“Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!” шиори остида Учқудуқ туманида ҳам хайрия тадбирлари ўтказилмоқда.
Учқудуқ тумани ҳокимлиги ва ташаббускор ҳомийлар кўмагида тумандаги эҳтиёжманд, ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларнинг 4 нафар фарзандига суннат тўйи 1 нафарига мучал тўйи ҳам ана шундай хайрия тадбирлардан бири бўлди.
Байрам туҳфаси сифатида ўтказилган тўй тантанаси очилишида сўз олганлар томонидан мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
Тўй тантанасида тўй болаларнинг ота-оналари, қариндош-уруғлари, маҳалла фаоллари, меҳнат фахрийлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Болажонларнинг суннат тўйлари тўкин дастурхон, ўзига хос, миллий анъаналаримиз асосида ўтказилганлиги тўй болалар, уларнинг ота-оналари қалбига қувонч ҳадя этди, табрик ва қутловлардан барча беҳад мамнун бўлди.
Тўй болаларнинг ҳар бирига велосипед, турли ўйинчоқлар, ширинликлар ҳамда сарполар совға қилинди.
-Имкониятимиз йўқлигидан фарзандим Жасурбекка тўй қилолмаётган эдик, мана шундай хайрли ишларнинг ташаббускори бўлган барча-барчага раҳмат. Ўғлим қаторида яна уч нафар боланинг тўйи бекаму кўст ўтказилди. Бунга беадад шукрлар қиламан, эътибор ва ғамхўрликдан беҳад мамнунман, – дейди Васила Жабборова.
Суннат тўйида туман маданият бўлими санъаткорларининг чиқишлари барчага хуш ва байрамона кайфият улашди.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.