Бирлашган миллатлар Бош ассамблеясининг қарорига кўра, 1997 йилдан буён 16 ноябрь ҳар йили бутун дунёда “Халқаро бағрикенглик куни” сифатида нишонланиб келинади.
Бу санани Ўзбекистонда нишонлаш ҳам яхши анъанага айланган. Шу йилнинг 15-20 ноябрь кунлари юртимизда Халқаро бағрикенглик кунига бағишланган миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик ҳафталиги ўтказилмоқда.
Жумладан, Учқудуқ туманида ҳам ҳафталик доирасида давра суҳбатлари, учрашувлар, кўргазма ва тақдимотлар ҳамда бошқа маданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири Учқудуқ туманидаги 4-умумий ўрта таълим мактабида "Бағрикенглик тимсолисан Ўзбекистон!" мавзусида ўтказилиб, аҳоли, айниқса ёш авлодни республикамизда яшаб турган турли миллат ва элат вакилларининг тили, маданияти, анъаналари ва урф-одатларини сақлаш ҳамда ривожлантиришга, мамлакатимиз тараққиётига ўз ҳиссасини қўшишга, жамиятда кўп миллатли катта оила туйғусини, миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Миллий либослардаги турли миллат йигит ва қизлари тадбирга ташриф буюрган меҳмонларни залга таклиф этиб, тадбирга байрамона руҳ бағишлади. Миллий таомлар кўргазмаси ва концерт дастури намойиш этилди.
Тадбирда туман ҳокимлиги дин ишлари бўйича бош мутахассиси Баҳодир Каримов, туман маънавият ва маърифат бўлинмаси раҳбари Жанагул Булекбаевалар иштирок этди ва сўзга чиқди.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.