LOTIN-КИРИЛЛ

НУР УЛАШГАН – ПАНИН БУВА!

    Чарх уриб айланаётган дунёда кифтингга ортмоқлаганинг, қалбингга тўлдирганинг нур бўлсин экан! У жуда нуроний, камтар ва меҳнатсевар инсон эди. Қайси бир жойга бормасин ўзи билан нур таширди гўё! 

    Баъзан кадрлар бўлимига бирор юмуш билан келса албатта хонамга йўл солиб ўтарди. Ташрифидан хонам ҳам, кўнглим ҳам ёришиб кетарди! 

...“Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони уни сира камтарликдан узоқлаштирмаган, шундай кичиккўнгил, камсуқум, камтар эди бизнинг Панин бобо! Ўзи ҳам, экскаватори ҳам кончи-азаматларга яхши таниш. Телевизор орқалими, расмдами кўришса ҳамон “Паниннинг экскаватори” дея ифтихор қилишади! Футболчилар эса қаҳрамон билан бир майдонда тўп суриш юксак фахр эканига ғурурланиб-ми, ижтимоий тармоқдаги асосий расмларига у билан биргаликда тушган суратларини юклашган. Менинг эса улуғларни кўрган нуроний дея, ёнимиздан ўтган афсонамиз, дея ғурурлангим келади! 

    Офтобнинг қайноқ тафти, совуқнинг аччиқ изғиринлари Учқудуқни, унинг кон хазиналарини “сийламай” ўтмайди. Ёзнинг жазирамасию қишнинг аёзида шаҳар марказидан 35 километр узоқликдаги кон қазилмаларида меҳнат қилиш осон иш эмас. Тиллони қаттиқ “қучиб” олган замин олтинини осонликча бермайди: ёз тафтидан саримойдек эрибтурса-да, жазираманинг тандирдек оташи меҳнатни оғирлаштиради. Қишда эса тупроқ тошдек қотиб, аёз бор заҳрини сочади. 

  Анатолий Николаевич ана шу табиат инжиқликлари ичида меҳнат қилиб ҳурмат топган инсонлардан эди. Қалби яхшиликка лиммо-лим тўлиқлигидан кўзларидан яхшилиги тўкилиб турарди.

      Анатолий Николаевич Панин мустақилликнинг илк йиллариданоқ Республикамиз мустақиллигини мустаҳкамлаш йўлида фаол меҳнатга бел боғлаган кончилардан. “Тоғ электромеханикаси” мутахассислиги бўйича таҳсил олган Анатолий Николаевич 1970 йилдан 2021 йилга қадар НКМК Шимолий кон бошқармасининг очиқ усулда қазиб олиш “Шарқий кони” да экскаваторчи бўлиб ишлаган, маъдан яширинган катта-катта харсанглар бағрини ўйиб-парчалаб ватанимизнинг олтин хирмонига хисса қўшган.

    Тоғ-кон саноатидаги фидоий меҳнатлари сабаб бир неча бор давлат мукофотлари билан тақдирланган. Бир пайтлар кўксига бирам ярашиб турган “Олтин Юлдуз”и ҳам пок меҳнатларининг самараси эди!

    У нафақат кончилик соҳасида, балки спортда ҳам бошқаларга намуна бўлган фидойи футболчи эди. Бир қанча тўпсурар шогирдлари билан туман, вилоят ва ташкилотлар ўртасидаги ўйинларда фаол қатнашган. Қайси яшил майдонда тўп сурмасин, ёш авлодга маданияти, ахлоқи, фидоийлиги билан ўрнак бўлган. Футбол командасидаги ҳар бир бола учун, унинг келажак тақдири, саломатлиги учун курашган инсон. 

   Бугун ҳам “Лочин” ўйингоҳи ёнидан ўтарканман, митти-митти, кичкинтой футболчи болажонларнинг Анатолий Николаевични ўзаро “Панин бува” деб аташгани ҳали ҳам қулоқларим остида жаранглайди. Улкан ҳурматга, болаларча беғуборликка, меҳрга, суғорилган “Панин бува” атамаси менга севимли адибим Ойбек домланинг болалигидаги “Фанорчи ота”сини эслатади - катта-кичикнинг йўлларини бетаъма ёритувчи, мўмингина фанорчи отани!  

    Панин бувамни эслаб ўйлаб қоламан: Ажаб! Қайси вақт, қайси замон бўлмасин, қайси дин, қайси миллат бўлмасин, одамлар кўнглини, йўлини, умрини ёритувчиларнинг юмуши бир хил экан - нур улашиш, нур ташиш... 

Нилуфар МУЙДИНОВА,

ШКБ кадрлар бўлими муҳандиси.

 

O'qilgan: 490 bora

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: