнатилган тартибда амалиёт синовидан ўтди. Бунинг натижасида ҳар йили 5 миллиард сўмга яқин пул маблағлар иқтисод қилинади.
Яна бир катта ҳажмдаги иш – ЭКГ-5А №35, ЭКГ-10 №26, ЭКГ-8И №38, ЭКГ-5А №16 экскаваторларининг гидравлика генератор-двигатель тизимидан транзисторли ўзгартиргич-двигатель тизимига модернизация қилиш орқали қўшимча электр энергияси истеъмолини камайтиришга эришилди. Бунинг натижасида ҳар бир экскаватор 1 метр куб тоғ жинсини юклаш учун сарфлайдиган электр энергияси сарфини 30 фоизга тежалишига эришилди.
3-ГМЗ учун 2022 йил сермаҳсул йил бўлди десак муболаға бўлмайди. Завод ишчи ходимларнинг тинимсиз изланишлари ва дадил саъй ҳаракатлари туфайли сульфид маъданларни қайта ишлаш режаси 102,4%га бажарилиб, ушбу кўрсаткичнинг 2021 йилга нисбатан ўсиш суръати 103,0%ни ташкил этди, олтин ишлаб чиқариш режаси эса 102,8%га бажарилди ва ушбу кўрсаткичнинг ўсиш суръати 2021 йилда эришилган натижага нисбатан 104,4%ни ташкил этди. Белгиланган режанинг муддатидан олдин бажарилиши, якунланган 2022 йилда 3-ГМЗда амалга оширилган чора-тадбирлар маҳсулидир.
Жумладан, 2022 йилда майдалаш цехининг 1-босқичида таснифлаш жараёнининг кўрсаткичларини ўзгартириш, кунлик сульфид маъданларни қайта ишлаш ҳажмини 2,0%га оширишга ва ишлаб чиқарилаётган тайёр маҳсулот миқдорининг ошишига замин яратди.
Бундан ташқари, куйдириш цехида куйдирилган маҳсулотни кислота билан ишлов бериш тизимининг рН ва ҳарорат кўрсаткичлари такомиллаштирилиши, натижада куйдирилган маҳсулотдан олтинни ажратиб олиш даражаси 3,0% га оширилишига эришилди. Биооксидлаш жараёнининг унумдорлигини ва технологик кўрсатгичларини барқарорлаштириш мақсадида мавжуд сув совутиш минорасининг бир қисми қайта реконструкция қилиниб ишга туширилди. Ушбу технологик ечим ўз самарасини кўрсатди ва ҳозирги кунда ушбу миноранинг қолган икки қисмини қайта реконструкция қилиш бўйича лойиҳалаш ишлари амалга оширилмоқда.
Олтинсизлантирилган фаоллаштирилган кўмирни қайта технологик жараёнда қўллашдан олдин унинг кичик ғовакчаларига ўрнашиб қолган тузлардан тозалаш мақсадида махсус реактивация печларда тикланиш жараёнидан ўтказилади. Реактивация жараёнининг самарасини янада ошириш мақсадида мавжуд икки дона эски турдаги печлар реконструкция қилинди ва фаоллаштирилган кўмирнинг тикланиш жараёни яхшиланишига эришилди.
Якунланган йил сўнгида “Инсонга эътибор ва сифатли таълим” йилига туҳфа сифатида 3- ГМЗ нинг “Сорбция, регенерация ва тайёр маҳсулот цехи” ва “Фильтрлаш, қуритиш ва куйдириш цехи” нинг ишчи ходимларига қулай шарт-шароитларни яратиш мақсадида, Хорижий сармоялар манзилли дастурига асосан, завод ҳудудида бўш турган бино 1 млрд. 700 млн. сўм эвазига Зарафшон қурилиш бошқармаси томонидан қайта реконструкция қилиниб, шинам ва замонавий маъмурий бино фойдаланишга топширилди.
2022 йилда Шимолий кон бошқармасининг кон жиҳозларини таъмирлаш цехи ўзининг 60 ёшли юбилейини тантанали нишонлади. Бугунги кунда кон жиҳозларни таъмирлаш цехи ишлаб чиқариш узлуксизлиги ҳамда, механизмларнинг бир маромда ишлаши учун эҳтиёт қисмларини тайёрлаш ва таъмирлаш билан ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Шимолий кон бошқармаси ишлаб чиқариш қувватларидан тўлиқ ва самарали фойдаланиш орқали бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар, материалларни ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ҳамда импорт ҳажмини пасайтириш бўйича изчил чора-тадбирлар цехда амалга оширилмоқда. Бунда асосий эътибор, кон-металлургия соҳаси ишлаб чиқариш жараёнларига берилган рационализаторлик таклифлари ҳамда инновацион изланишларни тадбиқ этишга қаратилган.
Кон жиҳозларини таъмирлаш цехи томонидан 2022 йилда жами 65 млрд. 461 млн. сўмлик 115 229 дона маҳсулотлар таъмирлаб берилди. Шундан 2022 йил давомида импорт ўрнини босувчи ва маҳаллийлаштириш дастуридан 1 млрд.610 млн сўмлик маҳсулотлар тайёрланди, 2023 йил учун 3 млрд. 561 млн сўмлик лойиҳа дастури ишлаб чиқилди ва ҳозирги кунда ушбу ишлар амалга оширилмоқда.
Ишлаб чиқариш корхоналарида истиқболли энергия самарадорлигига эришиш, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш бугун давлатимиз раҳбарининг ҳам талаби бўлмоқда. Шимолий кон бошқармаси комбинат миқёсида сув ресурслари, табиий газ истеъмоли ҳажмлари бўйича кон бошқармалари ичида йирик истеъмолчилардан бири ҳисобланади. 2022 йил ҳисобида ШКБ томонидан бўлинмалар учун режалаштирилган сув ресурсларини 1,603 млн.м3 ҳажмдаги ичимлик сувини иқтисод қилиш ҳисобига 12,2 млрд. сўм, 2,03 млн.м3 техник сувни иқтисод қилиш ҳисобидан 10,6 млрд. сўм, шунингдек, “Иссиқлик манбаи” давлат унитар корхонасидан олиниши режалаштирилган ичимлик сувидан 112,8 минг.м3 тежалиши ҳисобига 2,7 млрд. сўм ва 2968 г.кал иссиқлик энергияси тежалиб, 2,4 млрд. сўмлик маблағ иқтисод қилишга эришилди. Ушбу рақамлар ортида, эса 2022 йилда ўзининг 60 йиллик юбилейини нишонлаган иссиқлик, сув-газ таъминоти ва оқава суви цехи тажрибали мутахассисларининг машаққатли ва масъулиятли меҳнати турибди.
Шимолий кон бошқармасида 2022 йил давомида 1 603 128 кВт электр энергия тежалди ва 135 дона қуёш панелли кўча ёритиш чироқлари бўлинмаларда ўрнатилди. Ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг муҳим омили бўлган энергетика тизимини модернизация қилиш, соҳага замонавий технологияларни татбиқ этиш, муқобил манбалардан кенгроқ фойдаланиш борасида бир қатор ишларни амалга ошириш бўйича дастур тузилди.
Шимолий кон бошқармасининг ишлаб чиқариш бўлинмаларига 2023 йил давомида 739 дона қуёш сув иситгичларини ўрнатиш режалаштирилган. Бугунги кунда ИСГТваОСЦга қарашли темир йўл цехи қозонхонасига 490 дона, 1-сонли автокорхонага 60 дона, КЖТЦга 90 дона сув иситгичлар ўрнатиш ишлари бошланди. Бу нафақат тежамкорлик балки ишчи-ходимлар учун муносиб иш шароитларининг яратилишига ҳам имкон яратади.
Юксак марралар учинчи Ренессанс пойдевори яратилаётган янги Ўзбекистонда янгича тафаккур ва янгича шижоат билан меҳнат қилишни тақозо этмоқда. Ана шундай меҳнат қилаётганларнинг пешона териси муносиб баҳоланаётганлиги бизни доим қувонтиради.
Энг қувонарлиси ўтган йил 8 март арафасида республикамизда кўплаб хотин-қизлар давлат мукофотлари билан тақдирланди. Улар орасида Шимолий кон бошқармаси “Шарқий” очиқ усулда қазиб олиш конининг “Занжирли кон экскаваторлари ҳамда бурғулаш ускуналарини таъмирлаш ва йиғиш бўлинмаси” кран машинисти Башорат Турсунова “Меҳнат шуҳрати" ордени билан тақдирланди. Йил сўнгида 3-сонли ГМЗ цех устаси- Гулжамила Турганбаева “Йил аёли” миллий танловнинг Республика босқичида “Ўз касбининг устаси бўлган йил аёли” йўналишида ғолиб, деб топилди.
Ҳурматли Юртбошимизнинг доно сиёсати туфайли халқимиз қатори учқудуқликлар ҳам тинч, осойишта, фаровон ҳаёт кечирмоқда. Ишчи-ходимларимиз орзу ниятларига етишиш учун юрт истиқболи йўлида ана шундай фидокорона меҳнат қилмоқда. Фарзанд ва невараларини тарбиялаб камолини кўрмоқда. Инсон учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак!
Шимолий кон бошқармаси ахборот хизмати