Шимолий кон бошқармаси маънавий - маърифий ишлар бўйича кадрлар бўлими бошлиғи ўринбосари Бадалов Умирзоқ Нормуродович ҳамроҳлигида туманда жойлашган Шимолий кон бошқармасига қарашли “Кончи” сиҳатгоҳи билан танишиш мақсадида бу ерга ташриф буюрдик.
Шифо масканига киришимиз биланоқ, кўм-кўк дарахтлар, бир қатор ўриндиқлар, ҳовли саҳнидаги фаввора ва сунъий шаршара бизда катта таассуротлар қолдирди. 1968 йилда ташкил этилган сиҳатгоҳ биноси 2018 йилда капитал таъмирдан чиқарилиб, тўлиқ фойдаланишга топширилган.
Муассаса 90 ўринга мўлжалланган бўлиб, бир вақтнинг ўзида 106 кишининг дам олиши ва даволаниши учун шароитлар яратилган.
- Сиҳатгоҳ ренит, бронхит, остеохондроз, умуртқа поғонаси грижаси каби 100 дан ортиқ касалликларда қўлланиладиган 20 га яқин янги замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Шунингдек, физиотерапия, магнит терапияси, лазер терапияси, лемфотренажор ва сув муолажалари ҳам олиб борилади, - деди муассаса даволовчи врачи Дилора Тўхтабоева.
Бизни қувонтиргани дам олиш масканидаги катта кутубхона бўлди. Рус тили, ўзбек тили ҳамда қозоқ тилидаги бадиий - илмий адабиётлар, газета ва журналлар мутолаа учун мўлжалланган сокин залда жамлаб қўйилган.
-7 кун бўлди бу ерга келганимга ҳам даволанаяпман, ҳам дам олаяпман. Шифо масканидаги яратилган шарт-шароитлар, даво муолажалари, хизмат кўрсатаётган ходимларнинг муомаласи менга жуда ёқди, - дейди ШКБ темир йўл цехи ҳаракатдаги тартибни таъминловчи чилангари Салимжон Делов.
Сиҳатгоҳ фаолияти билан танишиш жараёнида дам олувчиларнинг аксарияти спорт залида стол тенниси, бильярд ўйинлари билан машғул эканлигининг гувоҳи бўлдик. Тренажер зали, сунъий қопламали мини футбол стадиони ҳам аҳоли хизматида.
Бундай спорт машғулотлари ва даво муолажалари давомида дам олувчиларнинг тўғри ва сифатли овқатланишлари ҳам жуда муҳим. Шу боис навбатдаги манзилимиз шу масканнинг овқатланиш хонаси бўлди. 80 ўринга мўлжалланган бу шинам ошхонада нонушта соат 06:00 дан 09:00 га қадар, тушлик 12:00 дан 14:00 гача ва кечги овқат 17:30 дан 19:30 гача давом этади. Айниқса, рўзаи Рамазон ойида рўзадор дам олувчилар учун саҳарлик ва ифторлик таомлари тайёрлаб берилаётганлиги таҳсинга лойиқ.
- Шимолий кон бошқармаси ишчи ходимларига қулайликлар яратиш мақсадида ишдан оиладан ажралмаган ҳолда келиб муолажаларни олиб, истасалар яна уйларига кетишлари ва эртасига яна келишлари мумкин, - дейди биз билан суҳбатда муассаса раҳбари Елена Александровна. –Корхона ишчи-ходимлари ва нафақада бўлган собиқ ходимлар 14 кунлик дам олиш ва даволаниш учун бор – йўғи 62 000 сўм тўлайди.
Бошқа дам олувчиларнинг тўловлари билан қизиқдик. Агар сиз Шимолий кон бошқармасида ишласангиз, турмуш ўртоғингизнинг 14 кунлик тўлови 2 182 000 минг сўм, бу тизимга умуман алоқаси бўлмаган дам олишни хоҳловчилар учун эса тўлов миқдори 3 800 000 сўмга тенг экан. Яна бир жиҳат, эндиликда сиҳатгоҳ бошқа ҳудудлардан ҳам меҳмонларни қабул қилишга тайёр эканлиги яхши янгилик бўлди.
“Кончи” сиҳатгоҳига ташрифимиз давомидаги таассуротларимиз билан ўртоқлашадиган бўлсак, Қизилқум бағрида жойлашган Учқудуқда ана шундай бетакрор, инсонни баҳри дилини очадиган жаннатмакон гўша борлигидан беҳад шод бўлдик.
Ўз соғлигига беэътибор бўлмаган сиз азиз юртдошларимизни барча-барчани “Кончи” сиҳатгоҳига таклиф этиб қоламиз!
Дилноза ТОШНИЁЗОВА.