Учқудуқ туманида 3 - 7 ёшгача бўлган болаларнинг боғчага қамровини ошириш мақсадида мактабгача таълим муассасаларининг турли шакллари фаолияти йўлга қўйилган. Жумладан, оилавий уй-боғча очиш қулайлиги, хонадон аъзосининг иш билан таъминланиши ва бошқа имтиёзлари билан ҳам ҳар жиҳатдан фойдали.
Эътиборли жиҳати, ҳозирда туманда 35 та давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолият юритаётган бўлса, уларнинг 18 таси уй боғчалари ҳисобланади.
Бугун яна бир ана шундай уй-боғча «Айтим» маҳалласида фойдаланишга берилди. «Само юлдузлари» деб номланган оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти 50 нафар кичкинтойни ўз бағрига олди.
Муассасанинг очилиш маросимида Учқудуқ туман ҳокими биринчи ўринбосари Д.Шакаров иштирок этиб, ҳурматли Президентимизнинг мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, айниқса, чекка қишлоқ, овул ва туманларига бераётган эътибори, соҳани ривожлантиришга доир қабул қилинаётган ўнлаб ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида тўхталиб ўтди.
-Бугун фаолияти йўлга қўйилаётган уй-боғча маҳалламиздаги 4 муассаса бўлиб, маҳалла болалари учун улкан совға бўлди, - дейди маҳалла фаоли Ҳикмат ота Ҳакимов.
- Кўриб гувоҳи бўлганингиздек, янги муассасада болаларни ҳар томонлама баркамол тарбиялаш, мактабга тайёрлаш учун барча шароитлар яратилган. Муассасада таълим ўзбек ва рус тилларида олиб борилади, ўнга яқин тўгараклар фаолияти йўлга қўйилади. 6 нафар опа-сингилларимиз доимий иш ўрнига эга бўлишгани янада қувонарли, - деди муассаса раҳбари Гулмира Бойжонова.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ