Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Ўлкамизга ойларнинг султони, Аллоҳнинг муборак китоби — Қуръони карим нозил бўлган ой моҳи Рамазон ташриф буюрди. Бу ой Қуръон, тақво, барака, раҳмат, мағфират ойидир. Шу боис, бутун дунё мусулмонлари бу табаррук ойни солиҳ амаллар ва Аллоҳ розилиги йўлидаги ибодатлар ойига айлантиради.
Рамазон ойи гуноҳлардан ювилиб, дўзахдан паноҳ бўладиган ой. Ҳақ таоло барчамизни мана шундай муборак ойга насиб этиб турибди. Расулимиз алайҳиссалом марҳамат қилиб айтадиларки: “Рамазон ойи кирганда жаннат эшиклари очилади, жаҳаннамга қулф солинади ва шайтонлар кишанланади.” (Имом Бухорий). Шу боис, ҳар йили юртдошларимиз ушбу ойни кўтаринки кайфият, ўзгача шукуҳ, алоҳида тайёргарлик ва катта хурсандлик ила кутиб олади.
Аллоҳга шукрки, масжидларда мўмин-мусулмонлар билан таровеҳ намозларини адо этамиз, хатми Қуръон ўқиймиз, юртимизга қут-барака ёғилишини Ҳақ таолодан сўраймиз.
Бунинг учун барча шароитлар яратилган, имкониятлар етарли. Энг муҳими, икки бебаҳо неъмат ҳаётимизни, турмушимизни файзиёб қилиб турибди. Булар – юртимиз тинчлиги ва халқимиз саломатлиги. Расулимиз Муҳаммад (с.а.в) “Икки неъмат борки, кўпчилик унинг қадрига етмайди. Булар сиҳат-саломатлик ва тинчлик-хотиржамликдир”, дедилар.
Тинчлик бўлмайса, тўй татимайди, дейди доно халқимиз. Шукрки, мамлакатимизда тинчлик-хотиржамлик ҳукм сурмоқда. Рамазон рўзасини тутиш, ибодатларда собит бўлиш учун давлатимиз томонидан барча шароит ва имкониятлар яратилган.
Рамазон фазилати ҳақида Салмон (розияллоҳу анҳу) қилган ривоятда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “У аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзахдан озод бўлиш фурсати бўлган ойдир”, деганлар.
Моҳи Рамазонда адо этиладиган солиҳ амаллар эвазига мўмин-мусулмонлар жуда катта ажр-савобларга эришади. Рамазон ойида Аллоҳ таоло фарз қилган рўза тутилади, масжидларда таровеҳ намозлари адо этилади, хатми Қуръон ўқилади.
Рамазон – Қуръон ойи. Аллоҳ таолонинг каломи айнан шу ойда нозил бўлган. Ҳақ таоло бундай дейди: “Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят манбаи ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир” (Бақара сураси, 185).
Тафсир китобларида келишича, Қуръони карим Рамазон ойининг Қадр кечасида Лавҳи маҳфуздан дунё осмонига туширилган. Сўнгра йигирма уч йил давомида воқеа ҳодисалар ривожига мувофиқ равишда бўлиб-бўлиб Пайғамбаримизга индирилган.
Рамазон — хайр-саховат ойи. Пайғамбаримиз бу ойда бошқа ойларга қараганда янада сахийроқ бўлиб кетардилар. Рамазон инсонларни ўзаро меҳр-оқибатли бўлишга, кексалар ва беморлар, яқинлар ҳолидан хабар олишга, муҳтожларга хайр-саховат қилишга чақиради. Шу орқали шахсда меҳрибонлик, хокисорлик, бағрикенглик фазилатларини тарбиялайди.
Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “...Бирор нарсани (муҳтожларга холис) эҳсон қилсангиз, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У ризқлантирувчиларнинг яхшисидир” (“Саба” сураси, 39-оят). Бинобарин, карамли инсон ҳеч қачон зиён кўрмайди, мол хайр-эҳсон қилиш билан камаймайди, балки савоб кўпаяди, Рамазон баракотидан исломий шахсият тўкис бўлади.
Ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.) нинг бир ҳадиси шарифида рўзадорнинг сифатлари зикр этилиб, рўзадорнинг дуоси мақбулдир, дейилди. Чунки инсон Аллоҳ таоло учун нафсининг орзуларини тарк этгани боисидан дуоси ижобат бўлади. Шунинг учун ҳам бу қутлуғ ойда чин қалбдан, ич-ичдан, дунё ва охират саодатини астойдил сўраб дуолар қилишимиз керак.
Рамазони шариф ҳар бир хонадонга, жонажон юртимизга қут-барака, соғлик-омонлик ва бахту саодат ҳамда файзу шукуҳ олиб келсин!
Барчамизга фазилатли Рамазон ойи муборак бўлсин!
Абдижалол ТУРДИЕВ,
“Қизилқум” жомеъ-масжиди имом-хатиби.