Мамлакатимизда сўнгги йилларда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини шакллантириш, чекка ҳудудлар аҳолиси учун муносиб турмуш шароитларини яратиш борасида кенг миқёсли ишлар амалга оширилмоқда.
Буни биргина Учқудуқ тумани мисолида айтадиган бўлсак, олис овуллар инфратузилмасини яхшилаш, аҳолининг ҳаёт ва яшаш даражасини ошириш, ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган “Обод қишлоқ” давлат дастури доирасида “Қулқудуқ”, “Мингбулоқ”, “Узунқудуқ”, “Шалхар”, “Йўлчилар”, “Бузаубай” ва “Кокаяз” сингари овулларда бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди.
Жумладан 2017-2021 йиллар давомида 35,8 км. ичимлик сув қувурлари тортиш ва реконструкция қилиниши натижасида 6 та аҳоли пунктида 27 км узунликда тоза ичимлик суви билан таъминланди. Ушбу даврда 10 км электр тармоқлари реконструкция ва модернизация қилиниб, электр энергия таъминоти тўлиқ ечилди.
Шунингдек, 18 км. автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилди. Ўнлаб мактаб, мактабгача таълим ташкилоти, қишлоқ оилавий поликлиника, овул фуқаролар йиғини биносида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди.
Ёки бўлмаса, 2 та мактабгача таълим ташкилоти, 1 та қишлоқ оилавий поликлиника, 2 та овул фуқаролар йиғини биноси, 1 та сунъий қопламали майдон бутунлай янгидан бунёд этилди.
Мазкур ишларни амалга ошириш учун 2018 йилда – 8168,7 млн. сўм, 2019 йилда – 24259, 1 млн. сўм, 2021 йилда – 11971,0 млн. сўм миқдорида бюджет маблағлари сарфланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 декабрдаги “Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Учқудуқ туманида ҳам 14 нафар ҳоким ёрдамчилари фаолияти йўлга қўйилган.
Улар томонидан йил бошида тумандаги мавжуд 10 457 та хонадон 100 фоиз хатловдан ўтказилди. Бугунги кунда туман овулларида 2177 та хонадонда 7576 нафар аҳоли истиқомат қилади.
Хатлов натижаларига кўра 4 тоифага ажратилди. Биринчи тоифа – даромади кам, бироқ даромад топишга ҳаракат қилаётган хонадонлар 79 тани ёки 4,1 фоизни ташкил қилади.
Иккинчи тоифа – доимий даромадга эга, қўшимча даромад топиш истагида бўлган хонадонлар 1043 тани ёки, 53,9 фоизни ташкил қилади.
Учинчи тоифа – ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган ва ўзига тўқ хонадонлар 730 тани ёки 37,7 фоизни ташкил қилади.
Жорий йил январь-март ойларида 62 нафар овуллар фуқароларига оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 1896,5 млн. сўм миқдорида кредит ажратилди.
Жумладан, қишлоқ хўжалиги йўналишига 1784,0 млн. сўм, шундан майда шохли чорва моллари учун 111,5 млн. сўм, туячилик учун 120,0 млн. сўм, йилқичилик фаолиятини йўлга қўйишга 549,0 млн. сўм йўналиштирилди. 112,5 млн. сўм маблағ хизматлар соҳасини ривожлантиришга ажратилди.
Ушбу рақамларни ҳудудлар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, Шалхар ОФЙ – 399,8 млн. сўм, Мингбулоқ ОФЙ – 303,6 млн. сўм, Йўлчилар ОФЙ – 305,1 млн. сўм, Кокпатас МФЙ – 248,8 млн. сўм, Узунқудуқ ОФЙ – 245,6 млн. сўм, Алтинтау ОФЙ – 207,0 млн. сўм, Боздун ОФЙ – 117,4 млн. сўм, Кокаяз ОФЙ – 75,2 млн. сўм маблағлар мазкур ҳудудлардаги фуқароларга имтиёзли кредит асосида ажратилди.
Иш излаётган 159 нафар фуқаронинг 13 нафари доимий ишга жойлаштирилган бўлса 63 нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинган.
Овулларда истиқомат қилаётган аҳоли асосан чорвачилик йўналишини яхши ўзлаштирганлиги боис, 93 та хонадонга 2772,2 млн. сўм ҳисобига 1656 бош қўй ва эчки тарқатилди. Бу ишлар ҳали давом эттирилади.
Шунингдек, Бандликка кўмаклашиш мақсадли жамғармаси ҳисобидан 13 нафар фуқарога иссиқхона ташкил этиш, меҳнат қуроллари сотиб олиш ҳамда ҳунармандчиликни йўлга қўйиш учун 54,0 млн. сўм миқдорида субсидия ажратилди.
Жумладан, Алтинтау овулидан “Ёшлар дафтари” га киритилган Жанна Оринбасарова, Рзагул Қожабекова, Мингбулоқ овулидан Молдир Ерназароваларнинг олий таълим муассасаларида ўқиш учун шартнома пулининг 50 фоизи тўлаб берилган.
Кокпатас маҳалласидан Азизбек Бердиёров, Олег Абдиғаниев, Аброр Ҳамроев, Мафтуна Расулова, Шалхар овулидан Камшат Ерғалиеванинг ҳайдовчилик гувоҳномасига ўқиш пулларининг 75 фоизи тўлаб берилган.
Алтинтау овулидан Аружан Смагулова, Мингбулоқдан Зуҳра Жумамуратовага субсидия асосида тикув машинкаси берилган бўлса, Амангелди Улғасбаевга сафарбарлик чақируви резерви учун тўлов суммаси тўлаб берилди.
Туман марказидан олисда жойлашган овуллар аҳолисини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларга кўрсатилаётган кўмаклар хусусида кўплаб мисолларни келтириб ўтишимиз мумкин.
Бундан ташқари, овуллар аҳолиси ёшлари ва аёллари нафақат иқтисодий томондан қўллаб-қувваланмоқда, балки улар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, билим ва кўникмаларини ошириш, истеъдод ва салоҳиятларини рўёбга чиқаришга доир бир қанча спорт мусобақалари, маърифий-маданий тадбирлар ҳам ўтказиб келинмоқда. Ушбу беллашувларда фаол иштирок этаётган ёшлар мунтазам рағбатлантирилмоқда.
Минг йиллар давомида маънавий ҳаётимизнинг кўрку зийнати бўлиб келаётган янгиланиш ва яшариш айёми – Наврўзи олам олис овулларимизда ҳам муносиб тарзда нишонланди.
Барча овулдошларни миллий ва баҳорий таомлар билан безатилган дастурхон атрофига бирлаштирган халқ сайлларида қадимий қадрият, урф-одат ва анъаналар намойиш этилди. Спортнинг миллий кураш, арқон тортиш, тош кўтариш, армрестлинг турларидан беллашувлар бўлиб ўтди.
Айниқса, Мингбулоқ, Боздун овулларида улоқ-кўпкари мусобақалари ташкил этилганлиги ёшлар ўртасида миллий халқ ўйинларини ифода этган от спортига бўлган қизиқиш тобора ортиб бораётганидан далолатдир.
Дарҳақиқат, Янги йил – Наврўзнинг юртимизда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва бунёдкорлик, хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни миллий анъаналаримизга садоқат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтиришдаги ўрни беқиёсдир.
Юқорида қайд этилган тадбирлардан кўзланган мақсад юртимизда рўй бераётган ўзгаришлар, олиб борилаётган саъй-ҳаракатларнинг барчаси аввало инсон қадрини улуғлаш ижтимоий кўмакка муҳтож аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдан иборатдир.
Албатта, Учқудуқ туманида аҳолини айниқса марказдан олисда жойлашган овуллар аҳолисини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий қўллаб-қувватлашни кучайтиришга доир ишлар бундан кейин ҳам изчил амалга оширилади.
Райҳон ҚОДИРОВА,
махсус мухбиримиз.